Бош саҳифа » Тошкентнома » Кўкча даҳаси. Маҳаллалар. Каллахона ва бошқалар

Кўкча даҳаси. Маҳаллалар. Каллахона ва бошқалар

Каллахона маҳалласи Сағбон, Чиғатой, Сақишмон маҳаллалари билан чегарадош бўлиб, бир қисми Эскижўва бозори билан туташ бўлган. Маҳалланинг номи ҳақида турли фикрлар юради. Баъзилар гуноҳкорлар қатл этиладиган жой – дейишса, баъзилар – асирга тушган босқинчилар шу ерга келтирилиб, қатл этилганлган ҳақида гаплар бор ва номи шундан дейишади. Маҳалла зиёлилари эса, аслида «Калонхона сабаби маҳаллада юртни тебратган амалдорлар яшаган», – деб фахрланиб юришади. Аммо, ёши бир жойга бориб қолган қариялар: «Эсимизни танибмизки, янги ёпиқ бозор қурилгунга қадар гўшт бозори шу ерда бўлган. Маҳалланинг ҳар икки хонадонидан бири қассоб бўлган. Бу ерда ҳар бир тор кўчаю-берк кўча гўшт бозори эди. Гўшт бозори дейилганда Каллахонани, Каллахона дейилганда гўшт бозори тушунилган. Хоҳ кундузи, хоҳ кечаси тўрғи келган эшикни тақиллатиб, гўштми, калла-почами олиб кетаверардик», — дейишади.

Маҳалла зиёлиларини ранжитиб қўймасак, қарияларнинг гапи ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. Ҳар ҳолда даштдан ҳайдаб келинган пода Сағбон кўчасидан оралаб келиб, шу ерда саранжомланган. Маҳалланинг эътиборли жойи Каллахона масжиди.

Лангар – Кўкча даҳасининг қадимий маҳаллаларидан. Йўловчилар қўниб ўтадиган ва пиру муршидлар кўмилган жой маъносинида билдирган. Шунингдек, бу сўз классик адабиётларда, қабр, ибодатхона маъносида ҳам учрайди. Яна лангар — чўп, кема лангари (якорь) каби омоним сўзлар ҳам бор.

Сақичмон – Сақишмон ёки Чақишмон маҳалласининг номи Абубакр Қаффол-Шоший мақбараси яқинига кўмилган табаррук зот – шайх Азизи Сақишмоний номи билан боғлиқдир, деган фикрлар ҳам бор.

Ачавот. Қадимги туркий ёзма ёдгорликларида Ач этноними учрайди. Мавзе яланг жойда бўлганлиги учун Ачиқ-Очиқ шаклларида тилга олинганлиги ҳақида айрим ёзма манбаларда маълумотлар учрайди. (С. Қораев). Аҳолиси ўзбек ва лўлилардан иборат Чимбой, Ев, Сағбон каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган.

Қурбақаобод (тўғриси Қўриқработ). Қадимшунос А. Муҳаммаджонов Қурбақаобод ўз замонасида Қўриқ рабод деб юритилган. Чунки бу жой даставвал қўриқ ерда қад кўтарган яккаю-ягона аҳоли яшайдиган маскан бўлган. Даштдан келадиган савдо карвонлари, мол ҳайдаб келувчи бозорчилар, дайди сайёҳлару дарвешлар кеч кириб, шаҳарга етиб боролмай қолса мана шу кўприкдаги работда бошпана топиб, тунаб қолганлар ва субҳидамда туриб шаҳарга кириб борганлар, — деб ёзади ўзининг «Қадимги Тошкент» номли асарида.

Шофайзи қулоқ. Шофайзи исмли киши каналдан қулоқ очиб сув чиқарган. Номи шундан.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *