Бош саҳифа » Алломалар » Хожа Аҳрор Валий (1404-1490)

Хожа Аҳрор Валий (1404-1490)

Хўш, Хожа Аҳрор ким? Бу зотнинг беш асрдан буён тиллардан тушмай келишининг сабаби нимада? Нима учун бу кишини Хожа Аҳрор Валий дейдилар? Нега бу киши ҳақида кўплаб, турли туман мулоҳазалар ёзиб келинган? Тарихий манбаларда Хожа Аҳрор ҳақида ғоят муҳим маълумотлар бор. Жумладан, Фахриддин али ас-Сафийнинг «Рашаҳот айн ал-Ҳаёт» («Ҳаёт булоқларидан томчилар») номли асарида ёзилишича, Хожа Убайдулла – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чохорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чохорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган.

Мавлоно Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» номли асарида Хожа Аҳрорнинг шажараси анча мукаммал берилган. Чунончи, шажара тарихида қайд қилинишича, Хожа Убайдулло Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир, Хожа Маҳмуд Хожа Шахобиддиннинг ўғли бўлиб, Хожа Шахобиддин уч ё тўрт авлод билан Хожа Номийга туташади. Ривоят қилинишича, Хожа Муҳаммад Номий асли Бағдодлик бўлиб тошкенлик аллома Ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлган, Ҳазратнинг мулозамати туфайли Тошкентга (Шош) келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрорнинг оналари Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Ҳазрат Шайх Хованд Тахурнинг ўғилларидир. Шайх Хованд Тоҳур эса Шайх Умар Боғистонийнинг ўғлидир.

Хожа Аҳрор Валий мусулмон оламининг улуғ мутасаввиф донишмандлари орасида ўзига хос мўътабар ўрин тутади. Хожа Аҳрорнинг буюклиги шундаки, унинг табаррук сиймосида исломий фидоийлик, адолатпешалик, инсофу тавфиқ, ғарибпарварлик, фақирлик ва давлатмандлик мужассам эди.

Ўз даврининг улуғ мутафаккири, Шунингдек, хассос шоирлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳамда забардаст шоҳ, сухандон шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар Хожа Аҳрорни ўзларининг маънавий пири муршидлари сифатида эҳтиром қилганлар. Унга атаб асарлар битганлар, айни вақтда унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, тавсифлардилар. Бу улуғ алломалар Хожа Аҳрорнинг кимлигини билмасмидилар? Аксинча, ул зотлар Хожа Аҳрорни жуда яхши билганлар ва унга ихлосманд эдилар. Агар Шарқ ва Ғарб олимларининг асарларини кўздан кечирилса, уларда Хожа Аҳрор ҳақида самимий фикрлар ёзилганини кўриш мумкин. Чунончи афғонистонлик олим Абдулҳай Ҳабибий ўзининг «Жомий тариқати» номли мақоласида «Саъд Кошғарий ва Хожа Аҳрор ўз асрининг улуғ рухий пешволари эдилар» – деса, инглиз Шарқшуноси Чарлз Амброуз Стори ўзининг «Форс адабиёти» номли машҳур асарида, уни «Йирик валий Убайдуллоҳ Аҳрор», – дейди. Шунингдек, чех олими Феликс Таузр эса «Хожа Аҳрор номи билан шуҳрат қозонган туркистонлик табаррук авлиё нақшбандий сулукнинг шайхи Насириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Шоший», – деб, эҳтиром билан тилга олади.

Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик даври Тошкенда ўтади. У мактабда ўқиб сабоқ олган ва турли китобларни мутолаа қилган. У тошкентлик марҳум алломалардан Абубакр Қаффол Шоший, Шайх Хованди Тоҳур ва Шайх Зайниддин Кўйи Орифларнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уларнинг марқадларини зиёрат қилиб турган. У туғилиб ўсиб вояга етган оила аъзолари ўз замонасининг ўқимишли, маърифатли, кишилари эдилар.

Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳим кенг маълумотли киши бўлиб, у жияни Хожа Убайдуллонинг ҳам ўқишни давом эттиришини истарди. Ниҳоят 1427 йили Хожа Иброҳим жияни Хожа Убайдуллони Тошкентдан Самарқандга олиб келиб, мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштиради. Чунки бу вақтда Самарқанд Мовароуннаҳрнинг илм ва маърифат маркази сифатида шуҳрат қозонган эди. Аммо Хожа Убайдуллоҳнинг саломатлиги мазкур эзгу ниятнинг амалга ошишига ҳалақит беради. Бу пайтда Мадраса толиби илмлардан айримлари хасба (тиф) касалига чалинган эдилар. Тез кунда бу касаллик Хожа Убайдуллоҳга ҳам юқиб, саломатлиги ёмонлашади. Натижада, у ўқишни давом эттира олмайди ва мустақил равишда мутолаага ўтади ҳамда Самарқанддаги машҳур олимлар билан суҳбатлар қилиш усули билан ўз билимини кенгайтиради. Хожа Убайдуллоҳ ўзига маънавий пир топиш мақсадида 1428 йили Ҳиротга боради. У Ҳиротда беш йил (1433 йилгача) яшаб, Шайх Баҳоуддин Умар ва Шайх Зайниддин Ҳавофийлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Улардан нақшбандия тариқатига оид анчагина билим олади. Аммо, Шайх Баҳоуддин Умарни маънавий пир сифатида қабул қилмайди. Чунки у билан қилган суҳбатларда Хожа Убайдуллоҳ, ўзининг фикрини банд қилган муаммога жавоб топаолмаган эди. Бу шундай муаммо эдики, бир вақтлар ўзининг бобокалони Шайх Умар Боғистоний ўз ўғли Шайх Хованд Тоҳурга хитобан «Тоҳур мулло бўлма, шайх бўлма, суфи бўлма, мусулмон бўл!» – деган эди. Бу иборада қандай ҳикмат бор? Мулло, шайх ва сўфилар мусулмон эмасми? У ҳолда мусулмон ким? Хожа Аҳрорнинг мазкур ҳикматли сўз мазмунини, яъни мусулмон бўлмоқ – халқ мафаатлари учун яшамоқ эканлигини ўзи учун кашф қилганлигидан далолат беради.

1433 йили Чағониён вилоятининг Ҳулғути мавзесида истиқомат қилувчи Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди мавлоно Яъқуб Чархий (вафоти 1447 йил) ҳузурига боради ва ундан Нақшбандия тариқатининг асосларини пухта ўрганади. Хожа Убайдуллоҳ мавлоно Яъқуб Чархий сиймосида ўзи истаган маъна¬вий пирни кўради ва уни пири муршид сифатида тан олади. Шундан сўнг пири муршидидан «фотиҳа» олгач, Тошкентга қайтиб деҳқончилик билан шуғулланади. Зотан, Хожа Аҳрорнинг бобокалонлари Хожа Шахобиддин соҳиби оят, кароматгуй, кўп вақтларини деҳкончилик ва тижорат билан ўтказардилар. Эхтимолки, Хожа Убайдуллодаги меҳнатсеварлик «бобо»дан мерос бўлиб ўтган бўлса ажаб эмас.

Хожа Аҳрор мусулмон оламининг улуғ мутасаввиф донишмандлари қаторидан мўътабар ўрин эгаллайди. У ўзига қадар ўтган мутасаввифлар томонидан илгари сурилган ғояларни эзгу ният билан ўрганади ва тасаввуф тариқатини босқичма-босқич босиб ўтади. У илми зоҳирий ва илми ботиний сир-асрорларини мукаммал ўзлаштиради.

XV асрнинг иккинчи ярмига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётда Хожа Аҳрор юксак мавқега эга бўлади ва ниҳоятда мўътабар сиймолардан бирига айланади. Абу Тохир Хожа ўзининг «Самария» асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини эъзозлар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла эди. Бинобарин, у илм аҳли учун Самарқандда бир мадраса қурдирди. Бу мадраса «Мадрасаи сафед (оқ)» номи билан машҳурдир. Бундан ташқари Тошкент ва Қобулда ҳам мадрасалар қурдирган.

Хожа Аҳрорнинг сифатларидан бири шуки, ул зот воқеа ва ҳодисаларни таҳлил қилиш, хулоса чиқариш ҳамда уларнинг натижаларини баён этишда «туш кўрдим» усулида фойдаланар экан. Аслида эса кашфиёт ва кароматларини «тушимда аён» бўлди деб таъбир қиларканлар. Биноан алайҳи, ул зотга валоятни нисбат бериб, Хожа Аҳрор Валий деб улуғлаганлар. Бул зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина «қутб ул-ақтоб» сифатида эътироф этилган. Мазкур уч авлиёнинг бири – Хожа Аҳрор бўлган.

Истиклол шарофати туфайли тарихшуносликда соғлом йўналиш вужудга келди. Ҳолбуки, шўролар даврида Мирзо Улуғбек билан Хожа Аҳрор муносабатлари сунъий равишда кескинлаштирилиши бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топди. М. Шайхзода «Мирзо Улуғбек» драмасини ёзди. Бу асарнинг бадиий жиҳатдан юксаклигини эътироф этган ҳолда, шуни айтиш лозимки, мазкур асардаги икки буюк шахс ўртасида содир бўлган ихтилофлар тарихий воқеликка мутлақо тўғри келмайди. Масалан мўътабар манба ҳисобланган Фахриддин Али ас-Сафийнинг «Рашаҳот», Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» ва номаълум муаллифнинг «Маноқиби Хожа Аҳрор» каби асарларни тўла-тўкис ва холисона ўрганиш ҳамда улардаги ноёб маълумотларни оммалаштириш имконияти вужудга келди. Натижада, Улуғбек ва Хожа Аҳрор муносабатлари масаласига аниқлик киритиш имкони туғилди.

Шуни айтиш лозимки, Хожа Аҳрор Мирзо Улуғбекдан 10 ёш кичик бўлиб, XV асрнинг 30-40 йилларида яъни Улуғбекнинг ҳукмронлик даврида ҳали диний ва дунёвий нуфузга эга эмас эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу даврларда Хожа Аҳрор Тошкентда зироат ишлари билан машғул эди. Хожа Аҳрорнинг Тошкентдан Самарқандга бориши Султон Абусайид Мирзонинг ҳукмронлик даврига тўғри келади. Тарихий манбаларда кўрсатилишича 1449 йили Улуғбек Мирзо қатл этилгач, тахтга ўтирган унинг ўғли Абдуллатиф ҳам 1450 йилда Улуғбек тарафдорлари томонидан ўлдирилади. Шундан сўнг аркони давлат Абдуллатиф томонидан қамоққа олинган Абдулло Мирзони (1433-1452) Кўксаройдан олиб чиқиб тахтга ўтказадилар. Абдулло Мирзо Шоҳрухнинг иккинчи ўғли Иброҳим Султон Мирзонинг (1394-1435) ўғли айни вақтда Мирзо Улуғбекнинг куёви эди.

Абдулло Мирзо ҳокимиятга келгач, атрофда тахт даъвогарлари кўпаяди. Шулардан бири Султон Абусайид Мирзо эди. У Бухородан Самарқандга аскар тортиб келиб енгилгач, Дашти қипчоқ ҳукмдори Абулхайрхондан кўмак сўрайди. Абулхайрхон фурсатни ғанимат билиб, ўз аскари билан Абусайидга қўшилиб Самарқандга юриш қилади. 1451 йил июнь ойида Булунгур даштининг жанубидаги Шероз қишлоғи ёнида ҳар икки томон бир-бири билан тўқнашади. Бу жангда Абулхайрхон билан Абусайид Мирзонинг аскарлари Абдулло Мирзо аскарларини мағлубиятга учратади. Абдулло Мирзога эса жангда ўқ тегиб ҳалок бўлади. Ана шундан сўнг Султон Абусайид Самарқанд тахтига ўтиради. 1453 йили Султон Абусайид Мирзонинг илтимосига кўра Хожа Аҳрор Тошкентдан Самарқандга кўчиб боради ва у ерда муқим ўрнашиб қолади. Энди савол туғилади, Султон Абусайид Мирзо нега айнан Хожа Аҳрорни Самарқандга кўчиб келишини илтимос қилган? Уларнинг орасида қанақа яқинлик бўлган?

Айрим манбаларда ёзилишича, Сутон Абусайид билан Хожа Аҳрорнинг танишлиги ҳокимиятга келмасидан аввалроқ кечган. «Рашаҳот айн ал-ҳаёт»нинг муаллифи Ас-Сафийнинг ҳикоя қилишича, биз ёшлик пайтимизда Паркатда Хожа Аҳрор мулозаматида эдик, кунлардан бир кун Ҳазрат (Хожа Аҳрор) қоғоз ва қалам сўрадилар ва қоғозга киши номларини ёза бошладилар, жумладан, Султон Абусайид номини ҳам ёздилар ҳамда ўша қоғозни муборак саллаларига қистириб қуйдилар. Ўша пайтларда Абу Сайид номи ҳеч бир жойда зикр қилинмас эди. Ҳазратнинг яқин кишиларидан бири «бу ном ким?» деб сўради. «Бу шундай номдирки, фақат бизу сизлар эмас балки аҳли Тошканд ва Самарқанд ҳамда Хуросондаги барча аҳоли учун манзур тутади» – деб, жавоб бердилар Ҳазрат орадан бир неча вақт ўтгач, Султон Абу Сайид Мирзо Туркистон (Ясси) тарафга боради ва тушида Хожа Аҳрорни кўради. Хожа Аҳмад Яссавийнинг ишорасига кўра, Хожа Аҳрор Абу Сайидга оқ фотиҳа бермоқда эди. Туш сўнгида Абу Сайид Хожа Аҳмад Яссавийдан сўраб, ул зот айтган сўзларни ҳамда Хожа Аҳрорнинг табаррук чеҳраларини ҳам эслаб қолган ҳолда уйқудан уйғонади. Аллоҳнинг инояти билан ўша учрашув содир бўлади. «Рашаҳот» муаллифи Абу Сайидни ўша тушида кўрган нуроний чеҳрани (Хожа Аҳрорни) қидириб Тошкентга келгани ва у ердан Паркатга боргани ҳақида ёзиб, у Паркатга яқинлашиб қолганда Ҳазрат унинг истиқболига чиқдилар. Унинг назари Ҳазратга тушиши билан у ҳаяжонланиб, «мен тушимда кўрган зот, худди шул зотдир» — деб, отдан тушиб келиб Ҳазратнинг этакларини юз-кўзига суртиб, тавоф қилиб, ихлосмандлик изҳор қилди. Ҳазрат ҳам у билан илиқ суҳбат қилдилар. Суҳбат сўнгида Абу Сайид Ҳазратдан фотиҳа сўрайди. Мана шундан сўнг «Рашаҳот»да Абу Сайидни Самарқанд тахти учун олиб борган кўраши ҳақида ҳикоя қилинади.

Демак, Улуғбек Мирзонинг фожиали ўлимида Хожа Аҳрор¬нинг ҳеч қандай иштироки йўқ эди. Дарҳақиқат, Мирзо Улуғбек (1409-1449) ва Абдуллатиф Мирзонинг (1449-1450) ҳукмронлик йилларида Хожа Аҳрор катта диний ва сиёсий нуфузга эга эмас, Шунингдек, ҳали Тошкентда яшаб турар эди.

Шундай қилиб, Хожа Аҳрор Султон Абу Сайид даврида Самарқандга кўчиб келди ҳамда юксак мавқега эришди. Хожа Аҳрорнинг нуфузи Султон Абу Сайиднинг ўғли Султон Аҳмад (1469-1494) даврида ҳам баланд эди.

Хожа Аҳрорнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий фаолиятига назар ташлаганда, у фуқаролар осойишталиги, ҳунарманд ва тижорат аҳлининг равнақи йўлида ҳар қандай баҳсли муаммоларни урушсиз, қон тўкмасдан, балки музокара ва тинч-осойишталик асосида келишув йўли билан ҳал қилиниши тарафдори бўлган. Шу боис бўлса керак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо ўзининг «Бобурнома» асарида Султон Аҳмад Мирзо ҳақида сўз юритиб «Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзонинг замонасида рафоият ва фароғат билан ўткариб эдилар, аксар муомала Ҳазрат Хожа Убайдулло жиҳатидан адл ва шаръ тариқи била эди» – деб ёзган эди. Зотан, Хожа Аҳрор ўзининг хусусий ери ва мулкидан келадиган даромадлардан маълум қисмини халққа жабран солинган ортиқча солиқларни тўлашга, мадраса, масжид, хонақоҳ ва шу каби қурилишларга сарфлаган. Мисол учун Султон Аҳмад хазинасига 10000 кумуш тангани топширган. Шунингдек, Умар Шайх Мирзо (1456-1494) Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 минг динор ҳажмида солиқ талаб қилганда, Хожа Аҳрор бу солиқни ўз ёнидан тўлаб, фуқарони мусибат дан қутқаган.

Хожа Аҳрор эл-юрт, халқ манфаати йўлида бир неча марта сиёсий можароларда воситачилик қилиб жангни сулҳга мубаддал қилган. Мисол учун 1462 йили Муҳаммад Жўки Мирзо (Абдуллатиф Мирзонинг ўғли) Султон Абусайид Мирзога қарши бош кўтаради. Қўзғолонга Шоҳрухиянинг барча аҳолиси қатнашади. Султон қўшинлари шаҳарни қамал қилади. Қамал бир йилдан ортиқ давом этади. Ниҳоят, 1463 йил кузида халқ ва қўзғолончиларнинг талабига мувофиқ, Хожа Аҳрорни воситачилик учун таклиф қиладилар. Хожа Аҳрор Самарқанддан келиб ҳар икки томонни муросага келтиради ҳамда қўзғолончиларнинг барчасини гуноҳидан ўтиб уларга зарар етказмасликка Султон Абусайид Мирзони қасамёд қилдиради.

Хожа Аҳрор Нақшбандия тариқати хожагон сулукининг улкан намояндаси сифатида Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида ғоят самарали таъсир кўрсатади. Хусусан XV асрнинг иккинчи ярмида темурий шаҳзодалар ўртасида авж олган тожу тахт кўраши бошбошдоқлик фуқаро учун оғир мусибат бўлган бир даврда у ўзига хос зукколик ва адолатпешалик салоҳиятини намоён қилади.

Тарихдан маълумки Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни «Қутби тариқат» деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий «Каъбаи мақсуд» – деб билган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса «Ҳазрат Хожа Убайдулло» – деб, ҳурмат билан тилга олган. Бундан маълум бўладики, улар ўртасида яқинлик ва ўзаро ҳамфикрлик ҳам бўлган. Зотан, «Мажмуайи муросалот» (Мактублар тўплами) номи билан шуҳратланган манба фикримизнинг далили бўла олади. Бу альбомда Хожа Аҳрор билан Алишер Навоий ҳамда Абдураҳмон Жомийнинг бир-бирларига ёзган мактублари жамланган. Мазкур манбани «Навоий альбоми» деб ҳам аталади. Бу манба Ҳазрат Навоийнинг табаррук қўллари билан тузилган. Мазкур манба ҳозир ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланаяпти.

Ушбу тарихий ҳақиқат Хожа Аҳрорни янада чуқуррок, тўлароқ англаш учун кенг йўл очади. Бу зотнинг энг улуғвор мўъжизаси — ғайб оламини теран ҳис этиши, мусаффо қалб эҳтироси билан соғлом фикрлай олиши эди. Биз Хожа Аҳрорнинг қалб сирларини ул зот ёзиб қолдирган «Рисолаи волидия» (Ота-оналар рисоласи), «Рисолаи ҳавория» (Ҳурлар рисоласи), «Фақирот ул офарин» (Донолар фақирлиги) каби асарларидан ўқиб олишимиз мумкин.

Хожа Аҳрор узоқ ва баракали умр кўрдилар. Ул зот 1490 йил 20 февраль (895 йил 29 рабби ул аввал) шанба куни тонгда Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтадилар. «Рашаҳот» муаллифининг ёзишича, Ҳазратнинг жонлари узилиши билан Самарқандда қаттиқ зилзила бўлиб, ердан чанг-тўзон кўтарилади.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Саид Аҳмад

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *