Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Кушхона, ҳаммом, ломбард ва темир йўл (3-қисм)

ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Кушхона, ҳаммом, ломбард ва темир йўл (3-қисм)

Кушхоналар очилиши шаҳар санитария-ветеринария ҳолатини анча яхшилади. Тошкент “янги” қисмида биринчи қушхона 1880 йилда қурилди. 1893 йилда яна бир кушхона қурилди. Бу ҳар иккала иншоотнинг техник даражаси ғоят паст эди. 1908 йилда анча мукаммал жиҳозланган янги кушхона очилган эди. Унинг қиймати 362 минг рубль турган. 1913 йилда сўйилган молларнинг умумий миқдори 211 минг бош қорамол, от, қўй ва эчки бўлган. Бу мазкур корхона миқёсининг анча кенглигидан дарак беради. У Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган.

Шаҳарда ҳаммомлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, сартарошхоналар ҳам фаолият кўрсатган. 1912 йилда аҳолига қуйидаги ҳаммомлар хизмат қилган: Центральная ҳаммом (ҳозирги Бухоро кўчаси), Слуцкая ҳаммоми, Московская (ҳозирги Амир Темур кўчасида) ҳаммоми ва ҳ.к.

Шаҳарда “Россия” (ҳозирги Отатурк кўчаси муюлишида), “Гранд Отель” (ҳозирги Отатурк кўчасида), “Отель Захо” (ҳозирги Матбуотчилар ва Неру кўчасида), “Туркистон” (ҳозирги Неру кўчасида), “Привокзальная” (ҳозирги Мовароуннаҳр кўчасида), “Орион” (ҳозирги Ўзбекистон кўчасида), “Старая Франция” (ҳозирги Лохути кўчаси), “Новая Франция” (ҳозирги Пушкин кўчаси) ва ҳ.к. меҳмонхоналари бўлган. “Буфф” (ҳозирги Амир Темур кўчаси), “Швейцария” (ҳозирги Сайилгоҳ), “Ривьера” (ҳозирги Сайилгоҳ), “Бельвю” (ҳозирги Бухоро кўчаси) ва бошқа ресторан ва қаҳвахоналар мавжуд бўлган.

1913 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида “оддий меҳнаткаш одамлар учун мўлжалланган” ломбард очилган, аммо ундан асосан амалдорлар, зобитлар ва зиёлилар фойдаланганлар. 1913 йилда ломбарднинг умумий айланмаси 402 453 рубл бўлган. Бу ерга тилла, кумуш, қўлбола буюмлар ва кийим-кечаклар қўйилган.

Темир йўл ётқизилиши шаҳар ривожига сезиларли даражада ҳисса қўшган. У қурилгунча ўлка ва Россия ўртасидаги савдо ва бошқа алоқалар карвон йўли билан амалга оширилган. Масалан: карвонлар Тошкентга Оренбургдан 90-100 кунда етиб келган, қайтишга эса 6 ой керак бўлган. Йўл шароитлари ғоят оғир бўлиб, туя билан юк ташиш жуда қимматга тушган. Шуларни ҳисобга олиб мустамлакачилар ва савдо-саноат вакиллари ҳукуматдан Тошкентга темир йўл қуришни сўраганлар, бу эса ўлканинг ҳукмдор мамлакат учун тайёр хом ашё манбаига айланишини тезлаштирган.

70-йиллардаёқ К.П.Кауфман Ҳарбий вазирга қўнғироқ қилганда: “Сиздан Ўрта Осиё темир йўли лойиҳасини тезроқ амалга оширишингизни ўтиниб сўрайман, бу ўлканинг иқтисодий ривожига таъсир қилишини айтмаса ҳам бўлади, у империянинг энг сермаҳсул вилоятларидан бирига айланади, бунга фақат темир йўл етишмайди, холос. Акс ҳолда Ўрта Осиёда қўлга киритган мавқеимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас, сиёсий тангликлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Худди шундай фикрни Кауфманнинг вориси Колпаковский ўзининг 1881 йилда 2 сентябрдаги “Ўрта Осиё темир йўлини ўтказиш тўғрисида”ги ёзишмаларида: «…темир йўл қурилиши нафақат Туркистоннинг маҳаллий манфаатлари, балки “умумдавлат сиёсий, стратегик ва иқтисодий муносабатларда ҳам фойдани тақозо этади» деган эди. Темир йўл қуриш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш чоғида унинг йўналиши бўйича турли вариантлар яъни: Оренбургдан Тошкентга; Уральскдан Орол денгизига ва ундан Тошкентга; Челябинскдан Троицк орқали Тошкентга; Петропавловскдан Акмолинск, Туркистон, Чимкент орқали Тошкентга; Омскдан Карасалинскка, ундан Авлиёота ва Тошкентгача йўл қуриш ҳақида фикрлар мавжуд эди.

Олий доираларда Оренбургдан Тошкентгача темир йўл ётқизилиши маъқулланган эди. Бироқ инглизларнинг Афғонистонга тажовузи кучайиши, сиёсий ва ҳарбий-стратегик шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳукумат Каспийорти темир йўли қуриш зарур деб топди ва 1881 уни йилда фойдаланишга топширилди. Каспий темир йўли Ашхобод орқали 1888 йилда Самарқандгача етказилди. Шундан кейин Тошкент линияси билан Самарқанддан Андижонга темир йўли ётқизиш учун Акционерлик жамият тузиш ҳақидаги масала кўтарилди. Тошкент шаҳар думаси Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан Тошкентгача темир йўл ётқизиш ҳақидаги илтимос билан чиқди. Бу эса шаҳарнинг ушбу жойлар билан узвий алоқа ўрнатишига имкон яратарди.

1898 йилда Самарқанд-Андижон темир йўли (Каспий орти) ва 1901-1906 йилларда эса Оренбург-Тошкент темир йўли битказилди, кейинчалик темир йўллар Фарғона вилояти томон давом эттирилди.

Шаҳарларда темир йўл ётқизилиши билан вокзаллар, темир йўл устахоналари, линияларда эса станциялар, янги манзилгоҳлар пайдо бўлишига олиб келди. Бу ерда асосан руслар посёлкалари ва темир йўл устахоналари вужудга келди. Бу эса ўз навбатида ўлкада рус фуқароларининг яна кўрайишига олиб келди.

Хулоса қилиб айтганда Россия империяси Тошкент шаҳрини босиб олгач, бу ерда ўзининг мустамлакачилик мавқеини мустаҳкамлаш ва Қўқон, Бухоро ва Хива хонликларига босқинчилик сиёсатини давом эттириш мақсадида Тошкент шаҳри «янги» қисмини таянч пунктига айлантирди. Маҳаллий аҳолининг қаршилигидан хавсираган чор маъмурияти Тошкент шаҳрининг ёнгинасида, яъни Анҳорнинг нариги томонида янги шаҳар қуришга киришди. Кейинчалик бу «янги» шаҳар Туркистон ўлкасиниг сиёсий, маъмурий ва иқтисодий марказига айланиб қолди.

Даставвал шаҳар аҳолисининг асоси ҳарбийлар ва уларнинг оилаларидан иборат эди. Россия империясининг асосий мақсади Туркистон ўлкасини руслаштиришдан иборат эди. Шу мақсадда Россиядан Туркистон ўлкасига ерсиз дехқонлар ва мужикларни кўчириб келтириш туфайли ўлкада рус аҳолисининг сони тобора кўпайиб борди.

Тошкент “янги” қисми аҳолиси асосан руслардан иборат бўлган. Бу ерга кўчириб келтирилган рус аҳолиси учун турли имтиёзлар ва серҳосил ерлар ажратилган. Вақт ўтиши билан Россиядан режа асосида ва ўз ихтиёри билан кўчиб келувчиларнинг ер ва иш билан таъминлаш муаммога айланган. Ҳатто эски шаҳарда ҳам кўчиб келиб ўрнашган камбағал рус дехқонлар сони кўпайиб борган.

Чор Россиясининг барча ҳарбий ва маъмурий бинолари, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар ва ҳ.к. шаҳарнинг айнан «янги» қисмида жойлашган эди. Тошкент шаҳридаги барча қулайликлар ва янгиликлар фақатгина «янги» қисмда истиқомат қилувчи рус аҳолиси учун яратилган.

Аҳолининг кўпайиб бориши шаҳар майдонининг кенгайишига олиб келди. Шаҳар ривожи радиусли халқа лойиҳаси бўйича ривожланган. Унда тўғри ва боши берк кўчалар, боғлар, хиёбонлар, майдонлар, маъмурий бинолари, ҳарбий ва жамоат муассасалари, турар-жой уйлари, телефон, почта, телеграф, транспортнинг янги турлари (трамвай, темир йўл, велосипедлар, электр чироғи, маиший хизмат даргоҳлари ва ҳ.к.лар) пайдо бўлди. Чор маъмурияти бу ерда ўзи учун барча қулайликлар яратилган ва лойиҳаси билан жуда ўхшаш бўлган кичкина «Петербург»га ўхшаган шаҳар қуришни мўлжаллаган эди.

Кўчаларни таъмирлаш, ёритиш, телефон, почта, трамвай ва ҳ.к.ларнинг барчаси шаҳарнинг «янги» қисми учун барпо этилди. Эски шаҳарнинг маркази ҳисобланган бозор ва унинг атрофидагина «янги» шаҳарликлар учун яратилган қулайликларнинг ўндан бирини кўриш мумкин эди.

Ободончилик ишлари ҳам шаҳарнинг иккала қисми учун бир хилда олиб борилмади. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли ва шаҳар Думасидаги туб аҳоли вакилларининг норозилигига сабаб бўлган. Чунки барча солиқ ва тўловларнинг энг кўп қисми эски шаҳар аҳолисидан олинган ва янги шаҳар ҳаражати учун ишлатилган. Шунинг учун ҳам эски ва янги шаҳар ўртасидаги тафовут жуда катта бўлган.

Туркистон ўлкасига темир йўлни кириб келиши уни Россия саноатини арзон хом ашё билан таъминлайдиган манбага айланишига олиб келди. Чор маъмуриятининг темир йўл қуришдан асосий мақсади ўлкада стратегик жиҳатдан ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва моддий бойликларни ташиб кетишдан иборат эди.

Туркистон ўлкасида темир йўл қурилиши муносабати билан ўлкага кўчириб келтирилган руслар сони янада кўпайиб кетди. Темир йўлларни қурилиши унинг атрофидан янги рус поселкалари ва мастерскойларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Хуллас чор маъмурияти Туркистон ўлкасининг бир неча Тошкент, Самарқанд, Андижон каби шаҳарлари ёнида «янги» шаҳарларга асос солиб, у ерда ўзининг мустамлакачилик сиёсатини амалга ошириш учун таянч манзилларини яратди.

ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ

Жаннат Исмоилова

ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *