Бош саҳифа » Ислом » Жума мавъизалари (матн, аудио). Инсон манфаатлари йўлида

Жума мавъизалари (матн, аудио). Инсон манфаатлари йўлида

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Жорий 2017 йил ҳам юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. Имом Тобароний ривоят қилган.

Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келтирилишича, у зот айтдилар: «Икки хислат борки, ундан афзалроқ нарса йўқ:

  1. Аллоҳга иймон келтириш.
  2. Мусулмонларга манфаат етказиш.

Ва икки хислат борки, ундан ёмонроқ нарса йўқ:

  1. Аллоҳга ширк келтириш.
  2. Мусулмонларга зарар етказиш.

Ушбу ҳадис инсон ҳаётининг мазмунини ўз ичига олувчи ҳадисдир. Чунки муқаддас ислом динимиздаги ҳар бир буйруқ ва қайтариқлар икки афзаллик ҳамда икки ёмонлик тахтига киради.

Иймон келтириб ибодат қилинишга лойиқ зот фақат Аллоҳдир. Аллоҳ таоло «Ар-Роҳман» сурасида:

 «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир» 26, 27 оят.

Мўмин банда доим халқни хизматида бўлишга ҳаракат қилади. Халқга наф етказишга ҳаракат қилади. Халқни дардини олишга ҳаракат қилади. Саҳобалар бунга мисол бўлади:

«Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб бориб юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлашлик учун таҳажжуд намозини ўқибоқ бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онани уй юмушларини қилиб, уйини саромжонлаб, секингина чиқиб кетаётган эканлар».

Улуғларнинг ҳаёти мана шундай. Зеро ҳақиқий иймон эгаларини иши шундай халқнинг хизматида бўлади.

Иймоннинг икта асоси бор:

  1. التعظيم لاوامرالله
  2. الشفقة علي خلق الله

1. Аллоҳнинг амрларини улуғлаш. Яъни инсон ҳар доим нимани буюрган бўлса уни бажариб, нимадан қайтарган бўлса улардан доим тийилиб, Аллоҳдан қўрқиб юриш.

2. Аллоҳнинг халқига шафқатли бўлиш.

Саҳобаларда мана шундай сифат бор эди. Аллоҳнинг амрини улуғлаш билан халқнинг хизматини ҳам унутмаган. Халқни хизмати деб, Аллоҳнинг амрларини пой мол ҳам қилишмаган. Бу нарса иймоннинг комиллигини белгиси.

Аллоҳ таоло “Раъд” сурасининг 17-оятида:

“Одамларга манфаат берадиган нарса эса, ер юзида боқий қолур”.

Оддий бир нарсаки инсонларга нафъ етказадиган бўлиб ер юзида боқий қолса, агар инсон инсонларга нафъ етказиб турадиган бўлса, Аллоҳ таоло у инсоннинг номини вафотидан кейин ҳам доимий қиёматгача қолдириб қўяди. Саҳобалар ўз хизматлари билан хозиргача ва то қиёматгача номлари боқий қолиб зикр қилиниб туради. Сабаби улар халқига хизмат қилдилар.

Халқга хизмат қилиш инсондан дунё ғам ташвишлари кетишию охират азоби кетиши ва жаннат мартабасига эришишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибни Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмонинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бирини фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини беркитади», дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бирор қўли калта мусибатзада одамга ёрдам берса, Аллоҳ таоло у учун 73 маротаба мағфират ёзиб қўяди. Ундан бир мағфирати бу дунёда унинг ишлари юришиб ислоҳ бўлиши учун кифоя қилади, қолган 72 мағфират қиёмат куни унинг учун даражот бўлади”, дедилар.

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Исро қилдирилган кечада жаннат эшигига ёзиб қўйилган мактубни кўрдим, унда: “Садақага 10 баробар мислича, қарзга 18 баробар мислича” ёзилган эди. Кейин мен: “Эй Жаброил алайҳиссалом қандай қилиб қарз садақадан афзал бўлади?” деб сўрадим. У: “Чунки садақа беҳожатнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга мухтож бўлган одамнинг қўлига тушади”, деб айтди, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қарз берган кишига қарзни тўлаш муҳлати келгунга қадар, ҳар куни учун берилган қарзи миқдорича садақа қилганлик савоби етиб туради. Тўлаш муддати келиб тўлай олмаса-ю қарздорга муҳлат берса, ҳар бир кунига берган қарзининг икки баробарини садақа қилганлик савоби етиб туради”, дедилар.

Мана бундай ишлар мусулмоннинг мусулмон биродари учун бажарган манфаати туфайли бериладиган савобли ишлардир. Агар бунинг акси, яъни мусулмонларга зулм қилишлик эса оғир гуноҳлардан саналади.

Кейинги пайтларда олинган қарзларни ўз вақтида эгасига қайтармасдан пайсалга солиб беришлик, ортга суриб юришлик, ёки бирор ишни қилдиришга ишчи ёллаб, маълум иш ҳаққини келишгандан сўнг ишчилар томонидан иш бажарилганда бериладиган уста ҳаққини ортга суриб, бермай юришлик ҳоллари кузатилиб қолмоқда. Бу эса динимизда, ўзгалар ҳаққига нисбатан зулм деб қаралади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сурасидаги 34-оятида шундай дейди:

Аҳдга вафо қилинглар, зеро аҳду паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир”.

Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Узишга моли бўлатуриб, зиммасидаги ҳақни бермай юриши зулмдир”, дедилар.

Албатта кишининг ҳаққи бу дунёда тўлаб берилмаса қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини олиб беради.

Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ҳайбар жанги куни саҳобалардан бири вафот этди. Бунинг хабарини Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етказишди, у зот: “Соҳибингизга ўзларингиз жаноза ўқийверинглар!”, дедилар. Бу гапдан одамларнинг юзлари ўзгариб кетди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Соҳибингиз Аллоҳ йўлидаги нарсага хиёнат қилди”, дедилар. Биз унинг кийимларини тафтиш қилиб, унинг ёнидан бир яҳудий бигизини топдик. У бигизнинг қиймати атига икки дирҳамчалик ҳам турмас эди”, дедилар.

Давлат томонидан масъул шахсларга ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак, шахсий манфаат ва бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, суистемол қилиши ҳам кишининг юртига ва ўз зиммасидаги бажариши керак бўлган масъулиятига нисбатан қилган омонатга хиёнат ҳисобланади.

Бир кишини бирор бир жамоатга бошлиқ бўлишлиги оддий ишчига нисбатан иши ҳам, масъулияти ҳам кўпроқ бўлади.

Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади. “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимдалик пайтларида қуйидагича сўзларни айтардилар: “Аллоҳим, кимни умматимнинг ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга бешафқат бўлса, Сен ҳам унга бешафқат бўлгин. Кимни умматимнинг бирор ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга мулойим бўлса, Сен ҳам унга мулойим бўлгин”. Имом Муслим ривояти.

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом хатиби

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *