Бош саҳифа » Биласизми? » Жанггоҳ (Жангоб)

Жанггоҳ (Жангоб)

Жанггоҳ (ёки Жангоб) маҳалласи, Шайхонтаҳур даҳасида; Эскижува, Ғиштмасжид, Ҳадра, Чуқурқишлоқ маҳаллалари билан чегарадош, Шайҳонтаҳур кўчасига туташган. Ҳозирги А.Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ўрни.
“Жанггоҳ” сўзи икки ўзакли қўшма топоним бўлиб “жанг” ва “гоҳ” морфемаларидан ташкил топган, “жанг-уруш”, “гоҳ”- форсча “жой”, “ер” маъноларидаги топоним ясовчи аффикс. “Жанггоҳ” – “уруш қиладиган жой” демакдир. Иккинчи маъноси – “жангоб”, яъни “уруш суви”, шу ердан оқиб ўтадиган Лабзак ариғининг яна бир номидир. Шу боис маҳаллани ҳам баъзан “Жангоб” деб атаганлар. Маҳалла номининг этимологияси шаҳар тарихи билан боғлиқ. XVIII асрда Тошкентнинг тўрт даҳаси ўртасида (“Чор ҳокимлик” даври) уруш-талаш бўлиб турган. Бу даврда шаҳар ҳокимининг ўзаро низолари кучайиб, шаҳар гоҳ у, гоҳ бу ҳоким қўлига ўтган. Кўпинча Себзор даҳаси билан Кўкча даҳаси одамлари қўшилиб Шайхонтаҳур даҳасига қарши урушган; баъзида Шайхонтаҳур даҳаси билан Бешоғоч даҳаси бирлашган. Шаҳар марказидан оқиб ўтадиган Лабзак сувининг бўйи уларнинг жанг майдонига айланган. Шу боисдан ҳам халқ орасида бу ер “жанггоҳ”, ариқ эса “жангоб” деб ном олган.
XX аср бошларида Жанггоҳ маҳалласида 60 дан ортиқ хонадон яшаган. Аҳолиси 400 га яқин киши; ҳунармандчилик, майда савдо билан шуғулланган. Маҳаллада масжид, чойхона, дўкон бўлган.

«Жанггоҳ» маҳалласи (Абдулла Қодирий кўч., 10а- уй) – Шайхонтоҳур туманида қадимги Жанггоҳ ҳудудининг бир қисмида жойлашган. «Шайхонтоҳур», «Ҳадра», Коҳота маҳаллалари билан чегарадош. 1994 йил янгидан ташкил этилган. Аҳолиси 8400 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди (2008). Маҳалла ҳудудида болалар боғчаси, дўкон, тўйхона мавжуд. Ёзувчи Асқад Мухтор, шоир Зоҳиджон Обидов, адабиётшунос олим Лазиз Қаюмов шу маҳаллада яшашган.

ЖАНГГОҲ ДАҲАСИ – Шайхонтоҳур туманининг марказий қисмида, Абдулла Қодирий, Fафур Fулом, Зулфияхоним ва Абай кўчалари оралиғида жойлашган.
Даҳа 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг бузилган эски уйлар ва тор кўчалар ўрнида Тошкент шаҳрини реконструкция ва обод қилиш давлат лойиҳалаш институти лойиҳалари асосида қурилган. Даҳа ҳудудида 11 та 9 қаватли, 15 та 5 қаватли, 13 та 4 қаватли, 1 та 3 қаватли, 3 та 2 қаватли, 1 та 12 қаватли турар жой бинолари, болалар боғчаси, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари бор.

1. «ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ ТАРИХИЙ ТОПОНИМИЯСИ»
Хайрия БЎРИЕВА,
тарих фанлари номзоди, доцент

2. «Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Кайковус

КАЙКОВУС – қадимий канал, Бўзсувнинг ўнг тармоғи. Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *