Бош саҳифа » Тошкентнома » Кўкча даҳаси. Маҳаллалар

Кўкча даҳаси. Маҳаллалар

Аллон ҳозирги Олмазор туманидаги маҳалла ва кўча. 1988 йилнинг ўрталарида Тошкент шаҳар топонимик комиссиясининг мажлисларидан бирида Аллон кўчаси оқсоқолларининг кўчаларини бесабаб «Сберкасса» қилиб ўзгартирганлари ва ўз тарихий номини қайтаришларини сўраб ёзган шикоятлари кўриб чиқилди. Шу масала бўйича сўзга чиққан навоийшунос олим Ёқубжон Исоқов икки хил фикрни айтди:

1. Маҳмуд Қошғарий ижодида Олон сўзи учрашини ва у шаҳар чеккаси деган маънони билдиришини:

2. Беруний асарларида II—VII асрларда мамлакатимиз ҳудудида Олон қабиласи яшаганлиги, кейинчалик улар Кавказ томонларга кўчиб кетганлиги ҳақида маълумот борлиги ва ҳозирги осетинлар ўша олон қабиласига мансуб деган фикрни билдирди. Мажлис қарори билан иккинчи фикр тасдиқланиб, кўчага ўз тарихий номи қайтарилди.

Қомусий маълумотларга қараганда, ҳақиқатан ҳам олонлар Шимолий Кавказнинг маҳаллий этногенезида ҳамда маданиятининг вужудга келишида муҳим роль ўйнаган. Осетин халқининг шаклланишида нафақат олонлар, шунингдек, сарманлар ва скифлар ҳам иштирок этган. Аммо олонларнинг мамлакатимиз ҳудудидан кўчиб борганликлари ҳақидаги маълумот Берунийдан бошқа муаллифларда учрамади.

Муҳаммад Солиҳнинг «Тошкентнинг янги тарихи» номли асарида ҳам Олон қабила номилиги эслатиб ўтилган. Баъзи атамашунослар бу Оқилон сўзининг ўзгарган кўриниши бўлса керак, деган фикрни билдирадилар. Ҳатто маҳалла ва мавзелар рўйхатида Оқилон (Олон) тарзида ёзилган.

Тўқли жаллоб маҳалласи Тепа, Сурат, Чиғатой, Қўштут каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Маҳалла аҳолисининг кўпчилиги мол савдоси билан шуғулланган. Маҳалла номининг келиб чиқиши шу асосда вужудга келган.

Маҳкама маҳалласи. Ҳозирги Чорсу бозорининг марказида жойлашган қадимий маҳаллалардан бири бўлган. Маҳалла бозорнинг Бешёғоч, Кўкча, Себзор даҳалари туташган ҳудудда жойлашган бўлганлиги учун ҳар учала даҳа рўйхатида Маҳкама маҳалласи номи учрайди. Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Тошкент икки қисмга бўлиниб, эски ва янги шаҳар номларида бўлган. Эски шаҳарнинг бошқарув маъмуриятининг идораси яъни маҳкамаси шу маҳалла ҳудудида бўлганлиги учун шундай ном берилган.
Маҳалладаги ўтган асрнинг 70-йилларигача мавжуд бўлган масжид Маҳкама масжиди номи билан машҳур бўлган. Масжид биноси буздириб юборилди, ўрнига дорихона қурилди, дорихона ҳам бузиб ташланди, ўрнига “Тоҳир ва Зуҳра” савдо маркази қурилди. Савдо маркази ҳам бузилиб, ўрнида ҳозирги ёпиқ бозор қурилиши бошланди. Ёпиқ бозор қурилиши кўп йиллар битмай ташлаб қўйилди. Ниҳоят, мустақиллик йилларида ниҳоясига етди.

Буйрабозор маҳалласи. Чорсу бозорининг Кўкча даҳаси ҳудудидаги маҳалла. Маҳалла аҳлининг асосий қисмининг иши тўқайдан қамиш ўриб келиб буйра тўқиш бўлган. Номи шундан. Буйра хонадонларда ердан зах ўтказмаслиги учун палос(шолча, тўшанчи) тагига тўшалган. Ҳозир буйра тўшалган уйлар деярли қолмаган. Шунинг учун, буйра нималигини кўпчилик билмаслиги мумкин.

Чимбой маҳалласи. Чимбой ўзбек уруғларидан бири, Дашти қипчоқда яшаб XVI асрда ўзбек қабилалари таркибида Моворауннаҳрга келиб ўрнашганлар ва тез орада ўтроқ ўзбеклар таркибига сингиб кетганлар. Маҳалла ҳудудида Чимбой қабиласининг айрим уруғлари яшаганлиги туфайли номи шундан келиб чиққан.

Оқилон Кўкча, Жарариқ, Дарвози маҳаллалари, ҳамда Бўзсув канали билан чегарадош бўлган. VIII асрнинг бошларида Шошни фатҳ қилишда қатнашган Қутайба ибн Абу Муслим сафдошларининг бир қисми, яъни оқил кишилар ҳозирги Оқилон деб аталувчи жойни ўзларига маскан қилиб оладилар. Маҳалланинг Оқилон, яъни оқиллар маскани деб аталишининг боиси шундан деган ривоятлар бор.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *