Бош саҳифа » Ислом » Жума мавъизалари. Савдода ҳалоллик мезони

Жума мавъизалари. Савдода ҳалоллик мезони

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, дедилар.

Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка сабаб бўлади. Тоатларни қабулига сабаб бўлади. Фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.

Мана шундай ҳалол касблардан, покиза ишлардан Аллоҳ ва расули рози бўладиган амаллардан бири “ҳалол тижоратдир”.

Бақара сураси, 275-оят: “Холбуки Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол ва судхўрлик (рибо)ни эса ҳаром қилган ”.

Нисо сураси, 29-оят: Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Мол мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”.

Албатта, шариат олимларимиз, муҳаддисларимиз, фуқаҳолар ўзларининг китобларида тижоратнинг умумий қоидалари, исломда тижоратнинг одоби аҳлоқи тўғрисида қатор ривоятларни, чуқур таълимотларни қолдирганларки, уларни ҳар биримиз ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилмоқлигимиз айни маъно.

Тижоратнинг умумий қоидалари:

1. Тижорат Аллоҳнинг зикри, Аллоҳнинг ибодати ва Аллоҳнинг фарзи вожиботларидан тўсиб қўймасин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Мўмин тижоратчилар шундай тижоратчиларки Аллоҳнинг зикридан тижоратлари, олди-соттилари намоздан уларни ман қилмайди”. Намоз вақтида мижозларнинг кўп келишлиги уларни намоздан қолдирмайди, кўп пул талаб қилиш, кўп пул топишликнинг ғами, Аллоҳнинг зикридан уларни тўсиб қолмайди.

Ислом уммати учун энг муҳим ишлардан бири жума намозидир. Аллоҳ таоло бу ҳақида «Жумъа» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир» (9-оят).

Оятдаги “нидо қилинган пайтда” дан мурод, имом минбарга жума хутбасини ўқиш учун чиққанда айтиладиган азондир.

“Ва савдони қўйинг”, деган фармонига асосан, жума куни иккинчи азондан бошлаб, намоз ўқиб бўлгунча савдо-сотиқ ҳаром қилинган.

“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (10-оят).

Аввалги оятда Аллоҳ таоло азондан кейин савдони тарк этиб намозга шошилишга буюрган эди. Энди эса, жума намози тамом бўлгандан сўнг яна аввалги ҳолатга қайтиш мумкинлигини баён қилмоқда.

Намоздан сўнг ким савдога, ким касал кўргани, ким илми ҳунарига ва ҳоказо ихтиёри ўзида.

Суранинг охирида бир гуруҳ мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: жума намози хутбасини ўқиб турганларида савдо карвони келганидан хабардор бўлиб, чиқиб кетганлари эслатилади. Одатда, карвон келганда шовқин сурон билан дўмбира чалиб келар эди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом билан ўн икки киши қолиб бошқалар чиқиб кетганди. Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишлари нотўғри эканини ўша заҳоти эслатиб оят нозил қилди:

“Ва тижорат ёки ўйин кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сизни тик ҳолда тарк этдилар. “Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса, ўйин кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир”, деб айтинг” (11-оят).

— Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан бу оятни қандай тушунса бўлади деб сўралган экан. У зот айтиларки: “(Асҳоби икром) масжидда намозга азон товушини эшитганларида дўконларини қулфлар эдилар, саноатларини тўхтатар эдилар”.

— Ибни Баттол роҳматуллоҳи алайҳ Имоми Бухорийнинг шориҳларидан бирлари айтадилар: “саҳобалар жамоати Аллоҳу Акбарни эшитганда касб тикувчи игнасини матога тиққан бўлса қайтиб олмасди. Темирчи агар болғасини темирга уриши учун кўтарган бўлса, темирга болғасини урмасди, болғасини қўйиб намозга борарди. Мана шундай холатда саҳобалар Аллоҳнинг оятига амал қилганлар”.

2. Ҳалолга эътибор бермоқлик.

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй саҳобаи киромлар, Аллоҳдан қўрқинглар, қиёмат кунининг азобини хотираларингиздан чиқарманглар, билиб қўйинглар. Аллоҳ таоло бандага ёзган ризқи ажалидан келади, ризқ бандани олади, агар банда ризқдан юз ўгирса, ризқ унга бориб барибир етади. Шунинг учун ризқни чиройли талаб қилинглар. Бу дунёга итларча ҳирс ҳавас билан ёпишманглар. Чиройли талаб қилишлик нима: ҳалол бўлганини олинглару, ҳаромидан қайтинглар”, деган эканлар.

Қайси бир нарса ҳалол бўлса унинг савдоси ҳам ҳалол.

3. Тижоратга ёлғон аралаштирмаслик. Тижоратда ёлғон аралаштирилса тижоратни ҳаром қилади. Ёлғон – ҳаётнинг вабоси. Ҳаётни бузади, ҳатто онанинг қорнидаги болани ҳам бузади.

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй инсонлар ёлғон юзни қорайтиради, ёлғон ризқни камайтиради”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдода кўп қасам ичишликдан сақланинглар. Чунки у (молни) ўтказадию аммо (баракасини) кетказади”, дедилар.

— Тарозидан уришлик ҳам савдодаги ёлғонлардандир;

Аллоҳ Қуръони Каримда:

“Савдо сотиқда ўлчов ва тароздан уриб қолувчи кимсаларнинг ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, одамларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир”.

Тарозидан уриш, литрдан уриш, метрдан уриш, кўпдан уриш, донадан уриш барчаси ёлғон. Аллоҳ таоло паноҳ берсин, ичи тешик тошлардан, сутга сув қўшиш ёки асл нарса деб сохтасини сотиш тижоратда ёлғон ва ҳаром. Яхши гуручга ёмон гуручни қўшиб сотиш, бензинга солярка қўшиб сотиш, янги молга муддати ўтиб кетган эски молларни қўшиб янги деб сотишлик ҳаммаси ёлғон, ҳаром қилади.

Ориқ молни сотадиган куни кечаси қорнини шишириб ёки ҳар хил укол қилиб ювош қилиб сотиш.

Эски машинани янги деб сотиб ёки масофасини кам қилиб сотиш.

— Қачон баракат бўлади, қачонки сотувчи олувчини ҳақига, олувчи сотувчини ҳақига дуою ҳайр қилиб турса, қалблар бир бирига яқин бўлса, ишончлар бир бирига муставо бўлса ана ўшанда барака бўлдаи.

Оддий мисол, бензин оляпмиз, бензин қуювчи бензиндан уриб қолмоқчи, олувчи ҳам имкон қадар ундан меёридан ортиқроқ олмоқчи, мабодо ўша 1 литр кўпроқ қуйиб юборса, шофёр кўриб қолса ҳам: ҳа энди кўп урган эдику мандан, бир литр ортиқ кетса ҳеч нарса бўлмайди дейди ёки беряпти, бензинни аниқ кўрсатяпти, 2 литр сотиб олувчининг қалбида ғашлик бор: “Барибир уради” дейди . Мана шу билан ҳам тижоратдан, ҳам ризқдан ҳам маҳсулотдан ҳам барака кетади.

Чунки ишонч йўқ. Аллоҳдан дуо барака сўраш йўқ.

Аллоҳдан қўрқиш бўлмагандан кейин барака кетади.

— Олувчи бозорга киради, сотувчидан бир нарса ундирмоқчи, сотувчи бундан баъзида бир нарса уриб қолмоқчи. Аллоҳ паноҳ берсин.

4. Тижоратдаги одоб шартларидан – маҳсулотни айбини айтиб сотиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар сотувчи ва олувчилар маҳсулотни айбини баён қилсалар, Аллоҳ таоло у бандага барокат, у шартномага фазилат беради. Агар айбини ёпсалар, ёлғон гапирсалар, фойда кўришлари мумкинки, лекин барака топмайдилар”.

— Зотан ҳаёт ҳамиша пулнинг кўплиги билан, молу давлатнинг бисёрлиги билан эмас. Тўпланган карвон-карвон олтинлар, тўпланган банкда ҳисобини билмайдиган пуллар кимларнингдир номига қолиб кетгани тарихдан маълум. Қанчадан қанча ерларга, молу давлатлар, ороллар, кема, самолётларга молик бўлган пулдорларнинг пуллари сонияларда, бир дақиқада ҳавога учиб кетгани, ўзи хоҳламаган одамнинг қўлида қолиб кетиб, у мол ўзига бало бўлган ҳолатларга тарихдан қанчадар қанча мисоллар бор.

Маҳсулот айбини ислоҳ қилиб, яхшилаб сотди, бу жоиз. Ёки машинани сотиб олди, камчиликларини, эскирган эҳтиёт қисмларининг ўрнига янгисини қўйиб, яроқлик қилиб сотиш жоиз.

Қайтариб бериш мумкинми ёки йўқми?

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сотувчи ва олувчи то улар ажралмагунча ихтиёридадир. Кимики сотган молини қайтиб олса, қиёматда у жаҳаннамга кетаётган бўлса ҳам уни қайтариб жаннатга киритади”, дедилар.

Қачонки ўша олиб келган нарсасини мажбурликдан бир сабабга кўра қайтариб олиб келса, уни савдогар қайтиб олиши мустаҳаб, лекин олинган нарса унинг сифатига таъсир қиладиган айби бўлса савдогар алмаштириб бериши керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин шундайларгаки улар сотганда ҳам, олганда ҳам, гапирганларида ҳам одамларга марҳаматлидир”.

Кечиримли бир икки дона қўшиб беради, олувчи бўлиб кўкат олиб келган деҳқон арзон сотади. Лекин растада 2 баравар, маҳсулоти яхши, лекин уни арзон сотиб тезроқ кетмоқчи баъзида. 100 сўм деса олувчига, олувчи эса: “2 тадан беринг” деб пастга уради. Ундай қилманг. Тижоратнинг иши жуда қийин, чунки ҳар бир маҳсулотда бировнинг ҳақи устида туради.

— Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар.

— Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бозорга келаётган уловликларнинг бозорга етмасларидан олдин йўлини тўсиб уларнинг нарсаларини кўтарасига сотиб олманглар. Бирингиз савдолашиб турганда бошқангиз унинг савосини бузиб устига савдо қилмасин. Харидорни алдаш мақсадида нархни кўтарманг. Шаҳарликлар (даллол бўлиб) қишлоқликларнинг молини сотмасинлар. Қўйларнинг елими устидан (боласи эммасин, елими шишиб, серсутга ўхшаб кўринсин деб) боғлаб қўйманг. Кимки шу каби соғин қўйни сотиб олса, соғиб кўргач ихтиёрлидир. Ёқтириб қолса олиб қолади, агарда ёқтирмаса эгасига қайтарадида ва бир соъ (4 кг) хурмо ҳам қўшиб беради”, дедилар.

Савдода ҳалоллик тақвонинг аълосидир:

— Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг машҳур шогирди Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан: “Тақво ҳақида бир китоб ёзсанг” деб илтимос қилганларида, у киши “ёзиб қўйганманку” деб жавоб бердилар. Шунда: “Қайси китоб?” дейишганда “Китоб байъ” (тижорат китоби) деб жавоб қилган. Бу буюк зотнинг тижоратни ким тўғри қилса, шу ўзига тақво деганидир. Зеро, асосий, энг катта тақво, инсон луқмасининг ҳалол бўлишидир.

Мадалиев Илҳомжон Умаржон ўғли,
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *