Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Кавардон (Кабарна, Кабарнакет)

Кавардон (Кабарна, Кабарнакет)

КАВАРДОН, Кабарна, Кабарнакет – археологик ёдгорлик (милоддан аввалги 4-аср – милодий 5-аср бошлари). Чочдаги қадимий шаҳар харобалари. Араб географлари асарларида Кабарна номи билан қайд этилган (10-аср). Тошкентдан 25 км шарқда. Янгибозор шаҳридан 6 км жанубда, Кавардон қишлоғининг шимолий чеккасида жойлашган. 1972 йил Ю.Ф.Буряков тадқиқ қилиб, уни Кабарна шаҳри ўрнида жойлашганлигини қайд этган. 1973–82 йилларда Ю.Ф.Буряков ва Қ.Алимов қазишма ишлари олиб борган.

Шаҳар Чирчиқ дарёсининг қадимги сўл ўзани (ҳозирги Қорасув дарёси) бўйидаги дўнгликда бунёд этилган. Кавардоннинг шарқига Чатқол тоғ ёнбағирлари туташган. Кавардоннинг тарҳи географик шароитлардан келиб чиққан. Шаҳар жанубдан шимолга 1150 м га, ғарбдан шарққа 600–700 м га чўзилган. Умумий майдони 70 гектардан ортиқ. Уч томондан (ғарбдан ташқари) буржли мудофаа деворларининг дўнгликлари сақланган. Fарб томон Ҳамдам канали ва йўл билан туташган. Шу жойда айлана шаклдаги улкан қалъа-қўрғон (диаметри 100 м, баландлиги 15 м) сақланган. Ундан жануби-ғарбда алоҳида, айлана шаклдаги истеҳком (баландлиги 15–18 м) қад кўтарган бўлиб, унинг майдони аввалгисидан икки баробар катта. Маҳаллий халқ уларни Хонтепа ва Хонумтепа деб аташади. Шимолдан қўрғон-қалъага икки томонида миноралари бўлган қия йўл (пандус) орқали чиқилган. Шарқ томонидан қалъага мустаҳкам мудофаа девори билан ўралган шаҳристон (700х800 м) ёндашган, унда темирчилик ва кулолчилик устахоналари зич жойлашган. Қалъага жан.дан шаҳристоннинг иккинчи майдони (810х350 м) туташган. Шаҳарнинг уч томони мозорқўрғонлар билан қуршалган. Қабрлар очиқ ва шаҳар иншоотлари қатламлари тагида бўлган.

Қазишмалар натижасида шаҳристоннинг қуйи қатламларидан бурганли маданиятига оид ертўла қолдиқлари, таги думалоқ, қўлда ишланган сопол буюмлар (милоддан аввалги 4–3-асрлар) топилган. Уларнинг тепасида турар жой ва хўжалик хоналари жойлашган, уларнинг девори йирик хом ғиштдан терилган. Хона саҳнида қизил рангдаги дастаси ҳайвон шаклида ишланган қадаҳ ва кўзалар топилган. Шундай сопол буюмлар шаҳарни қуршаб турган қўрғонлардан ҳам чиққан (милоддан аввалги 2–1-асрлар). Милодий 1–2-асрларда шаҳар мудофаа девори қурилган. Маданий қатламлардан ҳунармандчилик (кулолчилик, тўқимачилик) излари топилган. Шаҳарда ҳаёт кейинги асрларда ҳам давом этган. Турк хоқонлиги даврида (6–8-аср) шаҳар фаол ривожланган. Айниқса 9–12-асрларда равнақ топган, темирчилик устахоналари, кулолларнинг хумдонлари очилган. Кулоллар ўйма нақшинкор ёзувлар битилган сирланган сопол идишлар ясашган, бу идишлар ўтроқ ҳаёт тарзига ўтган кўчманчи аҳоли орасида шуҳрат қозонган. Ўрта асрларда Кавардон нафақат ҳунармандчилик маскани, балки пойтахтдан Чочнинг шарқидаги шаҳарларга, Илоқ ва Фарғонага борадиган савдо йўлидаги марказ бўлган.

Мўғуллар истилосидан сўнг (13-аср) савдо-сотиқ ишлари қисқаргани боис шаҳар таназзулга юз тутган. Ҳаёт ҳозирги Кавардон номидаги кичик қишлоқда давом этган. Абдуллахон II Тошкент хонлари билан курашиб, Тошкентга қўшин тортганида Каврдонда қароргоҳ қургани, Кабарна кечувидан ўтгани «Абдулланома»да қайд этилган (16-аср).

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *