Бош саҳифа » Ислом » Илм. Савдода ҳалоллик

Илм. Савдода ҳалоллик

Ислом динида кишилар ўртасидаги тадбиркорлик, ишбилармонлик ва ҳамкорлик муносабатларини ўзига хос ҳусусиятлари ва нозик жиҳатларига доир масалалар муфассал баён қилинган бўлиб, инсонларни доимо ҳақ ва адолатга риоя қилишга тарғиб этилади. Ҳақ ва адолат кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ташкил этади. Аллоҳ таоло Наҳл сураси 90 оятида бу ҳақида шундай дейди:

“Албатта, Аллоҳ таоло адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрур, ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур”.

Муфассирлар оятдаги адолатни 3 қисмга бўлишган:

  1. Инсоннинг Аллоҳга адолати, Аллоҳга эътиқод қилиши.
  2. Инсоннинг нафси билан жисми ўртасидаги адолати. Яъни ўзини ҳалок этувчи нарсалардан узоқ тутиши.
  3. Инсонлар орасидаги адолат, яъни инсофли бўлиш бошқаларнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик.

Пайғамбар с.а.в. айтдилар: “Бир киши алдов билан бировнинг ҳаққини олса, Аллоҳ уни жаҳаннамга дохил қилади ва жаннатдан йироқлаштиради” дедилар. Шунда бир киши: “Эй Аллоҳнинг Росули! Агар у ҳақ қийматсиз арзимас бир нарса бўлсачи?” деб сўради. Пайғамбар с.а.в.: “Ҳатто мисвок дарахтидан бир шоҳ парчаси бўлса ҳам”, деб таъкидладилар.

Ислом шариатида ҳалоллик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаров, десак муболаға бўлмайди. Ҳалоллик бу инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Инсонлар бир бирлари билан ўзаро алоқалар вақтида бошқаларининг ҳақларига тажовуз қилмасликлари лозим.

Ислом дини савдо сотиқда ҳалол бўлишликни тарғиб этади. Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юртимиз мустақиллиги шарофати ила бозор иқтисодиёти жорий бўлди. Авваллари ҳатто ўзимизнинг миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотини ҳам эркин холда бозорга олиб чиқа олмасдик. Тижоратчи, тадбиркорнинг номини “чайқовчи” деб камситилар эди. Мана энди савдо-сотиқ ишларимиз эмин эркин, тижорат учун ҳатто бемалол қатнаш имконияти туғилди. Катта ва кичик тадбиркорларнинг эркин фаолияти учун ҳукуматимизнинг қатор қарорлари чиқиб турибди. Бунга фақат шукр қилишимиз ва ўзаро муомалатларимизда адолатли ҳамда инсофли бўлишимиз даркор.

Ҳар бир амалга оширадиган ишимизни тўғри, мукаммал ва инсон манфаатларини кўзлаб юборилган ислом динимиз ҳаётимизда кўп учрайдиган савдо бобида ҳам кўрсатма берган.

Муборак Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримиз с.а.в. иршодлари ва буюк уламоларимизнинг мўътабар китобларида савдо-сотиқнинг ҳам алоҳида одоблари, кўрсатмалари таъкидланган. Жумладан, аввало:

1. Сидқи муомала. Сотувчи маҳсулотини нави, сифати, жинси, асоси ва ҳаражатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай унинг ҳақиқий сифати билан тавсифлаш.

 Расулуллоҳ с.а.в. бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги нам экан. Шунда: “Бу қандай бўлди?” деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”, деб узр айтди. Росулуллоҳ с.а.в. унга: “нам теккани устида туравермайдими?” деб: “Кимки хиёнат қилса биздан эмас”, дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “ (Савдо сотиқда ўлчов ва торозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладилар, одамларга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса уриб қоладиган кимсалардир.”

Росулуллоҳ с.а.в. Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна деган киши бор эди. Унинг 2 та ўлчов асбоби бор бўлиб, бири билан ўзига тортиб олиб, бошқаси билан одамларга тортиб берар эди. Шу боис Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

Тарозидан уриш, литрдан, метрдан, ҳажмдан, донасидан уришнинг барчаси ёлғон ҳисобланади.

Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, ўзини билмай ётган экан. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “биродар шаҳодатни бир мунча талқин қилсам ҳам тилингиз ҳеч айланмади, тинчликми ўзи?, деб сўрадим. У бўлса: “Тарозининг палласи тилимни босиб гапиртирмай қўйди” деди. Нега тарозидан уриб қолармидингиз? деб сўрасам у: “Йўқ ундай эмас. Бироқ тарозини ўз вақтида тўғрилигини текшириб турмасдим”, деб жавоб берди.

Тарозисини назорат қилиб текшириб турмаган, тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўларкан?

2. Муомалада бағрикенг бўлиш.

Набий с.а.в.: “Қачон сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳаққини талаб қилганда ҳам бағрикенг карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар.

Мусулмон одам доимо карамли, саҳоватли бўлиши керак. Айниқса олди-сотди ва ҳақ талаб қилиш пайтида, мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки саҳийлик сотувчидан оз-моз нархидан ўтиб бериши, олувчидан маҳсулотни пасга урмай меъёрида олиш Аллоҳнинг раҳматига, хайр-баракага сабаб бўлади.

3. Қасам ичишдан тийилиш, гарчи сўзи рост бўлса ҳам.

Росулуллоҳ с.а.в.: “Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки қасам (молни) ўтказсада баракасини ўчиради, дедилар.

Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ичадилар. Харидорлар уларнинг гапларига, қасамига ишониб молини сотиб олади. Аммо келадиган фойда кўп қолсада аслида унинг баракаси бўлмайди.

Росулуллоҳ с.а.в. “Молни сотишда кўп қасам ичишдан сақланинг! Чунки қасам билан сотилгандан кейин баракаси ҳам бирга кетади”.

Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига фойдаси юқади ва ҳалол бўлади.

Росулуллоҳ с.а.в. ҳадисларида: “Ростгўй, омонатли тижоратчи набийлар, ростгўйлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар.

4. Бировнинг махсулотини ёмонламаслик.

Росулуллоҳ с.а.в.:  “Савдода нажш қилманг!” деганлар.

Яъни нажш дегани, сотувчи томондан бир одам ёқланиб келган харидорга қимматроқ сотиш мақсадида ёлғондан унинг кўзи олдида қимматга сотиб олиш.

5. Хайр-эҳсонни кўп қилиб туриш.

Қайс ибн Абу Ғарза р.а.дан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ с.а.в. нинг даврларида “даллол” деб номланар эдик. Росулуллоҳ с.а.в. бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан  номладилар: “Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринг!”, дедилар.

Чунки савдогар савдо мобайнида воқеъ бўлиб турадиган камчиликларига, бекордан бекор гапирган беҳуда гап сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкинлиги эътиборидан тез-тез садақа қилиб туришлари каффорат бўлади.

Тижоратчиларнинг иши қийин, чунки ҳар бир лаҳзада бировнинг ҳаққи устида туради.

Имом Абу Ҳанифа р.а.нинг машҳур шогирдлари Имоми Муҳаммад р.а.дан: “Тақво ҳақида бир китоб ёзсангиз” деб илтимос қилганларида, у киши: “ёзиб қўйганманку”, дедилар. Шунда: “У қайси китоб?” дейишганда, “Китобул байъ тижорат китоби”, деб жавоб берган эканлар. Бу зотнинг “Ким тижоратни тўғри қилса, шунинг ўзи тақво дегани”, бўлади.

Зеро, асосий энг катта тақво, инсон луқмасининг ҳалол бўлишидадир.

Ҳаром касб ҳаром ризқнинг ёмон оқибати. Мусулмон киши харомдан ҳазар қилишда ўта масъулиятли бўлиши керак.

Ҳозирги кунда юртимизда тадбиркорларимизга кенг имкониятлар берилганлиги боис, тижоратчиларимиз халқимиз эхтиёжлари, талабларини қондирадиган ҳар турли маҳсулотларни ишлаб чиқаряптилар, ўзимизда кам учрайдиган, қишин-ёзин мавсумий маҳсулотларни эса дунёнинг қайси жойидан топиб бўлса ҳам келтириб  бозорларимизни тўлдириб, етказиб турибдилар. Мана бундай машаққатлар билан ҳалол касб орқали топган маблағларидан кексалар уйи, меҳрибонлик уйига, мактаб, боғча каби муассасаларга ёрдам бериб келмоқдалар.

Пайғамбар с.а.в. ҳалол ризқ топиш фазилати ҳақида шундай дедилар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни у Аллоҳ таолога юзи ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”, дедилар.

Пайғамбар с.а.в.: “Садақа 70 хил балони даф қилади, у балоларнинг энг енгили мохов ва песлик касаллигидир”.

Анас р.а. дан ривоят қиладилар, Набий с.а.в. айтдилар: “Моли бор одам молидан, илми бор илмидан, қуввати бор қуввати билан садақа қилсин”, дедилар.

Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Post Views: 101 Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *