Бош саҳифа » Ислом » Жума мавъизалари (матн, аудио). Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

Жума мавъизалари (матн, аудио). Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

Мустақил юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраш унинг қадрига етиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиз бўлиб ҳисобланади. Зеро, тинчлик, омонлик ва хотиржамлик барқарор бўлган юртда барча эртанги кунга ишонч билан қараш, хотиржамлик ила тоат ибодат ва солиҳ амалларни иймон ва ихлос билан адо этади.

Мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланади. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни асраб-авайлашда қуролли кучларимизни ўрни беқиёсдир. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Ватанига муҳаббати бор кимса унинг ҳимояси учун ҳаракат қилади. Унинг йўлидаги ҳизматни ўзи ҳам муқаддас бурч ва шараф деб билади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Агар одамлар ватанларига қаноатлари каби ризқларига ҳам қаноат қилганларида эди, бирор банда ризқидан шикоят қилмаган бўларди”.

Ўз юртидаги ризққа қаноат қилмаган кимса ўзга юртдагисига ҳам қаноат қилмайди. Ким юртида тинч, соғ-омон, кунлик ризқини топиб турган бўлса, ўша бандага бутун дунё берилгани ҳадиси шарифларда келтирилган. Имоми Шофиъий айтадилар: “Кишининг хор бўлиши учун ватанидан ва оиласидан айрилиши кифоя қилади”.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу Шурҳабил ибн Самитнинг ёнидан ўтдилар. У форс еридаги қалъани қўриқлаб турган эди. Шунда «Сизга Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эшитган ҳодисамни айтиб берайми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш кишининг бир ойлик (нафл) рўзасидан ва кечасидаги қиёмидан яхшидир. Ким посбонликда ўлса, қабр фитнасидан мудофаа қилинади, унинг ҳар бир амали қиёматгача яхши амал қилгани каби ўсиб боради” деганлар, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен қандай қилсам, молимдан инфоқ қилиб, Аллоҳ йўлида жанг қилган кишининг даражасига етаман?”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ниманг бор?”, дедилар. У: “6000 дирҳамим бор”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўшани инфоқ қилсанг ғозий (жангчи)нинг битта уйқусига тенг келади”, дедилар.

Усмон ибн Ато отасидан ривоят қиладилар: “Бир киши Абдураҳмон ибн Авф билан у зотнинг боғига кирди. Шунда у зот розияллоҳу анҳу боғда ишлаб турган 30 та қулни озод қилдилар, ўша киши эса бу ишдан ажабланди. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розиялоҳу анҳу: “Сенга бу ишдан ҳам афзалроғини айтайми?”, дедилар. “Ҳа”, деди у. “Бир киши Аллоҳ йўлида қамчисини қўлига олиб жангга отланиб уловида кетаётиб, мудроқ сабабли қамчиси тушиб кетса, шу қамчисини тушириб қолдиргани сабабли унда пайдо бўлган сесканиб кетиши, сен кўрган ва мен қилган бу ишимдан афзалдир”, дедилар.

Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб: “Қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз?”, деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):

 «(وأنا أشهد أنك من أىِل الجنة»(رواه الطبراني

яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Имом Табароний).

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олимми ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин иштирок этиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва  ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам иймоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Душманга дуч келишни орзу қилманглар. Аллоҳдан саломатликни, тинчликни сўранглар. Агар уларга дуч келсангиз, маҳкам туринглар ва Аллоҳни зикр қилишни кўпайтиринглар”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бир уйда ўтирган эдилар, бир киши кўринди. У кишининг йигитлик қуввати ҳаммаларини лол қолдирди. Улар: “Қанийди бу йигит, йигитлик қувватини Аллоҳ йўлидаги жангга ишлатганида”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб айтдилар: “Сизлар фақат уруш ва ғазотни Аллоҳ йўлидаги иш деб тушунасизларми? Ким нафсини поклаш учун ҳаракат қилса, бу ҳам Аллоҳ йўлидаги ишдир. Ким ота-онасининг иззат-икроми учун ҳаракат қилса, бу ҳам Аллоҳ йўлидаги ишдир. Ким аҳли-оиласининг иффатини сақлаш учун ҳаракат қилса, бу ҳам Аллоҳ йўлидаги ишдир. Ким кибрланган ҳолда ҳаракат қилса, буниси шайтон йўлидаги ишдир”, дедилар.

Давлат томонидан масъул шахсларга ишониб топшириб қўйилган корхоналардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат, бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўл остидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, суистемол қилиши ҳам, кишининг юртига ва ўз масъулиятига бўлган омонатга хиёнат хисобланади.

Абу Довуд, Аҳмад, Термизий саҳиҳ иснод билан келтирганлар. Имом Аҳмад ривоят қиладилар:

لعن الله الراشي و المرتشي و الرائشي الذي يمشي بينهما

“Аллоҳ таоло пора берувчини ҳам, олувчини ҳам, ўрталарида турганни ҳам лаънатлади”, дедилар.

Шайхул ислом, Муфтий Ҳазрат Мухаммад Тақий Усмоний Ааж каа сабақ — Бугунги сабоқ китобида қуйидагиларни келтирадилар:

Ўғирлик ва талон-тарожнинг турли кўринишлари жамиятимизда кенг тарқалган. Кўринишидан туппа-тузук ўқимишли ва маданиятли шахслар ҳам бунга мубталодирлар. Бунинг бир неча кўринишлари қуйидагилардир: 

Телефон станциясининг бирор ходими ила дўстлашиб олиб, ўзга шаҳарларга телефонда текин гаплашиш, нафақат бирор айб саналади, балки, буни ўзининг қалин дўстлик алоқаларининг тасдиғи деб билиб, фахр ила гапирилади. Ваҳоланки, бу ҳам бир ёмон даражадаги ўғирликдир ва улкан гуноҳ эканлигида ҳеч шубҳа йўқдир.

Электр тармоғининг давлат симёғочидан (яширинча) уланиб олиб, текин электр токи ишлатиш ўғирликнинг бир туридир. Бу одат ҳам тинимсиз кенг оммалашиб боряпти ва бу гуноҳ очиқдан очиқ қилиняпти. Бундан ташқари ишлатилган электр, газ ва сув ҳисоблагич кўрсатмасини ортга айлантириб, тўловидан қочиш ҳам ўғирликнинг бир туридир.

Агар бирор шахсдан бирор нарса вақтинча ишлатиб туриш учун олинган бўлса ва фалон вақтда қайтарилади деб ваъда қилинган бўлса, лекин вақтида қайтариш ўрнига бирор узр бўлмаган ҳолда ишлатиш учун ўзида қолдирса, бунда ваъдада турмаслик гуноҳи бўлади. Агар белгиланган вақтдан кейин уни ишлатишга эгаси норози бўлса, у ҳолда зулм ила тортиб олишлик гуноҳи ҳам бўлади. Айни шу ҳолат қарзга ҳам тааллуқлидир. Қарзни қайтаришнинг белгиланган вақтидан кейин қарзни қайтармаслик (жиддий бирор узр бўлмаган ҳолда), бунда ваъдада турмаслик ва зулм ила бировнинг молини тортиб олишлик гуноҳи жамланган бўлади.

Агар бирор шахсдан бирор жой, ер ёки дўкон маълум бир вақтга ижарага олинса, вақт ўтгандан кейин эгасининг розилигисиз ўзининг ишида тутиб туришлик ҳам ваъдада турмаслик ва бировнинг молини зулм ила тортиб олишлик гуноҳига киради. Китоб дўконларида китоблар, журналлар ва газеталар қайси бири ёқса, одамлар ўшанисини харид қила олишлари учун қўйилган бўлади.  Ёқган-ёқмаганини билиш учун китобларни оддий варақлаб кўришга ҳам одатда рухсат берилади. Лекин китоб дўконларида тикка туриб китобларни, газеталарни ёки журналларни давомий ўқишга киришиб кетилса, сотиб олиш нияти бўлмаса, у ҳолда бу ҳам бировнинг мулкини зулм йўли ила ишлатиш бўлади. Бунга шариъат жиҳатидан руҳсат берилмайди.

Шунда мустақил мамлакатимизнинг раҳбари ўз маърузаларида: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган сўзлари амалда ўз ифодасини топганини кўрамиз.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бир давлат ва унинг халқи гўё  уммонда сафар учун кемага минган йўловчилар кабидир. Бепоён уммонда кеманинг илдам ва бекамикўст юришлиги учун хар бир йўловчига алоҳида эшкак ажратилган. Агар йўловчилар ўзларига бириктирилган эшкакни ўз вақтида эшмаса, унинг таъсирида албатта кема ҳаракатига зиён етади. Агар уни рисолагидек эшилса манзил сари ошиқади. Шу кемадаги йўловчи унинг юриб туришига масъул. Агар кема тўхтаб қолса ёки, бирор қояга урилса ёки йўловчиларнинг бири орқали ён атрофдаги ғаним кемаларига ички сирларини фош қилиб қўйилса, у кема бошқарувини йўқотади, ёки ҳалокатга учраб йўловчилар уммонга ғарқ бўладилар. Шунинг учун бу ҳаёт уммонидан эсон-омон кезиб ўтишлигимиз учун яратган Роббимиз томонидан сизу биз учун тақдим қилинган “Ўзбекистон” аталмиш кемамизни илдам юришлигига ўз эшкакларимиз билан хизмат қилайлик. Ҳеч бўлмаса уни ҳалокатга учрашига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини ва осмонимиз мусаффолигини сергаклик билан қўриқлаб, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбий хизматчиларни, оталаримиз, опа-сингилларимиз, фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз, тинчлиги ва мустақиллигимизни бардавом қилсин. Омин!

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом хатиби

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Post Views: 7 Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *