Бош саҳифа » Ислом » Халққа ўзига муносиб раҳбар раво кўрилади

Халққа ўзига муносиб раҳбар раво кўрилади

Қадимда бир юрт подшоҳи саройда катта ҳовуз қаздириб, уни қўл остидаги барча халқдан ҳар бир оила зиммасига бир челакдан сут қуйишликни буюрибди. Халқнинг кўнглига бир фикр келибди: «Ҳозир мен саройга олиб борадиган бир челак сутим билан ҳовуздаги сут кўпайиб қолармиди, унинг ўрнига челакни сув билан тўлдириб кечаси тунда олиб бораман ва мени челагимдаги сувимни қоронғуда соқчилар текшириб ўтирмай ўтказиб юборади», деган ўй билан режасини шу йўсинда амалга оширибди. Эртаси куни тонг ёришиб, халойиқ саройга йиғилибди. Не кўз билан қарашса ҳовуз тўла сув экан.

Минг ҳикмат билан айтилган ушбу ривоят негизида сизу бизга улкан ибрат бор. Бугунги кунда халқимиз тепасига келгувчи юрт раҳбарининг халқига меҳрибон, халқпарвар бўлишлигида шу юртда яшагувчи ҳар бир фуқаронинг зиммасида, ўз юртига, юртдошларига, миллатига нисбатан қиладиган эътиборига мувофиқ раҳбарни Аллоҳ келтиради. Шундай экан бефарқ бўлмайлик. Мўмин киши зийрак бўлади беэътибор бўлмайди. Тепангизда қандай раҳбар ўтиришлигига сиз сабабчидирсиз.

Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусий ўзларининг «Асмауллоҳ ал-ҳусна» китобларида қуйидаги ривоятни келтирадилар:

Молик ибн Динор муқаддам илоҳий китобларнинг бирида қуйидаги маълумотни ўқиган эканлар ва унда Аллоҳ таоло шундай деган:

قرا مالك بن دينار فى كتب ان الله يقول: «انا ملك الملوك، و مالك الملوك، قلوب الملوك بيدى، و ان العباد اطاعونى حولت قلوب ملوكهم عليهم بالرافة و الرحمة،، و ان العباد عصوني حولت قلوب ملوكهم عليهم بالسخط و النقمة. فلا تشغلوا انفسكم بالدعاء على الملوك، و ادعوا لهم بالصلاح، فان صلاحهم صلاحكم»م

«Мен подшоҳларнинг подшоҳиман, Мен подшоҳларни устидан бошқариб тургувчи Зотман. Барча подшоҳларнинг қалби Мени қудрат қўлимда. Агар бандалар Менга итоат қилсалар, Мен уларнинг подшоҳларининг қалбларини уларга нисбатан меҳрибон, раҳмли қилиб қўяман. Агар бандалар Менга исён, гуноҳ қилсалар, подшоҳларининг қалбларини уларга нисбатан ғазаб қиладиган, ўч оладиган қилиб ўзгартириб қўяман. Шунинг учун ўзларингизни подшоҳларга қарши дуо қилиб оворо қилиб юрманг. Балки уларнинг ислоҳини хаққига дуо қилинг. Чунки уларни ислоҳ, солиҳ бўлишликлари, аввало сизларни солиҳ бўлишларингизга боғлиқ».

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ ۗ

«Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас», деб марҳамат қилган.

Фузайл ибн Иёз (723-803) қуддиса сирруҳунинг номини кўпчилик эшитган. У Самарқандда туғилган, Макка ва Кўфада яшаган улуғ авлиёлардан бўлиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, ҳанафий мазҳаби олимларидан, тақводор зотлардан биридир. У Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳга ҳам устозлик қилган. Ана шу зот бундай деган эди:
لو كانت لى دعوة مستجابة ما جعلتها الا فى السلطان

“Агар менинг мустажоб бўладиган дуойим бўлганда эди, уни подшоҳ ҳаққида (дуои хайр) қилган бўлардим!”

Аллоҳ таоло юртимизга бўлмиш раҳбаримизни адолатпарвар, халқпарвар, кўнглини динимизга ошно қалблардан қилсин.

Илҳомжон Мадалиев,
Мўйи Муборак жомеъ масжиди имом хатиби

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*