Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Илк ўрта асрлардаги Чоч тараққиётига Сўғднинг таъсири

Илк ўрта асрлардаги Чоч тараққиётига Сўғднинг таъсири

Тарихий Чоч Ўрта Осиёдаги йирик деҳқончилик воҳаси (Чирчиқ ва Оҳангарон дарёлари ҳавзаси) ва кўчманчи чорвадорларнинг ҳудудлари кесишган ўзига хос маданиятга эга минтақа ҳисобланади.

Чоч ҳақидаги илк ёзма маълумотлар Қанғ давлати ва ундан мустақил давлатлар ажралиб чиқиши даврига тўғри келади. Чоч (c’c) атамаси дастлаб II — III аср биринчи ярмига оид Чимкент яқинидаги Култепа шаҳри харобасидан топилган пишган ғиштга сўғдий ёзувда ва 262 йилга оид Сосоний подшоси Шопур I нинг «Кабайи Зардушт» битигида учрайди. Унда Чоч мулки Сўғд ва Чочистон тоғлари қадарлиги таъкидланади. Уралдаги Кечево қишлоғидан топилган III-IV асрларга оид идишда ҳам сўғдий ёзувда “Чоч халқига тегишли….буюмлардан” деб битилган. Ёдгорлик эса Чочдан бўлган хионий ҳукмдорига тааллуқлидир. Сосоний ҳукмдори Хурмузд IV бошқарувининг 6-йили (584-585 йиллар)га оид кумуш драҳмаларида, VI-VIII асрларга мансуб Турк хоқонлиги даври воҳа ҳукмдорларининг турк-сўғд намунасидаги тангаларида ҳамда Қанҳа шаҳри харобасидан топилган сопол идишдаги турк руний битигида ҳам Чоч атамаси учрайди.

Чоч илк ўрта асрлар Хитой манбаларидан 550-570 йилларда Вэй Шоу (506-572) томонидан ёзилган “Вэй шу” солномасининг 102-бобида Чжэшэ (Чиачиат) давлати сифатида тилга олинади. Бу маълумот VII асрга оид “Бэй ши” солномасида ҳам такрорланади. Уларда келтирилишича, 437 йилда мустақил Чочдан Хитойга элчилар борган. Бошқа Хитой манбаси “Тундяне”да Чоч давлатининг Суй сулоласи (581-618) билан дипломатик алоқаси тилга олинади. Қолаверса, Сўғд каби Чоч ҳукмдорлари ҳам келиб чиқиши юэчжиларга бориб тақалувчи чжаоулар хонадонига мансуб бўлишган.

Буюк ипак йўлида Шарқни Сўғд билан боғлашда Чочнинг ўрни аҳамиятли эди. Сўғдийларнинг Чочга кириб келиш жараёнини милоддан аввалги VI асрлардан бошланган ва милодий IX асргача тўрт босқичда давом этган: 1) мил. авв. VI асргача, яъни илк савдо йўллари орқали; 2) мил. авв. IV асрдан мил. III асргача, асосан сиёсий ва иқтисодий алоқалар кучайиши орқали; 3) III-VIII асрларда яқин сиёсий ва этно-маданий муштараклик орқали; 4) VIII-IX асрлар араб фатҳи ва кейинги тарихий жараёнлар орқали. Айни шу даврлардаги сўғдийларнинг шимоли-шарқ йўналишидаги ҳаракатлари давомий бўлиб, бу ҳаракат Усрушона, Чоч, Еттисув, Қашғар, Хўтан каби йўналишларда кечган. Чочда эса сўғдийлар ўзлари учун қулай бўлган тоғли ва тоғолди ҳудудларига жойлашганлар. Натижада янги манзилгоҳлар пайдо бўлган. Воҳанинг туб аҳолиси саклар ҳам мил. авв. 1 минг йиллик 2-ярмидан ўтроқлашиша борганлар. Сўғдийлар халқаро савдо–жараёнларига чочликларни ҳам тортади. Дунгхуангнинг Сунгхуа қишлоғида яшаган ўртосиёлик муҳожирлар қаторида чоч — “ши”ликлар Ши Шулўдан, Ши Мопўлар номларини хитой тарихчиси Ли Минвэй «Суйтан сичау чжилу» асарининг 217-бетида келтиради. IX асрга оид Шарқий Туркистондан топилган сўғдий тилдаги «Халқлар рўйхати» (“Нафнамак”) асарида ҳам сўғдийлар, бухороликлар қатори чочликлар ҳам тилга олинади. Бу эса сўғдийлар ва чочликларнинг Ипак йўлидаги узоқ йиллик ҳамкорликдаги фаолиятидан дарак беради.

Асрлар давомида воҳадаги туркий қавмлар сўғдий маданиятнинг кўп қирраларини ўзлаштириб бордилар. Бу Чочда шаҳарсозлик, ҳунарманчилик ва ёзув маданияти анъаналарида акс этди. Улар урбанистик жараёнларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Тоғолди ҳамда Парак (Чирчиқ) ва Илоқ (Оҳангарон) бўйларида Фарнкент, Заркент, Нукент, Номданак, Невич, Новдак, Бинокат, Чинончкет, Харашкент, Тункент, Тўқкент каби сўғдий ва Алханжас, Абрлиғ, Арбилах, Намудлиғ, Ганнаж, Йалапан, Итлиғ, Олмалиқ каби туркий шаҳар ва қишлоқлар қад ростлади. Ҳудуддаги маҳаллий меъморчилик анъаналари сўғдий меъморий ечимлар билан бойиди. Чоч сўғдий ва туркий маданиятларнинг ўзига хос синкретик минтақасига айланди.

Чочдаги туркийлар ўз динлари тангричилик ва шаманизмдан ташқари сўғдийларнинг зардуштийлик динини ҳам қабул қилиб, диний бағрикенглик намунасини кўрсатдилар. Бу ҳақда Хитой манбалари хабар беради. Уларда ёзилишича, Ши вилоятида бир бино бўлиб, унинг ичида дўнглик бор. Ҳар йили кўмиш маросими ўтказилади: «Бу дўнгликка олтин идишда ҳукмдор ота-оналари (балки қариндош -уруғларини ҳам – А.О.) куйдирилган суякларининг кули қўйилади, сўнгра (ҳозир бўлганлар) тахт атрофида айланишиб, иффорли гуллар ва турли меваларни сочишади. Ҳукмдор эса ўз аъёнлари билан қурбонлик қилинган гўштни дастурхонга қўяди». Бу маълумотлар чочликлар ҳам сўғдийлар каби зардуштийлик динига эътиқод қилиб, унинг одатларини турли кўринишларда амалга оширганликларидан гувоҳлик беради. Зардуштийлик милоддан аввалги 1-мингйиллик иккинчи ярмидан сўғдийлар томонидан Чочга кириб келган ва воҳаси кенг тарқалган. Буни ушбу ҳудуддан топилган остадон намуналари ҳам тасдиқлайди. 1871 йилда илк остадон намунаси Тошкентдан, сўнггиси эса 2001 йил Тўйтепа ҳудудидан топилган. Чочда, ҳатто, христианлик жамоалари ҳам бўлган. Диний ибодатхоналар билан боғлиқ Чирчиқ воҳасидаги Динбағинкет (Динфағинкент), Фарнкет, Хварашкент каби шаҳарлар мавжудлиги бунга мисол бўлади.

Сўғд ва Чоч ҳудудлари илк ўрта асрларда, жумладан эфталитлар даври (IV-V асрлар)дан бир-бирига яқин этнослар шаклланган. Турк хоқонлиги (VI-VII асрлар) даврида бу ўлкаларда туркий тилли қабилалар ва сўғдийлар яшаган. Фақат Сўғдга нисбатан Чочда Фарғона ва Еттисув каби туркийлар салмоғи кўпроқ бўлган. Шундан бўлса керак, араблар Ғарбий Турк хоқонлигидаги барча аҳолини, хатто сўғдийларни ҳам “турк”лар деб билганлар.

Минтақаларда суғорма деҳқончилик, чорвачилик ва тоғолди ҳудуди хўжалиги деярли бир даврда, бир хил даражада ривожланган. Шу боис ҳам четга маҳсулот чиқариш ва четдан маҳсулот келтириш минтақа иқтисодий тараққиётини шакллантирган. Эфталий даврида Чоч ва Илоқ шаҳарлари стратегик шаҳарлар бўлиб, давлат миқёсида металл хом ашёсидан қурол-аслаҳалар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Бу даврида Чочда ҳам товон эвазига келтирилган сосонийларнинг кумуш тангалари асосий муомала воситаси бўлганлиги кузатилади.

555 йилда Истеми ябғу қўшинлари Сирдарё бўйларига етиб келди. Сосоний шоҳи Хусрав I ва Истеми ябғу ўртасида шартнома имзоланди. Аммо, эфталитлар қаршилиги Истеми режаларига путур етказди. Истеми ябғу аввал эфталитларни даф этиб, сўнг аварларга қарши юришга қарор қилган. У Чоч ва Сўғдни эгаллаб, Зарафшон бўйига қадар етиб борган. 567 йилдаги Бухоро яқинидаги ҳал қилувчи жангда эфталийлар батамом тор-мор келтирилди. Чоч дастлаб Турк хоқонлиги, 603 йилдан Ғарбий Турк ябғу ҳоқонлиги таркибида бўлди ва маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқарилди. Н.Я. Бичурин маълумотига кўра, Чочни ўша даврда Дэле Тяньчжи (Фужи) бошқарган ва у мустақил равишда Хитой билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган. Чоч ҳукмдорлари ўз пойтахтини туркларга яқин бўлган шимоли-шарқий ҳудудга кўчиришади. 618 йилда ҳокимиятга келган Ғарбий Турк ябғу хоқони Тўнябғу ўзига тобе мулкларда сиёсий, ҳарбий ва маъмурий ислоҳотлар ўтказган ва солиқлар устидан назорат қилувчи ноиблар — тудунларни тайинлади. Элтариш хоқон эса ўз навбатида Ғарбий Турк хоқонлигини ўн аймоққа бўлди. Оқибатда Чоч икки қисмга ажралади. Деҳқон ва ҳунарманд шимоли Чоч тудунлар томонидан, маъданга бой жануби Илоқ эса «деҳқон» ҳукмдорлар томонидан бошқарилган бўлди.

Шарқий ва Ғарбий Турк хоқонликлари ўртасидаги кураш натижасида VII асрнинг 40-50-йилларига келиб, Чоч маълум сиёсий мустақилликка эришди. Сўғд бошчилигидаги Ўрта Осиё мулклари иттифоқи шакллана бошлади. Бундан мақсад Ипак йўлининг Самарқанд, Чоч, Фарғона йўналишини назорат қилиш эди. Бу йўналиш Еттисув ва Шарқий Туркистонни боғлаган. Шу йўналишда савдо қилувчи маҳаллий савдогарлар эса хоқонлик хазинасига катта даромад келтирганлар.

Сўғд ва Чоч ўртасидаги алоқалар Чочда деҳқончилик ва ҳунарманчиликни янада ривожлантирди. Чочнинг минтақадаги нуфузи ортди. Ўлканинг сифатли маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларда шуҳрат қозонди. Ёзма манбаларга кўра бу даврда воҳада 255 атрофида манзилгоҳлар, 30 дан зиёд қалъа ва шаҳарлар қад ростлаган. Чоч ва Илоқ ўзаро экинзор ва боғлар билан туташган воҳага айланди.

Сўғд мулки ихшидлари Ўрта Осиё мулклари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, элчилар алмашишган. Афросиёб деворий тасвирларидаги ёзувда Самарқандга Сўғд ихшиди Вархуман ҳузурига келган Хитой ва Чоғаниён элчилари қаторида чочлик элчи ҳам зикр этилган. Сўғд ва Чоч ўртасидаги сиёсий муносабатлар араб фатҳи даврида янада фаоллашди. 712 йилда Қутайбанинг Сўғдга юриши, ихшид Гўракнинг мадад сўраб Чоч, Фарғона ва Шарқий Турк хоқонлигига мурожаат қилишига сабаб бўлди. Самарқандни қўлга киритган Қутайба 712-715 йилларда Чочга ҳам юриш қилди. Панч вилояти ҳокими Деваштич Чочга элчи юборади. Сўғд ёзма ёдгорликларидан Муғ тоғи архивидаги А-14 ҳужжатида худди шу воқеа акс этган. Унда Чоч ҳукмдори (чачаник хвабу) га ва тудунига, Фарғона тутуғи орқали Фарғона подшосига ва Шарқий Турк хоқонига мактуб топширилгани ҳақида маълумотлар бор.

Маданият соҳасида ҳам Сўғд ва Чоч ўртасида муштараклик мавжуд эди. Сўғд ёзуви ва тили бутун минтақада бўлгани каби Чочда ҳам амалда бўлган. Чоч подшолари ва ҳукмдорлари сўғд ёзувида ўз тангаларини зарб эттирганлар. Бироқ, “Чоч” деб ёзилган Қанҳа битиги ва ҳозирги Бекобод ҳудудидан топилган турк-руний ёзма ёдгорликлари бу ҳудудда сўғдий ёзуви баробарида турк-руний ёзуви ҳам амал қилганлигини кўрсатади. Чоч аҳли Муқаддасий ёзишича, сўғдийдан ташқари ўзларининг хайтал (эфтал) маҳаллий тилларида гаплашганлар. Бу тил сўғдийлашган туркий тил бўлиши эҳтимол.

Хулоса қилиб айтганда, ягона макон ва Ватанда яшаган ўртаосиёликлар асрлар давомида ҳамжиҳат бўлиб, ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги пойдеворига асос солганлар. Илк ўрта асрлардаги Сўғд ва Чоч муносабатлари бунга мисолдир.

А. Отахўжаев

Фойдаланилган адабиётлар:

Грене Ф. Новые свидетельства о Нахшабе и Кеше античного периода // Роль города Кеша в истории мировой цивилизации. Ташкент — Карши, 2006. С. 34-36.
Луконин В.Г. Кушано-сасанидские монеты // ЭВ. Вып. 18. 1967. С. 16; Буряков Ю.Ф. К истории раннесредневекового Чача // Ozbekiston tarixi; 2002. №3. С. 11; Гафуров Б.Г. Таджики. Кн 1. Душанбе: Ирфан. 1989. С. 189-190.
Пугаченкова Г.А. Предметы иноземного импорта на среднеазиатских трассах Великого шелкового пути // На среднеазиатских трассах Великого шелкового пути. Очерки истории и культуры. Ташкент,1990. С.28; Исхаков М., Камолиддин Ш.С., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики раннесредневекового Чача (III-VIII вв.) // Серия «Рабочие документы ИФЕАК». Вып.26. Ташкент, 2007. С.9.
Колесников А.И. Дополнительные источники по истории раннесредневекового Ирана и его восточных соседей // Центральная Азия от Ахеменидов до Темуридов: археология, история, этнология, культура. Материалы Международной научной коференции. СПб., 2005. С. 113-114.
Смирнова О.И. Каталог монет с городища Пенджикента. М.: Наука, 1963. С.130-134.
Буряков Ю.Ф. К истории раннесредневекового Чача // O’zbekiston tarixi. 2002. №3. С.11.
Ходжаев А. Наиболее ранние сведения китайских источиков о государстве Шаш (Ташкент) // O’zbeкiston tarixi. 2005. №1. С. 3-18.
Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. М.: Наука, 1970. С. 24-27.
Хўжаев А. Сўғдийларнинг Хитойга бориб қолиши // Мозийдан садо. 2002, №2 (14), 42-бет.
Hеnning W.B. Sogdica. London. 1940. P.9.
Исхаков М., Камолиддин Ш.С., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики раннесредневекового Чача (III-VII Iвв.) // Серия «Рабочие документы ИФЕАК». 2007. С.9-10.
Буряков Ю.Ф. К истории… С. 16; Караев С.К. Древнетюркские топонимы Средней Азии // СТ. Баку, 1985. С. 23-35; Камолиддинов Ш.С. Древнетюркские топонимы Средней Азии. Ташкент, 2006. С. 84.
Филанович М.И. О ранневековых престижных сооружениях Чача и Согда // Великий шелковый путь. Культура и традиции. Прошлое и настоящее. Ташкент, 2006. С. 40-43.
Бичурин Н.Я. ( Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. М.; Л., 1950. Т. 2. С. 272-282.
Минасянц Б.С. Новые находки оссуариев из Тойтепа // O’zbekiston moddiу madaniyati tarixi. 33-nashr, Самарқанд, 2002. С.168-172.
Буряков Ю.Ф. Христианство в Средней Азии в древности и среднях веках // Культура народов Центральной Азии: религия и демократия. Самарканд, 1999. С. 11-17.
Буряков Ю.Ф. К. истории… С.18-19.
Там же… С.11.
Исхаков М., Камолиддин Ш.С., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики раннесредневекового Чача (III-VIII вв.) // Серия «Рабочие документы ИФЕАК». С. 17.
Буряков Ю.Ф. Горное дело и металлургия средневекового Илака. М., 1974. С.101-107.
Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. С. 165.
Гафуров Б.Г. Таджики. Кн. 1. С. 272.
Буряков Ю.Ф. К истории… С. 12-13.
Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания…., Т. 2. С. 277, 282.
Бетгер Е.К. Извлечение из книги «Пути и страны» Абдулкасима ибн Хаукаля // Труды САГУ. 1957. Вып. 14 . С. 22-24.
Альбаум Л.И. Новые росписи Афрасиаба // СНВ. Вып. X. М., 1971. С. 88-89; Буряков Ю.Ф. К истории… С. 13.
Табари. История ат-Табари. Ташкент: Фан, 1987. С. 137.
СДГМ II. С.77.
Гафуров Б.Г. Таджики. Кн. 2. Душанбе: Ирфон, 1989. С. 20-26.
Табари. История ат-Табари. С. 271.
Зуев Ю.А. Ранние тюрки: очерки истории и идеологии. Алматы, 2002. С.158.
Исхаков М., Камолиддин Ш.С., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики… С. 27-51.

Влияние Согда на развитие раннесредневекового Чача

В статье анализируется взаимодействие между важнейшими историко-культурными регионами Средней Азии – Согда и Чача в период раннего средневековья. Рассматриваются вопросы влияния Согда на развитие Чача, а также характер политических, социально-экономических и культурных отношений между данными регионами в исследуемый период

(A. Otahujaev)

Influence of Sogd on development of Chach in the early middle ages

In the article is analyzed the interaction between the important historian-cultural region of Central Asia – Sogd and Chach at period of the early middle ages. Also are considered the questions of the Sogdian influence on the development of Chach, as well as political, social-economic and cultural relations between these regions in this period.

Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

Post Views: 33 XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *