Бош саҳифа » Тошкентнома » Кўкча даҳаси. Чиғатой, Ҳофиз Куйкий, Қўшчи, Шоҳнишин тепа маҳаллалари

Кўкча даҳаси. Чиғатой, Ҳофиз Куйкий, Қўшчи, Шоҳнишин тепа маҳаллалари

Чиғатой маҳалласи. Соғбон, Қўшчи, Сақичман, Каллахона маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Чиғатой дарвозасини қўриқлаш, шу дарвоза яқинида яшайдиган Чиғатой аҳолисига топширилган. Дарвоза, кўча ва маҳалла номлари Чиғатой деб атала бошланган.

Чиғатой улуси Чингизхон томонидан иккинчи ўғли Чиғатой ва унинг авлодларига мерос қилиб берилган вилоятларининг умумий (1224 йилдан) ҳудуди Мовароуннаҳр, Еттисув ва Қашқардан иборат бўлган. 1242 йилда Чиғатой вафот этгач, Мунке билан Ботухон Чиғатой улусини мулк сифатида тугатишга қарор қилганлар. XIII асрнинг 60-йилларида Чиғатойнинг набираси Олғу чиғатойлар ҳокимиятини тиклаган ва бу ҳокимият Темурийлар ҳукмронлиги давригача давом этган.

Чиғатой ва Чингизхон сўзларидан ҳадиксираган шаҳар маъмурияти ўтган асрнинг 80-йилларида бу кўчани Фаробий номи билан ўзгартирдилар. Аслида, Чингизхоннинг Чиғатой исмли ўғли ХIII асрда яшаган, туркий Чиғатой қабиласи ундан анча олдин мавжуд бўлган. Чиғатой тили, Чиғатой адабиёти атамалари ўша қабила номига мансуб.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 21 февраль сонида Бегали Қосимов томонидан ёзилган Алишер Навоий ҳақидаги мақоласида ёзилишига кўра XVII асрда Навоийнинг «Сабъайи сайёр» асаридаги «Баҳром ва Дилором» саргузашти грузин тилида «Барам Гуриани» (Катта Баҳромнома) яратилади. Шу муносабат билан асар муаллифи машҳур грузин шоири Нодар Цициашвили -“Навоий бу қиссани («Сабъайи сайёрни») чиғатой тилида ёзган. Ким шоирликда бирор кишини у зот билан тенглаштира олади?”- деб ёзади.

Ҳофиз Куйкий (Ҳофиз Кўҳакий) маҳалласи – Кўкча даҳасининг қадимий маҳаллаларидан. Шу маҳаллада ХVI асрда яшаб ижод қилган буюк олим, ўз даврида алломаи Ҳофиз Тошкандий деган шарафли унвонга сазовор бўлган.

У Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг набираси. Олим араб ва бошқа шарқ мамлакатларига. Шунингдек, Бобурийлар ҳукмронлиги даврида Ҳиндистонга икки марта сафар қилган. 1528 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан, 1569 йилда Акбаршоҳ томонидан иззат-икром билан кутиб олинган. Унинг «Чингиз авлодлари тарихи», «Тарихи Тошканд» номли асарлари ва бошқа таржималари олим номини абадийлаштирган. Кўҳокий — унинг тахаллуси. У ўзи яшаган маҳаллада мадраса қурдириб, тарих, фиқх ва бошқа дунёвий илмлардан талабаларга сабоқ берган. Мадраса ҳозир ҳам сақланган. Ҳозирги кунда бинодан маҳалла масжиди сифатида фойдаланилмоқда. Ёдгорликнинг меъморий ечими, ташқи кўриниши ва қyрилиш материаллари унинг XVI асрда қурилганлигидан гувоҳлик беради. 2008 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Маълумотларга қараганда, унинг қабри Қаффол Шоший мақбарасига кираверишда ўнг томонда. Айрим маълумотларга қараганда, у Самарқанд яқинидаги Кўҳак (ҳозирги номи Чўпон ота) деган жойдан келган. Тахаллуси шундан бўлса керак, деган фикрлар бор.

Қўшчи маҳалласи даҳанинг қадимий маҳаллаларидан бири бўлиб Чиғатой, Ачавот, Сағбон каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Маҳалла яқинидаги қабристон ҳам Қўшчи номи билан аталган. Қўшчи қабристони ҳудудида Шайх Баҳлул мақбараси мавжуд. Ўзбекистон халқ рассоми Жалил Ҳакимов, рассом Т.Тўхтахўжаевлар шу қабристонга қўйилганлар.

Қўшчи ўзбек қабилаларидан бирининг номи. XIV-XV асрлар давомида Даштиқипчоқда яшаб, чорвачилик билан шуғулланганлар. XVI- XVII асрларда ўзбек қабилалари таркибида Моворауннаҳрга келиб ўрнашганлар ва тез орада ўтроқ ўзбеклар таркибига сингиб кетганлар. Қабиланинг бир уруғи шу маҳалла ҳудудуда яшаган. Маҳалланинг номи шундан.

Шоҳнишин тепа маҳалласи Чақар, Тўқли жаллоб, Чиғатой маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Захариқ, Оқтепа, Дамариқ каби мавзеларда деҳқончилик билан шуғулланганлар. Маҳалла VII-XIII бошларига оид Шоҳнишинтепа археологик ёдгорлиги билан туташиб кетган. Номи шундан.

Шоҳнишин- шоҳ ўтирадиган жой маъносини билдиради. Ривоятларга кўра, Турон подшоси Афросиёб (Алп Эр Тўнга) ўзига тобе бўлган халқни шу ерда қабул қилар экан.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *