Харашкет

ХАРАШКЕТ – Тошкент воҳасидаги қадимий шаҳар. Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, «Қанқа» қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ҳудудида жойлашган. 10-аср араб географлари (Истаҳрий, Ибн Ҳавқал, Мақдисий) томонидан Чоч шаҳарлари қаторида тавсифланган. Масалан, Ибн Ҳавқалнинг маълумотига кўра Харашкет – катталиги жиҳатидан Чочда унинг пойтахтидан кейин иккинчи шаҳар бўлган. Харашкет Сўғддан Чочга борадиган Буюк ипак йўлида, Банокатдан бир фарсах шимоли-шарқда жойлашган. 1934 йил М.Е.Массон Харашкетни Қанқа шаҳар харобаси ўрнида жойлашганлигини аниқлаган. Қадимда у Чоч пойтахти бўлган, ўрта асрларда пойтахт Бинкатга кўчгач (9-аср), сомонийлар, сўнгра (11–12-асрлар) қорахонийлар давлати таркибида. Харашкет Чочнинг йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлган. Маданият вазирлиги 1969 йилдан (Қ.Абдуллаев, Ф.Ҳасанов, Д.Алимова), 1974 йилдан Ўзбекистон ФА Археология институти (Ю.Ф.Буряков) томонидан олиб борилган археологик тадқиқотларга кўра Харашкет арки (майдони 6,5 гектар)да мудофаа девори, буржлар ва хандақ билан муҳофазаланган қаср (майдони 100х100 м) – ҳоким қароргоҳи бўлган. Шаҳристон (160 гектар) ҳам буржли мудофаа девори билан ўралган. Рабод (60 гектар) қисман сақланган. Харашкетда шаҳар дарвозаларидан бозор майдони ва аркка элтувчи кўчалар изи сақланган. Шаҳристон ва рабоддан кулолчилик, темирчилик, заргарлик устахоналари, карвонсарой типидаги бино, турар жой маҳаллалари ва мудофаа деворлари қолдиқлари чиққан. 12-асрдан шаҳар таназзулга юз тутган, бунга Оҳангарон дарёси ўз ўзанини ўзгартириб шимолга, Чирчиқнинг қадимий ўзани томон оққанлиги сабаб бўлган.

Харашкетдан милоднинг дастлабки асрларида Чочда зарб қилинган тангалар, мусиқа асбоби чалаётган аёл тасвири туширилган пирамон (фриз; милодий 1-минг йиллик ўрталари), қизил бўёқли (7–8-асрлар), ранг-баранг сирли (10–12-асрлар) сопол идишлар кўплаб топилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *