Бош саҳифа » Ислом » Илм. Исломда мерос масаласи

Илм. Исломда мерос масаласи

Мерос сўзи «Виросатун» сўзидан олинган бўлиб маънавий ёки молиявий ҳаққа эга бўлиш дегани. Яъни, бирон нарсани бир шахсдан бошқасига ўтишлигидир. Шу маънога кўра “Мерос” мол, бойлик, илм, улуғликни ўз ичига олади.

Фиқхий тушунча бўйича, майитнинг ортида шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади. Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, суннат ва ижмоъдан олинган. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган. Мерос илмини ФАРОИЗ илми ўргатади. Бу илмнинг билимдони “Фароизи” деб номланади.

Мерос илмининг ғояси – қолдирилган меросни ҳар ҳақ эгасига ўз ҳақини, шарий белгиланган улушини етказишдир. Мерос илмига Аллоҳ таолонинг ўзи асос солгандир. Ибни Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аҳли фароизлар ўртасида молни Аллоҳнинг китоби бўйича тақсим қилинглар”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларида бу масалага озгина ўрин қолган холос. Ўлган кишидан қолган тарикага бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади (4 та):

  1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи галда уни кафанга қўйиш учун кетадиган сарфларга ажратилади. Бу ҳаражатлар учун кетадиган молларда меросхўрларнинг ҳақлари бўлмайди.
  2. Қарзлари бўлса, уларга ҳам маблағ ажратилади. Қарз икки хил бўлади.

2.1 Бандалардан қарзи.

2.2 Аллоҳдан қарзи. Бу қарз ҳам меросхўрларнинг ҳақидан устун туради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисларда: “Мўминнинг руҳи — то адо этилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар. Аллоҳдан қарзига берилмай қолган закот, кафорат ва назирларига ўхшаш нарсалар киради. Агар мол қолдирувчи ўлимидан олдин Аллоҳдан қарзларини ҳам адо қилиш ҳақида васият қилган бўлса, улар ҳам адо этилади. “Агар майит ўлимидан олдин Аллоҳдан қарзларини ўташ ҳақида васият қилмаган бўлса нима бўлади?” деган саволга ҳанафий мазҳаб уломалари айтишларича: у қарзлар берилмайди, чунки улар молиявий ибодат эди, ўлим етиши билан ибодатлар ундан тўхтайди, у ибодатларни, яъни закот, кафоратларини ўз вақтида, яъни тириклигида адо этмагани учун майит гуноҳкор бўлади. Уёғи Аллоҳга ҳавола қилинади. Хоҳласа азоб хоҳласа мағфират қилади. Бошқа мазҳаблар эса: “Бу қарзлар ҳам тариқадан адо этилади”, дейдилар. Лекин меросхўрлар ўз улушларидан марҳумга атаб қилса савоб.

  1. Майитнинг маолиявий васиятларига сарф қилинади. Агар васият қилинган маблағ миқдори меросга қолган молнинг учдан бирига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса, васиятга амал қилинади. Агар учдан биридан кўпини васият қилган бўлса, васият ўтмайди. Мана шу учдан биридан ортиғи меросхўрларнинг ҳақи бўлади. Васият шаръий бўлиши керак.

Агар меросхўрлар рози бўлса васият қилинганидан зиёдасини ҳам ўз ихтиёрлари билан, савоб умидида, ҳайрли ишларига сарфлашлари мумкин. Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Саъад ибн Абу Ваққос келиб ўз молларини ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканларини айтганларида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаганлар. “Ярминичи?” деб сўраганларида ҳам изн бермадилар. “Учдан бириничи?” деганларида у зот “учдан бирига майли, аслида учдан бири ҳам кўп” дедилар. “Сендан кейин меросхўрларингни бой, беҳожат ҳолларида қолдириб кетмоғинг, уларни одамлардан тиланиб борадиган ҳолларида қолдириб кетмоғингдан яхшидир”, деганлар. Ўлаётган одам ўлим олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратни ўйлаб бор будини садақа қилиб юборишга тайёр бўлиб туради. Ҳаммасини бериб юбориши меросхўрларига зулм қилган бўлади. Энди васиятлар ўлимдан кейин амалга оширилар эканми, шундай бўлганидан кейин, киши агар ўз фарзандидан бирига бирор уйни васият қилмоқчи бўлса нима қилиши керак. “Болам мана шу уй мендан сенга тириклигимда хадя сенга шуни бердим” деса, у бола: “хўп қабул қилдим” деса, бу мулк ўша боласини шахсий мулкига айланади. Лекин зинхор ота: “Мана шу уй ўлганимдан кейин сенга” деб айтишга ҳаққи йўқ, нега? Чунки у ўлганда қолган молининг учдан биринигина васиятга бажара олади холос, қолган қисмида бошқа қолган яқинларининг ҳам ҳақи бўлади. Аслида уйларини отамиз тириклигида биз қурган бўлишимиз мумкин. Лекин у уйни отамизни ерига қурганмиз, қураётиб отамга деб қурганмиз. Шунинг учун ота ўзидан кейин муаммо туғилишига кўзи етса уни тириклигида молу давлатини хоҳлаган фарзандига ҳадя қилдим деб бера олиши мумкин, “ўлганимдан кейин” деган сўзни айтмаслиги керак. Энди уй боланинг мулкига айланади, отанинг гарданидан соқит бўлади, боласига айтади: “ўғлим энди сизнинг уйингизда ўлгунумга қадар яшаб тураман” деса бола у отасини ўша уйда қаромоғига олиб бирга туради ва отаси ўлгандан кейин ҳам ўша уйда бошқаларнинг ҳақи қолмайди ва тақсимланмайди. Агар мана шу уй сенга ўлганимдан кейин деб айтган бўлса, ўша ўғлидан ташқари бошқа фарзандларини уйли жойли қилиб бўлган, қизларини узатган бўлса ҳам ҳаммасининг у уйда ҳаққи бўлади. Кишини тириклигида бергани ҳадя бўлади, ўлганидан кейин сенга ёки фалончига дейиши васият бўлади. Лекин васиятга аталган мол мулк ўзиникиларга яъни меросхўрларга ўтмайди. Бегоналарга бериш учун айтган васияти ўтади. Исломнинг аввалида ота, она ва қариндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди. Мусулмон киши ўлимидан олдин “молининг бунчаси отамга, бунчаси онамга яна бунчаси ўғлимга ёки қизимга беринглар” деб васият қилар эди. Мерос оятлари нозил бўлиб бу нарса (амалдан қолиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар) орасида тақсим қилиш жорий қилинди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир эркак ёки аёл 60 йил Аллоҳнинг тоатида амал қилади, сўнгра икковига ўлим ҳозир бўлур ана шунда зарарли васият қилиб қўйиб, иккисига дўзах вожиб бўлур” дедилар ва “Қилинган зарар етказмайдиган васият ёки қарздан” сўнг оятини қироат қиладилар”. Зарарли васиятга мисол: фалончи яқинимга меросимдан берилмасин деб ўз меросхўрларига зарар етказадиган васият қилиш мусулмон киши учун ҳаром. Юқоридагилардан қолгани ворисларга шаръий мерос қилиб тақсимланади.

  1. Маййитнинг кўмиш ҳаражатлари, қарзи ва васиятидан ортиб қолган моли меросхўрларга бўлиб берилади. 

Мероснинг арконлари 3 та:

  1. Мерос қолдирувчи.
  2. Меросхўр.
  3. Мерос. 

Мероснинг шартлари 3 та:

  1. Мерос қолдирувчининг ўлими ҳақ бўлиши ёки ўлгани тўғрисида ҳукм чиққан бўлиши. Фалончи ўлим тўшагида ётибди, барибир ўлади келинглар, меросини ҳозироқ бўлиб қўяйлик деб бўлмайди ёки ўлиги ҳам тириги ҳам йўқолса маҳкама қози унга таалуқли маълумотларни ўрганиб чиқиб, бу одам ўлган деб ҳукм чиқарса ана ундан сўнг унинг моли тақсимланади.
  2. Мерос қолдирувчи ўлган вақтда меросхўрлар тирик бўлиши. Яъни, меросга ҳақли киши ҳам бирга ўлмаган бўлиши мумкин. Масалан: фожияларда, ер қимирлаши, сув тошиши, жангда. Агар бир одам вафот этса отанинг меросидан олиб, ундан кейинги ўлган ўғлининг молига қўшилади ва меросхўрларига бўлиб берилади.

Шунингдек, жон кирган ҳомиладаги бола туғилгунича кутиб турилади, чунки унинг жони бўлгани учун меросда ҳақи бор, масалан: бир киши вафот этганда хотини ҳомиладор эди, туғилгандан сўнг ўғил ёки қизлигига қараб мерос тақсимланади.

  1. Қариндошлик ва мерос олиш ҳақи билиниши.

    Қариндошлик ва никоҳ. Яъни, мерос олишга ҳақли қариндоши йўқми буни билиб, меросга ҳақларини ажратиб олади. Масалан: туғишган амакими, ота бирми ёки она бирми? Чунки баъзи қариндошлар мерос олишга ҳаққи йўқ бўлиб чиқади.

Шунингдек, мерос олиш даражалари ҳам турлича бўлади:

  1. Фарз эгалари. Қуръон, Суннат ёки ижмоъда ҳиссаси аниқ белгилаб берилган меросхўрлар фарз эгалари дейилади.
  2. Насабий асабалар. “Асаба” деганда, кишига энг яқин эркак қариндошлар тушунилади.
  3. Эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига ҳақларидан ташқари меросдан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш. Мерос фарз эгаларига тақсим қилингандан кейин ортиб қолса, асаба қариндошлар олади. Лекин асаба бўлмаса, ортиб қолганини фарз эгаларига ўз ҳиссаларига кўра бўлиб берилади.
  4. Аёл томонидан бўлган қариндошлар. Бу тоифага тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар киради.
  5. Эр ва хотинга қайтариш. Масалан, бир эр вафот этди. Ортидан хотинидан бошқа меросхўр йўқ. Хотин қолган мероснинг тўртдан бирини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса бошқа меросхўрлар бўлмагани учун қайтариш ила олади.
  6. Аввал қул бўлиб, кейин озод этилган киши вафот этсаю, меросхўр бўлмаса, уни озод қилган киши меросини олади.
  7. Бизнинг мазҳабимизда меросхўри йўқ одам молининг бировга берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.
  8. Байтулмол. Марҳумнинг ортидан умуман меросхўр бўлмаса, унинг моли байтулмолга топширилади.

Ҳанафий уламоларимиз меросдан манъ қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан манъ қиладиган нарсалар қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар.

Мерос олишга монеълик қилувчи сабаблар

  1. «Қатл» оқил, болиғ, ҳур кишининг мерос қолдирувчини ноҳақдан ва узрсиз қасддан ўлдириши бу мавзуда кўзда тутилган қатл бўлади. Ўлдиришга шерик бўлса ҳам. Ота боласини ўлдирса ҳам. Ўлдиришга бировни ёлласа ҳам. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қотил мерос олмайди”, деб марҳамат қилганлар.
  2. Мерос қолдирувчи билан меросхўрнинг дини бошқа бўлиши. Мусулмон одамдан мусулмон бўлмаган одам мерос олмайди. Шунингдек, мусулмон одам мусулмон бўлмаган одамдан мерос олмайди. Усома ибн Зайт розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кофирдан мерос олмайди, кофир мусулмондан мерос олмайди” дедилар. Муртад – исломдан чиққан одам ҳам ололмайди. Уламолар баъзи тавсилотларида муртад эркак киши бўлса, унинг мусулмонлик вақтида топган молларини мусулмон меросхўрлари тақсимлаб олсалар бўлади. Муртадлик холида топган моллари эса, байтулмолга қолади. Агар муртад аёл киши бўлса, унинг меросини мусулмон қариндошлари тақсимлаб олсалар бўлади. Зинжиқ сиртидан мусулмон бўлиб кўриниб, ичида исломга қарши бўлган, кишининг мисоли муртадники кабидир.
  3. Қул аёл ва эркак бировдан мерос олмаган ва уларнинг мероси ҳам бўлмаган.
  4. Пайғамбарлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан, у зотдан мерос қолмаган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ҳам, дирҳам ҳам, қўй ҳам, туя ҳам қолдирмадилар. Бир нарсани васият ҳам қилмадилар”. Бу ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камтаринликлари дунё ташвишларидан узоқликларидан аломатдир.
  5. “Лиъон”. Бир одам зино қилганидан шубҳа қилиб хотини билан қозининг олдида бир бирига лаънат айтиб ажрашган бўлса ва унинг ҳомиласи ўзидан эмаслигини айтган бўлса, туғилган бола халиги одамдан мерос олишдан ман қилинади. Чунки эркак уни мени болам эмас демоқда.
  6. Зино. Зинокор эркак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам бола ундан мерос олмайди. Чунки никоҳ бўлмаган.
  7. Бундан ташқари меросда ҳажб деган ибора ҳам бор. Ҳажб луғатда манъ қилиш, тўсиш деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса, яқин ворис узоқ меросхўрни ёки яқинроқ меросхўр яқин меросхўрни мероснинг ҳаммасидан ёки баъзисидан манъ қилишига айтилади. Масалан, бобо билан ота, ота бор жойда бобо мерос олмайди. Ота билан ўғил, ўғил бор ерда ота барча меросни эмас, унинг олтидан биринигина олади.

Меросдан тўсилиб қоладиганлар. Булар икки хил бўлади:

  1. Хажби нуқсон
  2. Хажби хирмон.

Хажми нуқсон – меросдан тегадиган кўп улуш озга айланиб қолади. Масалан, эр-хотиннинг боласи бўлмаса унинг меросини ярмини олади. Аммо хотиннинг боласи бўлса, эрга мероснинг тўртдан бириси тегади. Бунда хотиннинг боласи эрни хажби нуқсон билан тўсган ва меросдаги улушини камайтирган  бўлади.

Хажби хирмон бўладиганлар етти хил меросхўрлар:

2.1 Бобо – у ота билан хажби хирмонга учрайди яъни невараси ўлган бобо ўз ўғли тирик бўлгани учун неварасидан қолган меросдан ололмайди.

2.2 Момо – у она билан хажби хирмонга учрайди.

2.3 Ота бир  ёки она бир опа-сингиллар улар туғишган ўғил, ўғилнинг ўғли ва ота билан хажби хирмон бўлади.

2.4 Ота бир опа-сингиллар, улар ота бир она бир ака-укалар ва икки ота бир, она бир опа-сингиллар борлиги билан меросдан маҳрум бўлади.

2.5 Она бир ака-укалар улар ота, бобо ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли ва ўғилнинг қизи билан хажби хирмонга учрайди.

2.6 Ўғилнинг қизлари. Улар ўғил, икки қиз ва улардан кўплар билан асабалари бўлмаса, хажби хирмонга учрайдилар.

2.7 Ўғилнинг ўғли – у ўғил билан хажби хирмонга учрайди.

Мерос ҳақида оятлар. “Нисо” сурасининг 11-12 оятларида қуйидагича баён қилинган:

Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп(аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар у(майит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир” (11-оят).

“Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда ҳалим зотдир” (12-оят).

Қуръони каримда зикр қилинган улушлар ва уларнинг махражлари

Аввало, мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган қариндошлар ҳақида сўз юритсак. Мерос олишлари мумкин бўлган эркаклардан бўлган ворислар ўн бештадир. Уларнинг мерос олишликда ҳақдорликлари, мартабалари ва даражалари ҳам тартибга кўрадир:

  1. Ўғил
  2. Ўғилнинг ўғли ва ундан юқоридагилар
  3. Ота
  4. Саҳиҳ бобо ва ундан юқоридагилари
  5. Туғишган ини (ака-ука)
  6. Ота бир ака-ука
  7. Она бир ака-ука
  8. Туғишган инининг ўғли
  9. Ота бир инининг ўғли
  10. Туғишган амаки
  11. Ота бир амаки
  12. Туғишган амакининг ўғли
  13. Ота бир амакининг ўғли
  14. Эр
  15. Қул озод қилувчи (эркак киши). Булардан бошқа эркак ворислар йўқ.

Аёллардан бўлган ворислар ўнта бўлиб, улар қуйидагилардир:

  1. Қиз
  2. Она
  3. Ўғилнинг қизи ва ундан қуйидагилар
  4. Саҳиҳ момо (онанинг онаси) ва ундан юқоридагилар
  5. Саҳиҳ момо (отанинг онаси) ва ундан юқоридагилар
  6. Туғишган сингил
  7. Ота бир сингил
  8. Она бир сингил
  9. Хотин
  10. Қул озод қилувчи аёл

   Қуръони каримда зикр қилиниб, миқдори белгиланган фарзлар олтитадир. Улар қуйидагилар:

  1. 1/2 нисф – ярим улуш
  2. 1/4 рубуъ – тўртдан бир улуш
  3. 1/8 сумун – саккиздан бир улуш
  4. 2/3 сулусон – учдан икки улуш
  5. 1/3 сулус – учдан бир улуш
  6. 1/6 судус – олтидан бир улуш

Энди мазкур насиба миқдорларига ҳақли бўлган ворисларни зикр қилиб ўтсак.

  1. Аввало, 1/2 нисфга бешта ворис ҳақлидир, улардан биттаси эркаклардан, тўрттаси аёллардан:
  2. Эр
  3. Қиз
  4. Ўғилнинг қизи
  5. Туғишган сингил
  6. Ота бир сингил. Буларнинг ҳар бирига мерос олиши учун белгиланган шартлар бор.
  7. 1/4 – рубуъ тўртдан бир улушга ҳақли бўлганлар иккита – эр ва хотин. Агар хотин вафот этиб, ундан фарзанд қолган бўлса, эри тўртдан бир олади.
  8. 1/8 – сумун мерос миқдорига эр вафот этиб ундан фарзанд қолган бўлса, аёли саккиздан бир улуш олади.
  9. 2/3 – сулусон бу улуш миқдори тўрт гуруҳ ворислар насибаси бўлиб, барчаси аёллардир:
  10. Икки ва ундан ортиқ қизлар.
  11. ўғилнинг икки ва ундан кўпроқ қизлари.
  12. икки ва ундан кўпроқ туғишган сингиллар.
  13. икки ва ундан кўпроқ ота бир сингиллар.
  14. 1/3 – сулус бу икки хил ворисларнинг мероси ҳисобланади:
  15. Она – агар маййитнинг фарзанди ёки ўғилнинг фарзанди бўлмаса, учдан бир олади.
  16. Икки ва ундан кўпроқ бўлган она бир ака-ука, опа-сингиллар, агар маййитнинг асли ва фаръи бўлмаса учдан бир улуш олади.
  17. 1/6 – судус бу миқдорнинг ҳақдорлари еттитадир:
  18. Ота – агар маййитнинг фарзанди бўлса, ота олтидан бир олади.
  19. Жадди саҳиҳ – ота бўлмасдан, маййитнинг фарзанди бўлса, бобо олтидан бир олади.
  20. Она – агар маййитнинг фарзанди, ака-ука, опа-сингиллари бўлса, она олтидан бир улуш олади.
  21. Ўғилнинг қизи – агар маййитнинг битта қизи бўлса, у қиз нисф олади, ўғилнинг битта ва ундан ортиқ қизлари бўлса, судус олади.
  22. Ота бир сингил – агар маййитнинг биттагина туғишган синглиси бўлса, ота бир сингиллар олтидан бир оладилар.
  23. Она бир ини ёки сингил – она бир ини агар маййитнинг асли ва фаръи бўлмаса, судус олади.
  24. Жадда саҳиҳа – она бўлмаганда жадда саҳиҳа (онанинг онаси, отанинг онаси) олтидан бир мерос олади.

Исломда фароиз, яъни мерос масаласи жуда нозик ва мураккаб илмки, унинг барча қирраларини бунда келтиришлик анча мушкул ишдир. Ҳажбнинг турлари, авл қоидалари, раднинг боблари, муқосама, муносаха, завил-арҳам, асаба каби кенг қамровли масалалар борки, эҳтиёткорлик билан ёндошиш лозим. Бунга етарли илмимиз ва уқувимиз етмаслиги боис батафсил тўхталишни лозим топмадик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фароизни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар у илмнинг ярмидир. У унутилади. У менинг умматимдан биринчи суғурилиб олинадиган нарсадир”, деганлар.

Илҳомжон Умаржон ўғли,
“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

Манбалар асосида тайёрлади

Ўхшаш мақола

Жума мавъизалари (аудио). Наврўз ва поклик

Илҳомжон Мадалиев, Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *