Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (3-қисм)

ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (3-қисм)

Фабрика-завод саноати билан бир қаторда «янги» шаҳар ҳаётида турли устахоналар: этикдўзлик, чилангарлик, дурадгорлик, ғишт терувчилик ва ҳ.к. ҳам фаолият кўрсатган. 1886 йилги маълумотлар бўйича устахона ва корхоналарнинг умумий маҳсулоти 186086 рублни ташкил этган. Уларда 677 ишчи банд бўлган. Миқдор бўйича биринчи ўринда извошчилар турган (164). Улардан кейин чилангарлар (141), новвойлар (43), тикувчилар (36), булкачилар (20), аравакашлар (20) турган. Энг кўп ишлаганлар мисгарлар (1680 рубл) бўлган, иккинчи ўринда чилангарлар (33 744 рубл) турган, учичи ўринни этикдўзлар (4 000 рубл) эгаллаган. Саноатчилар ва усталар қуйидаги: пахта ишлови, жун ишлови, ипак ишлови, каноп, каноптола ишлови, аралаш маҳсулот тайёрлаш, қоғоз ва матбаа маҳсулотлари, ёғоч, маъдан ишлови, ҳунармандчилик анжомлари ва қуроллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотлари, жониворлар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ҳ.к. ишларни бажарганлар.

Шаҳарнинг “эски” қисмида ҳам оз бўлсада фабрика-завод саноати, турли устахоналар ва корхоналар ривожлана бошлади. 1896 йилда шу масала юзасидан бир муаллиф: “Ниҳоят Тошкентда фабрика-завод саноати пайдо бўлди, унинг пайдо бўлиши маҳаллий аҳоли ўртасида ҳам қизиқиш уйғотди, шаҳар фабрика ва заводларида энди ўнлаб сарт (ўзбек) номларини кўрамиз. Маҳаллий аҳоли ичида нафақат савдо ёки экспорт саноати, балки ишлаб чиқариш саноати соҳасида ҳам капиталистик корхоналарга тайёр шахслар пайдо бўлди” – деб ёзганди.

Туб аҳоли ичидан чиққан корчалонлар орасида С. Шералибоев, Ю. Давидов, И. Ҳакимбеков, Ю. Тўйчибоев, Б. Дадажонов ва ҳ.к.ларни кўришимиз мумкин. Улар пахта тозалаш, ғишт ва бошқа заводларга асос солганлар. Кейинчалик тошкентлик заводчилар Орифхўжаев, Шосолихов, Абдурашидов, Исхоқовлар миллионлаб рублларни айлантирганлар. Уларнинг Петербургда, Гельсингфорседа ва бошқа жойларда фирмалари бор эди.

Шаҳар “янги” қисмининг бевосита таъсири остида маҳаллий ҳунармандларнинг ишлаб чиқариш қуроллари, меҳнат малакалари такомиллашди. Муаллифлардан бири ёзишича, 1890 йилдаги ва ундан олдинги 1886 йилдаги кўргазмалар томошабинларни улар корхоналарининг кўплаб маҳсулотлари билан ва уларда яхши таассурот қолдирган. Туркистонликлар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни катта қизиқиш билан томоша қилганлар, буларни улар илгари ё узоқ кутиб, катта пул эвазига ёзиб олар, ё янада каттароқ пулга савдогарлардан сотиб олар эдилар. Янада уддабуронроқ, қизиқувчанроқ туземчилар (ўзбеклар) руслар турмушида истеъмол қилинадиган нарсаларни ишлаб чиқара бошлаганлар ва ишланган маҳсулотларини инглиз ва аёллар эгари, 1881 йил намунасидаги зобитлар шамшири, ўйинчоқларни кўргазмага тақдим этганлар.

Туб халқ ҳунармандчилигининг дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик каби бошқа турларида ҳам жиддий силжишлар кузатилган. Н.А. Маев гувоҳлик беришича, “сартлар (ўзбеклар)нинг устачиликни ўрганишга қобилиятлари ҳайротомуз даражада зўр бўлган: 1886 йилдаги кўргазмада бир сарт Тошкент рус этикдўзлари маҳсулотидан сира қолишмайдиган рус этигини намойиш этди. Бошқа бир сарт ўзи ясаган кўзгусини қўйди”.

Ўзбек ҳунармандлари ҳақида Н.А. Маев “ўзбеклар олий даражада меҳнаткаш, мияли ва уддабурон халқ” — деб ёзган эди.

Туркистон ўлкаси, жумладан Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари, устахоналари ва бошқа юзага келиши ва ривожланиши асосан рус капиталистлари номи билан боғлиқ эди.

1886 йилда “Сирдарё вилояти шархи”да таъкидлангандики, “вилоятдаги завод ва фабрика саноати келиб чиқиши ва ривожланиши ўзлари қўлида бўлган рус аҳолисининг роли катта бўлган. Ҳисобот йилида унинг айланмаси 1 451 230 рублга етган, унинг маркази Тошкент, бу ерда энг катта завод ва фабрикалар жойлашган, уларнинг йиллик айланмалари (1886 й.) 896 960 рублга тенг бўлган, бу бутун вилоят фабрика-завод саноатининг 62%ини ташкил этади. Бунинг сабаби шундаки, Тошкентда бош фуқаро ва ҳарбий бошқарма органлари жойлашган, рус зиёлилари ва рус капиталистлари кучи тўпланган. Тошкентнинг ўзи бой воҳада жойлашган, унинг табиий бойликлари билағон ва ғайратли одамлар фойдаланиши учун кенг майдон бўлиб ҳисобланган. Серодам марказ сифатида Тошкент ишбилармон фабрикаси учун ишчиларни осонгина топиш имконини туғдирган, вилоятнинг бошқа жойларида эса ишчи ёллаш анча-мунча қийинчилик туғдирган.”

Дарҳақиқат, Тошкент шаҳрида саноатни ривожлантириш учун барча имкониятлар мужассам бўлиб, бу рус ишбилармонларининг диққатини ўзига тортмай қолмаган эди, албатта.

Вақт ўтиши билан бу ерда талай маблағи ва кўплаб саноат корхоналари бўлган капиталистларнинг бутун бир давраси юзага келди. “Савдо уйлари” ва турли ширкатлар пайдо бўла бошлади. Масалан, 1884 йилда савдогар И. Первушинга йиллик маҳсулдорлиги 102 684 рубллик 5 завод ва корхона (спирт, вино заводлари, тамаки ва папирос фабрикаси, сунъий ва маъданли сув тайёрлайдиган корхона) қарар эди. 1886 йилда у ароқ заводига эга бўлди. Кейинчалик И.А. Первушиннинг завод ва маблағлари янада кўпайди. 90-йиллар ҳужжатларида “Первушинлар савдо уйи” эслатилади, 1896 йилда унга тамаки ва папирос фабрикалари, спирт, спирт олиш, вино заводлари қарар эди, умумий даромади 231 900 рублни ташкил этарди.

1866 йилда Казалинскда фирма очган ишбилармон И.И. Иванов Қозоғистон чўлларида савдо ишларини қизғин олиб борар экан, 1874 йилда фирманинг бош идорасини Тошкентга кўчиради. Бу ерда шу фирма спирт, ароқ, пиво ва вино заводларини қуради. Бундай заводлардан унга қарашлилари Казалинск, Перовск, Верний, Пржевальск, Авлиёота, Наманганда бор эди. Тошкент ва Самарқанддаги фирманинг ўз узумзорлари мавжуд эди. Бундан ташқари Тошкент ва Қўқонда рус ва хорижий моллари бўлган вино-баққоллик дўконлари очганди. Фирманинг омбор ва савдо нуқталари ўлка ва Еттисув вилоятининг барча шаҳарларида ишлаб турарди. Фирма ходимлари орасида маҳаллий аҳолининг 1000 дан ортиқ вакили ишлаган. Фирма фаолияти саноат ва савдо соҳаси билан чекланиб қолмаганди. 70-йилларда у Туркистон генерал-губернаторлиги қўшинларини озиқ-овқат билан таъминлашни ўз зиммасига олган. 1892 йилдан фирма Тошкентдан Оренбургга ундан Теракли станциясигача, Тошкентдан Вернийга ундан Авлиёотагача почта йўлини таъминлаш билан шуғуллана бошлади, бу ғоят қийин иш эди. Фирма ихтиёрида ҳаммаси бўлиб 111 почта станцияси бўлиб, харажати 800 минг рублни ташкил этган. Трактда рус маъмуриятидан 200 ишчи ва туб аҳоли ва руслардан 2 минг киши ишлаган.

Савдогар А. Е.Громовга спирт, ароқ ва пиво заводлари қарарди.

1899 йилда “Каменский савдо уйи” маҳсулотининг ҳажми фақат тегирмон ва арқон заводидан 173 547 рублни ташкил этарди. Бундан ташқари унинг пахта тозалаш, совун, спирт, вино ва мой заводлари ҳам фаолият кўрсатган.

Тошкентга 1868 йилда келган яна бир ишбилармон Д.Н. Захо оз вақт ичида мануфактура атторлик дўконлари хўжайини бўлиб қолади. У тошкентлик миллионерлардан бирига айланади ва ўзига катта уй қурдиради (ҳозирги Текстил корхонаси Маданият саройи).

Туб аҳоли вакили Юсуф Давидов спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, пахта савдоси, судхўрлик билан шуғулланган. Унинг пахта тозалаш заводи ҳам бўлган. Биргина пахта савдосидаги обороти 5-6 млн. рублни ташкил этган.

Тошкент ва бошқа шаҳарларда “Ака-ука Шлосберг ширкати”, “Ака-ука Крафт ширкати”, “Ю. Давидов савдо уйи”, “Катта Ярослав Мануфактураси”, “Б. Алексеев ширкати”, “Москва савдо-саноат жамияти”, “С. Морозов савдо уйи”, “Треугольник» ширкати, «Товарищество» ширкати”, “Ака-ука Каменский савдо уйи” каби савдо саноат компаниялари мавжуд эди. Улар пахта сотиб олар ва улардан кўплари ўзларининг пахта тозалаш заводларига эга эди.

Рус капиталистлари ва мутахассислари фаолияти саноат иншоотлари қуриш билан чекланиб қолмаган. Бир вақтнинг ўзида улар ўзларини хомашё таъминлаш билан шуғулланганлар. Шу мақсадда улар ғўза, узум ва ҳ.к.ларнинг янги навларини татбиқ этиш бўйича иш олиб борганлар.

1889 йил маълумотларига кўра Тошкентда 1 626 120 рублли маҳсулот берувчи 43 фабрика ва завод бўлган. Улар орасида биринчи ўринни пахта тозалаш заводлари (1 684 500 рубл), иккинчи ўринни – ароқ заводлари (196 200 р.), учинчи ўринни чарм заводлари (190 500 р.) эгаллаган.

Озиқ-овқат саноатида тегирмонлар етакчи ўрин тутган, улар маҳсулдорлик ҳажми 206 200 рублга борган. Кейинги ўринда ароқ саноати (196 200 рубл) ва вино корхоналари (117 500 рубл) турган.

Ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши билан мавжуд корхоналарнинг ўзида янги заводлар пайдо бўлди. Масалан, цемент, ёғочни қайта ишлаш, дурадгорлик заводлари, пойафзал фабрикаси, ички ва ташқи кийимлар фабрикалари ва ҳ.к. Озиқ-овқат саноатининг колбаса, макарон, пишлоқ ва бошқа шу каби корхоналари барпо этилди.

 

Жаннат Исмоилова

ЎзР ФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Post Views: 3 Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *