Бош саҳифа » Ислом » Илм. Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак

Илм. Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак

Чин мусулмоннинг шахсияти барча ижобий хислатларни ўзида мужассам қилиб, салбийларидан йироқ бўлади. Зеро, мусулмон одам илму ирфон, ҳаракат ва меҳнат билан оламни обод қилишга, дунёда эзгулик уруғини сочишга буюрилган бўлиб, бунга фақат масъулият, жидду жаҳд ва ҳар ишни пухта ва мукаммал равишда бажариш орқалигина эришиш мумкин.

Мусулмон киши ўзи эгаллаган касбнинг моҳир билимдони бўлиши талаб этилади. Агар у деҳқон бўлса, деҳқончиликнинг барча сир-асрорларини билиши ва уларга оғишмай амал қилиши лозим. Агар табиб ва шифокор бўлса, табобат қонун-қоидаларидан етарлича хабардор бўлиши, беморга ёзаётган дори-дармонларнинг хусусиятлари, беморнинг аҳволидан келиб чиқиб бериладиган миқдори, вақтлари ва ҳоказолар ҳақида аниқ билимга эга бўлиши, тажрибаси бўлиши талаб қилинади ва ҳоказо. Умуман, қайси соҳа ёки касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмон ўз соҳасининг билимдони бўлиши ва ишини рисоладагидек бажариши зарур. Масалан, саноат соҳасида ишлайдиганлар ҳам шундай. Халқ истеъмоли учун мўлжалланган маҳсулотни барча қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда ишлаб чиқариш, унинг сифати ва пухталигига биринчи галда эътибор қаратиш ҳам ишлаб чиқарувчининг вазифасига киради.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إن الله يحب إذا عمل أحدكم عملا أن يتقنه

«Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради», деганлар (Абу Яъло ривояти, «Мажмаъу-з-завоид»; Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир»).

Шунга кўра амалга оширилаётган ишни пухта ва мукаммал равишда, холисанлиллоҳ адо қилиш алоҳида ибодат ҳисобланади. Бинобарин, кишига бунинг учун қўшимча ажру савоблар ёзилади.

Барча ишни комил ва гўзал суратда, мукаммал бажариш муҳим ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга ҳам моликдир. Зеро, иш ва хизматнинг мукаммал ва пухта амалга оширилиши сабабли жамият гуллаб-яшнайди, кишилар ўртасида ишонч, розилик, дўстлик ва ҳурмат ришталари пайдо бўлади.

Мўмин киши бирор ишнинг жавобгарлигини бўйнига олса, унга жиддият ва масъулият билан ёндашади, у лафзи ҳалол, қатъиятли, ўз шаъни ва ҳурматини сақловчи, ҳамиятли инсон бўлади. Бир ишга келишдими, ваъда бердими, қай ҳолга тушишдан қатъи назар, ўз нафсининг роҳатидан кечиб бўлса ҳам ваъдасининг устидан чиқади. Фақат замонавий муомалаларда «форс-мажор» деб аталадиган ҳолатларгина бундан мустаснодир. «Форс‑мажор» (force majeure) сўзи француз тилидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан юқори қувват, ўзига бўйсундирувчи зарурат деган маънони англатади. Бу ҳолат шартномалашувчилардан бирортасига етиб, зиммасидаги вазифани тамомига етказишга тўғаноқ бўлувчи кутилмаган табиий офат, фалокат ва ҳоказоларни кўзда тутади. Фақат мана шундай ҳолатларгина шартномалашувчи томонлардан бирини ўз масъулиятидан озод қилиши мумкин.

Баъзи ишлаб чиқарувчилар халқ истеъмоли учун чиқараётган маҳсулотларининг сифатига унчалик эътибор бермайдилар, балки «Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш қиладилар. Баъзиларнинг тирикчиликдан мақсади фақат пул топишдан иборат бўлиб қолаяпти. Ундайлар «сифатини яхшиласак, харажати ошиб кетади, молимиз ўтмай қолади» каби турли хил баҳоналар билан ўзларини оқлайдилар ҳам. Бу сўзларнинг нақадар нотўғрилиги, воқеликка зид экани ақл соҳиби учун сир эмас. Одамлар бироз қиммат бўлса ҳам сифатли ва чидамли молни афзал кўриши ҳаммага маълум ҳақиқатдир. Агар сифатли мол кетмаганида, бугунги кунда юртимизда мавжуд бўлган бирорта сифатли товар ўз харидорини тополмаган бўларди.

Тадбиркор ёки ишлаб чиқарувчилар истеъмолчининг ҳуқуқларига риоя қилиб, маҳсулотнинг сифат даражасини жаҳон стандартларига яқинлаштирса, гарчи унинг таннархи бироз ошса ҳам, келажакда бундай маҳсулот халқ ичида катта қизиқиш ва талаб қозонади, уни истеъмол қилган ёки фойдаланган одамлар мамнун бўлиб, ишлаб чиқарувчининг ҳаққига хайрли дуолар қилишади. Айни чоғда маҳсулот сифатига эътибор бериш тадбиркорга узоқ муддатли фойда манбаи бўлиб хизмат қилади, ўзининг узоқ муддатли шахсий бизнесини йўлга қўйишга, жаҳон тижорат майдонида ўз ўрнини топиб олишига туртки бўлади.

Қолаверса, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган маркали товарларнинг бошқа давлатларга экспорт қилиниши жонажон ва мустақил юртимизни дунёга янада кўпроқ танитиб, халқаро майдондаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлайди. Маҳсулотларимиз ўзга юртларга экспорт қилиниши учун зарур бўлган омилларнинг асосийси эса маҳсулотнинг сифат даражаси ва кўркам идишларда қадоқланиши ҳисобланади. Бизнингча, миллий маҳсулотларимизнинг ўзга давлатларда ўзига яраша талабга эга бўлиши ўзини шу юртга мансуб ҳисобловчи барча инсоннинг орзуси бўлса керак.

Ундан ташқари, молининг сифатига эътибор қаратувчи ҳунарманд ва ишлаб чиқарувчилар ниятларига қараб қўшимча ажр-савоблар ҳам олаверишади. Демак, мўмин киши хоҳ дунёвий иш бўлсин, хоҳ ухровий иш бўлсин, ўз ишини пухта ва комил суратда бажариши матлуб экан. Ана шундай қилинса, маиший ҳаётдаги ишлари ҳам ибодатга айланиб кетар экан.

Ҳар бир ишни яхшилаб, пухталаб қилиш динимизда «эҳсон» ҳам дейилади. Эҳсон ҳамма нарсада ўз ўрни ва ифодасини топиши керак. Ибодатдаги «эҳсон» намозда Аллоҳни кўриб тургандек, хушуъ-хузуъ, хотиржамлик ва виқор билан, барча одобларига риоя қилган ҳолда адо этиш, жонлиқ сўйишдаги «эҳсон» жонлиққа ортиқча озор бермасдан, пичоқни ўткирлаб, қийнамасдан забҳ қилиш ва ҳоказолардир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларидек, «Аллоҳ ҳамма нарсада «эҳсон»ни амалга оширишга буюрган…». Шунга кўра, «эҳсон» ҳамма нарсага тегишли: ишлаб чиқаришга ҳам, нон ёпишга ҳам, таом пиширишга ҳам, бировнинг ишини битириб беришга ҳам, корхонада хизмат қилишга ҳам, қўйингки, ҳамма-ҳамма ишда «эҳсон» талаб этилади.

Шу ўринда мавзуга алоқадор бўлган бир ҳаётий ҳикояни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Қурилиш корхонасида бир уста-муҳандис ишларди. У ҳар доим ўз ишига масъулият билан ёндашиб, уни пухта ва мукаммал суратда адо қиларди. Қурилажак иншоотларни биноларни барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рисоладагидек қурарди. Уста нафақа ёшига етгач, хўжайинидан нафақага чиқаришни илтимос қилди. Лекин корхона раҳбари бунга дарров кўнмади. Бундайин ўз ишини пухта бажарувчи ходимни ҳеч қўйиб юборгиси келмасди. Лекин муҳандис ўз талабида қаттиқ туриб олди. Энди умрининг қолган қисмини оила ва бола-чақалари билан биргаликда истироҳатда ўтказиш ниятида эканлигини айтди. Хўжайини уни бўшатгиси келмаганлигидан, ҳатто унга аввалгисидан бир неча баробар ошиқроқ маош ҳам таклиф қилди. Лекин уста ўз қарорида туриб олгач, бошлиқ бир шарт билан уни истеъфога чиқаришга розилик берди. Раҳбар унга қуйидаги илтимос билан юзланди: «Сиздан сўнги илтимосим бор. Охирги уйни қуриб беришингиз керак. Ўша лойиҳани амалга ошириб берсангиз, бас, дарҳол нафақага чиқараман». Муҳандис истар-истамас бу шартни қабул қилишга мажбур бўлди ва вақтни ўтказмай, ишга киришди. Лекин мазкур лойиҳа сўнги иши бўлгани учунми, негадир бу сафар ўз одатига хилоф равишда ишнинг сифатига унчалик эътибор бермади. Барибир нафақага чиқаман-ку, дея масъулиятига панжа орасидан қаради. Қурилиш учун энг сифатсиз материалларни ишлатди. Қурувчи ва ёлланма ишчилардан фақат тезлик ва суръат талаб қилди, холос. Хуллас, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида йўл тутди. Ҳаш-паш дегунча уй ҳам битди. Уй кўринишидан кўркам ва маҳобатли кўринса ҳам, аммо бир йилга бормай, кўп жойи ишдан чиқиши, пойдевори чўкиб, девор сувоқларида дарзлар пайдо бўлиши, ғиштлар шўралаб, ташқи пардоз қиёфасини бузиши тайин эди. Уйнинг ички безаклари ҳам шунчаки қўл учида қилинган эди. Уста уй калитини топшириш учун бошлиққа учрашди. «Худога шукр-ей, энди нафақага чиқадиган бўлибман», дея хурсанд эди у. Уста уйнинг калитини топшириб, хўжайинидан рози-ризолик сўраб, энди хонадан чиқишга чоғланар экан, хўжайин уни тўхтатди.

«Уста! – деди у алланечук меҳр билан. – Бу уй мендан сизга совға!.. Шунча йиллик ҳалол меҳнатингиз эвазига мана шу ҳадямни қабул қилинг!.. Келинойим, фарзандларингиз ва набираларингиз билан бу янги уйда роҳатда яшанглар!.. Ишдан бўшаш ҳақида ариза берганингизнинг ўзидаёқ сизга шундай «сюрприз» қиламан, деб кўнглимга тугиб қўйган эдим. Қанча-қанча инсонларга қулай ва шинам уйлар қуриб бердингиз, энди ўзингиз ҳам шундай уйларда яшашга ҳақлисиз!.. Муборак бўлсин!..».

Бошлиқ шундай деб уйнинг калитларини табассум билан устага топширди. Устанинг оёқ-қўллари қалтираб, бўшашиб кетди. Бу сўзлар унинг бошига бамисоли тўқмоқдек зарб билан тушган эди. Шунча йил давомида қилмаган ишини қилиб, қандай қилиб шу сафар аҳмоқлик қилганини ўйлаб, ўзини кечира олмас, ачиниб, афсус-надоматлар чекарди. Ичига чироқ ёқса ёришмасди. Агар у ўз уйини қураётганини билганда эди, ишни ихлос билан пухта қилишда, мустаҳкам қуришда ҳеч қандай камчиликка йўл қўймаган бўларди.

Қаранг-а, бир марта лоқайдлик эвазига ҳалиги одам ўз бошига бир умрга татигулик зарар келтирди. Қиссадан ҳисса шуки, ҳаммамиз ҳаётда мазкур ҳикояда тилга олинган устага ўхшаймиз. Агар қилаётган дунёвий ва ухровий ишларимизни пухта бажарсак, биринчи бўлиб ўзимизга яхши. Зеро, ҳар биримизнинг ишимиз ўзимиз учун дунё ва охират қасрларини қуриш, дунё ва охират ҳаётини обод қилишдан иборат. Бу ҳаётда жиддият билан ишласак, албатта ободлик ва фаровонликка эришамиз. Тоат-ибодатларимизни ҳам пухталик ва эҳсон билан адо қилсак, охират уйимиз ҳам обод бўлади, иншоаллоҳ. Бордию, одатимиз бунинг акси бўлса, ҳикояда келтирилган устанинг ҳолига тушиб қоламиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Ушбу мақолани тақдим этган Баҳодир Муҳаммадиевга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *