Бош саҳифа » Тарих » Фурқат

Фурқат

ФУРҚАТ (тахаллуси; асл исм-шарифи Зокиржон Холмуҳаммад ўғли) (1859–1909) – маърифатпарвар шоир, мутафаккир, публицист. Қўқондаги мадрасада таҳсил кўрган (1873–76), 1889 йил июнда Тошкентга келган ва 1891 йилгача шу ерда яшаган. Шоир Тошкентда дастлаб «Кўкалдош» мадрасасида истиқомат қилган. Замонасининг тараққийпарвар кишиларидан Сатторхон Абдуғаффоров, Жўрабек Қаландар ўғли, Муҳиддин Ҳакимхўжа ўғли, Саидрасул Саидазиз ўғли билан танишган. 1892 йилги Тошкент қўзғолони ташкилотчилари Аҳмад­хўжа Абдурашидхўжа ўғли, Шарифхўжа Пошшахўжа ўғли, Инъомхўжа Умархўжа ўғли билан яхши муносабатда бўлган. Шоир Камий билан ҳамкорлик қилган. «Туркистон вилоятининг газети» ҳайъатига ишга кирган (1890) ва газетани тайёрлаш ва нашр этишда бевосита қатнашган. 1891 йилдан Ҳиндистон, Араб мамлакатлари, Туркия, Греция, Болгария бўйлаб саёҳат қилган. У Тошкентдаги дўстларига ватанни қўмсаш туйғулари билан суғорилган шеърий мактубларини юбориб турган. У мумтоз шеърият анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар яратган. Фурқат шеърларида она-юрт табиати ва баҳор гўзаллиги, жўшқин севги-муҳаббат ва чин инсоний фазилатлар, ҳаёт шодликларидан қувониш ва турмуш ташвишларидан шикоят қилиш, умуман, одам ва олам, кишиларнинг маънавий дунёси, меҳри ва қаҳри яққол тасвирланган («Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса», «Фасли навбаҳор ўлди кечибон зимистонлар» ва бошқалар). «Этти фалак», «Истар кўнгил», «Дўст», «Кокулунг» радифли мухаммаслари, Навоий ғазалларига тахмислари давр шеъриятининг ҳам ғоявий, ҳам бадиий жиҳатдан етук намуналари ҳисобланади. Ўзбек адабиётида замонавий маънодаги публицис­тикага, памфлет ва фельетон жанрларига асос сол­ган. Ҳажвий шеърларида (масалан, «Хотун) оғир моддий-маънавий ҳаётни тасвирлашда Муқимий ва Зав­қий билан ҳамоҳанг бўлди. Фурқатнинг маърифатпарварлик ғоялари ўзбек адабиёти ривожида салмоқли роль ўйнади. У 90-йиллардаги ижоди ва фаолияти билан 19-асрдаги янги ўзбек маърифатчилик адабиётига асос солди. Тошкентдаги марказий кўчалардан бирига, Миробод туманидаги маданият ва истироҳат боғига, маҳаллага Фурқат номи берилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

К этнической истории узбеков Бухарского оазиса в XIX-начале XX вв.

Бухарский оазис, располагавшийся в долине нижнего Зеравшана, является самым населенным оазисом Среднеазиатского междуречья. Он окружен …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *