Бош саҳифа » Тарих » Элмурод Зокиров. Туркистон Мухториятининг тугатилиши ҳамда кейинги даврларда мухториятчиларга нисбатан қўлланилган оммавий қатағонлар (III)

Элмурод Зокиров. Туркистон Мухториятининг тугатилиши ҳамда кейинги даврларда мухториятчиларга нисбатан қўлланилган оммавий қатағонлар (III)

1917 йил 27 февралда Петрограда бошланган инқилоб Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади. Натижада, Туркистонда ҳам ишчи ва солдат депутатлари советлари тузила бошлади.

1917 йилда ўлка мухторияти масаласи Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида асосий масала бўлиб қолди. Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат миллий зиёлилар ўртасида, ҳатто дин пешволари ва оддий ҳалқ оммаси орасида ҳам оммалашга эди. Ижтимоий тафовутларга қарамай, бутун Туркистон жамиятида ўлканинг мустамлака мақомини тугатишга интилиш кучли эди. Миллий озодлик учун бошланган ҳаракат бу ерда янги  хокимиятнинг рус ташкилотлари билан бир қаторда «Шўрои Исломия», «Шўрои уламо», «Мирваж ул-ислом», «Мифтоқ ул-маориф», «Равнақ ул-ислом», «Иттифоқ ул-муслимин», «Турон» ва бошқа турли мусулмон ташкилотлари пайдо бўлишига олиб келди.[1]

«Шўрои исломия»нинг Тошкент ташкилоти ташаббуси билан чақирилган Бутунтуркистон мусулмонларининг 1-қурултойи 1917 йил 16 апрелда иш бошлади. қурултойда давлат бошқаруви ва уни ташкил қилиш масалалари бўйича Аҳмад Закий Валидий маъруза қилди. Бутунтуркистон мусулмонлари 1-қурултойи сўнгги мажлисида марказий орган-Туркистон ўлка Мусулмонлар Марказий Шўроси (Краймуссовет) ташкил этилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Унинг ташкил этилишидан асосий мақсад миллий озодлик ҳаракатига ташкилий ва марказлаштирилган тус бериш учун барча жамият, қўмита ва ташкилотларни бирлаштириш эди.

Шундай қилиб, Туркистоннинг бирлиги ва яхлитлиги йўлида биринчи мухим қадам қўйилди. Афсуски, ўлка мусулмонлари сиёсий ташкилотларининг бирлашиш жараёнлари ҳар доим ҳам бир текис ривожланмай, Мунаввар Қори Абдурашидхонов бошчилигидаги «Шўрои Исломия»дан 1917 йил июн ойида «Шўрои Уламо» ажралиб чиқди. «Шўрои Уламо» ташкилотининг ташаббуси билан Тошкентда 1917 йил 17-20 сентябрда туркистонлик мусулмонларнинг қурултойи ўтказилди. Натижада «уламочилар» билан «Шўрои Исломчилар» ўртасидаги узоқ ва кескин келишмовчиликларга қарамай, қурултой келишиш йўлларини топишга муваффақ бўлди. «Шўрои Исломия», «Турон», «Шўрои Уламо»-барчаси бирлашди ва ягона куч сифатида иш кўриш вақти келгани алоҳида таъкидланиб, «Иттифоқи муслимин» деган сиёсий партия тузишга қарор қилинди. Шунингдек, қурултойда Туркистоннинг миллий давлатчилик тузуми ҳақида турли фикрлар билдирилди.   

Шундай қилиб, «Уламочилар» қурултойдаги асосий масала Туркистон ўлкасининг кележакдаги сиёсий бошқаруви тўғрисида бўлиб, унда демократик Россия таркибида ҳудудий мухтор федерация-«Туркистон Федератив Республикаси» тузилиши ғояси илгари сурилди. Бунда Туркистон федерацияси ўз пулини муомалага чиқариши, ўз милициясига эга бўлиши, ўз чегарасини қўриқлаш учун қўшин сақлаши мумкин бўлиши кўзда тутилди. Уруш вақтида чегарани қўриқлаш вазифаси эса Россия республикасининг ҳукумати томонидан ташкил этилиши, Туркистон федерациясининг бутунлай Россия ҳукумати буйруғига бўйсиниши таъкидланди.

Бироқ 1917 йил октябр ойида Тошкент Совети солдатлари ўз томонига оғдира бошлади, асли россиялик бўлган ишчилар ҳам унга эргашди. Тошкентдаги Октябр тўнтариши қатнашчилари 1 ноябрда Коровченко ва Муваққат ҳукуматининг Туркистон Комитетини қамоққа олдилар. Шу куни Тошкент Совети Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилганини эълон қилди. 1917 йил 1 ноябрда советлар Янги Термиз ва Каттақўрғонда, 25 ноябрда Янги Бухоро (Когон)да, 28 ноябрда Самарқандда, 7 декабрда Наманганда ҳокимиятни ўз қўлига олди.[2]

Туркистонда большевиклар синфий кураш тамойилларига амал қилиб пролетариат «манфаатлари» дан келиб чиқиб сиёсат юрита бошладилар. Ўлкадаги янги тузум Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатидан ошиб тушди. Туркистон ўлкаси иккинчи марта Марказий Россияга сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарам бўла бошлади.

1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV — қурултойи бўлиб ўтди. Маълумки, мусулмонларнинг ушбу қурултойи ва унда қабул қилинган қарорлар совет даври адабиётларида «миллатчилар гуруҳининг йиғинида эълон қилинган буржуа мухторияти» деб талқин қилиб келинди. Хужжатлар эса ушбу ҳолнинг бутунлай тескарси бўлганлигини исботлайди. Масалан, муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз маърузасида қурултойнинг Туркистон халқлари тарихида улкан ижобий, тарихий ҳодиса ва бурулиш даври эканини таъкидлаб, «Қурултойимиз қабул қилаётган қарорлар шунинг учун ҳам аҳамиятлики, унда Туркистон аҳолисининг европалик вакиллари ҳам иштирок этмоқдалар»[3], деди.

Қурултой 1917 йил 27 ноябр куни қабул қилган қарорда: «Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида худудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилди ҳамда мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис мажлисига ҳавола этди». 28 ноябрда таркиб топаётган мазкур ҳукуматнинг номи аниқланиб, у Туркистон Мухторияти деб аталадиган бўлди.[4]

Бутунроссия Таъсис мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимият Туркистон Муваққат кенгаши ва Туркистон Миллий (миллат) Мажлиси қўлида бўлиши керак, деб ҳисобланди. Қурултойда Туркистон Муваққат кенгаши аъзоларидан Туркистон мухторияти хукумати (8 кишидан иборат) тузилди. Бош вазир қилиб аввал Муҳаммаджон Тинишбоев, сўнгра Мустафо Чўқаев сайланди. Айни пайтда М.Тинишбоев ички ишлар вазири ҳам ҳисобланган. Қўқон шаҳри миршабларининг бошлиғи-қўрбошиси бўлган Кичик Эргашнинг ваколати Туркистон Мухторияти тамонидан эътироф этилди. Шунингдек, Убайдулла Хўжаев ҳарбий вазир, Абдураҳмон Ўразаев ички ишлар вазирининг ўринбосари, Муставо Чўқаев  ташқи ишлар вазири, Ислом Султон Шоаҳмедов бош вазир ўринбосари, Юрали Агаев ер ва сув бойликлари вазири, Обиджон Маҳмудов озиқ-овқат вазири, Соломон Абрамович Герцфельд молия вазири қилиб сайландилар.

Туркистон Мухторияти-миллий демократик давлат эди. Мухтор хукуматни кенг халқ оммаси қўллаб-қувватлади. Туркистон Мухторияти миллий қўшинни ташкил қилишга жиддий  киришди. 1918 йил бошида уларнинг сони 2000 аскарга етган. Бундан ташқари, Қўқонда тахминан шунча миршаб бор эди. Уларга Кичик Эргаш қўрбоши бошчилик қилган.

Туркистон Муҳторияти хукуматининг халқ орасида обрў-эътибори ва нуфузи ошиб бориши большевикларни ташвишга солиб қўйди. Туркистон ўлка Советларининг IV съезди (1918 йил 16-29 январ) Туркистон Муҳторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқарии ҳолатда, деб ҳисоблади, ҳатто ҳукумат аъзоларини қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилди.[5] Бу билан совет хукумати ерли халқ миллий демократик давлатчилигининг дастлабки тажрибаси бўлган Туркистон Мухториятини қонга ботириб тугатишга қарор қилди.

Съезд тугаганидан кейин уч кун ўтгач, 1918 йил 30 январда Туркистон ўлкаси ХКС мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. 1 февралда (янги ҳисоб билан 1918 йил 14 февралда) Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

1918 йил 29-30 январда Қўқонда фавқулодда вазият мислсиз даражада кескинлашди. Ана шундай бир шароитда 30 январда Қўқон ишчи ва аскар депутатлари Советининг мажлиси бўлди. Унда  Туркистон мухториятини ағдарувчи орган-инқилобий қўмита (революцион комитет) тузилди. Унинг раислигига большевик Е.Г.Бабушкин сайланди. Инқилобий қўмита таркибига туб ерли аҳоли вакилларидан киритилмади.

Қўмита ўз қўлида  чекланмаган ҳокимиятни мужассамлаштирди, унга катта  ваколатлар: фавқулодда чоралар кўриш, ҳамма нарсани совет ҳокимиятини ҳимоя қилишга бўйсиндириш ва сафарбар этиш хуқуқи берилди. Инқилобий қўмита олдидаги энг асосий бош вазифа мухторият ҳукуматини тугатиш, шаҳар аҳолисини қуролли куч билан совет ҳокимиятини тан олишга мажбур қилиш, «Инқилобий тартиб» ўрнатишдан иборат эди. Бу эса оммавий қатоғонлар учун кенг йўл очиб берди.

Инқилобий қўмита ишни Европалик ишчилар ва темир йўлчиларни қурол билан таъминлашдан бошлади. Айниқса большевикларнинг Қўқон шаҳридаги арман миллатига мансуб дашноқларни: баққоллар, сартарошлар ва вино сотувчиларни қуроллантиришлари  оммавий қирғинларни янада даҳшатли тус олишларига сабабчи бўлди. Тошкент, Скобелев, Андижон, Наманган ва бошқа шаҳарлардан ҳарбий мадад сўраб мурожаат қилинди.

Айнан шу пайтда, 1918 йил январи охирлари-феврали бошларида Совет ҳокимияти томонидан кучли босим таъсирида Мухторият тарафдорлари хатти-ҳаракатлари хусусияти  шаҳар совети тузулмалари билан тинч-тотув яшашдан ҳарбий қарама-қаршиликка боришга томон ўзгара бошлади. Қўқон совдепоси мухториятчиларнинг қуролли қўзғолонга тайёргарлик кўраётгани белгиларини қайд этди. Шаҳар ҳокимияти бунга совуққонлик билан қаролмасди, чунки ундаги ҳарбий қаъла 16 кишилик рота томонидан қўриқланган эди, холос. Бу қарама-қаршилик очиқдан-очиқ жанговар ҳаракатларга айлана бошлади. 29 январдан 30 январга ўтар кечаси совет ҳокимияти томонида турган ҳарбий қисмлар Қўқондаги мухтор республика хукумати билан курашни бошлаб, моҳиятан Россияда биринчи бўлиб фуқаролар урушини бошлади.[6]

Бу воқеа арафасида Қўқон шаҳар совети пленуми  иштирокчилари Мухторият ҳукуматидан 1918 йил 9 январда Қўқонда ташкил этилган қарийиб 2 минг кишилик миллий қўшинни дарҳол қуролсизлантириш ва тарқатиб юборишни талаб этиш ҳақида қарор қабул қилди.[7]

Айни пайтда, Туркистон ўлкаси ХКС Тошкент, Наманган, Самарқандда шаҳар Думаларини тарқатди. Собиқ  генерал-губернатор канцеляриясини тугатди, «Буржуа» газеталрини ёпди. Пахта заҳираларини мусодара этди, нефть қазиб чиқариш, балиқчилик саноати, «Хива» кемачилик жамияти, барча босмахона ва типографияларда миллийлаштиришни  ўтказди, ФК (фавқулодда комиссия) ташкил этди, дин давлатдан ва мактаб диндан ажратилганлигини эълон қилди.[8]

«Қўқон мусулмон аҳолиси рус ва арманларни қирғин қилиб, шаҳарнинг европаликлар яшайдиган қисмини вайрон этди», — деган атайин тарқатилган миш-мишлар большевистик советларга содиқ ҳарбий бўлинмалар орасида мусулмонларга қарши қаҳр-ғазаб уйғотишга сабаб бўлди. Бу билан большевиклар ўзларининг оммавий  қатағонликларининг амалга оширишида қизил армия ҳарбий бўлинмаларидан бемалол фойдаланиш учун йўл очдилар. Чунки Қўқон хукуматида бундай катта ҳарбий куч йўқ у бор-йўғи бир неча ҳарбий қисмлар ва қипчоқ отлиқ солдатларига таянарди.

Мухториятчилар 29дан 30 январга ўтар кечаси оқ гвардиячилар ёрдамида инқилобий қўмита жойлашган Қўқон қаъласига ҳужум уюштириш билан бир қаторда  телефон станциясини ҳам эгаллаб олдилар. Аммо Қўқон ҳарбий инқилобий қўмитаси телеграф ва телефон алоқаси узулгунга қадар содир бўлаётган воқеа тўғрисида Тошкентга хабар бериб, ҳарбий ёрдам сўрашга улгурган эди. 31 январ кечаси соат учда Фарғонадан тўртта замбарак ва тўрта пулемёт билан қуролланган 120  (айрим маълумотларга қараганда 146) кишилик ҳарбий қисм етиб келди. Шу туннинг ўзидаёқ инқилобий қўмита Мухторият ҳукуматига талабнома йўллаб, кундузги соат учга қадар қурол-ёроғни топшириш, ваколатларидан воз кечиб, совет хукуматини тан олиш шартини қўяди. Мухторият ҳукумати  аъзолари большевиклар талабини жавобсиз қолдирдилар. Шундан кейин инқилобий қўмита Мухторият аъзоларини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқаради.[9]

Аммо Мустафо Чўқаевнинг хотирлашича «31 январ кундуз соат 12 да Хўқанд большевикларининг бизга берган ультуматумини текшириб ўтирганимизда бизга тўхтовсиз милтиқ ота бошладилар . бу милтиқ отувчилар большевиклар бўлиб чиқди. Большевикларнинг ультуматумида бизга 2 соат муддат тайин этилган ва ул муддат 2 соат 20 минутда тўлар эди: нечундир алар шартномасини хилоф ҳаракатга киришиб муомила йўлини кесдилар. Шўрои исломия юртинда ҳукумат қўшинларидан бошқа халқда жийилғон эди. Большевик солдатлари яқинлашиб келарлар, деган хабарни эшитиб бошқа халқ тарлан кибик хукумат кишиларида иккинчи бош қўширға йўл қолмағач тарқалишдилар. Чунки халқ ҳукуматининг  алида бўлса келишурмиз, большевикларга қарши қурол кўтармангиз»-деган сўзига қулоқ солмай, ҳар қайси боринча сўғиш  асбобларини олиб ўрамга чиқдилар. Большевикларнинг ваъдалариндан илк ота бошловлари халқнинг кўнглини, олар муваққат ҳукуматигина туғил, бутун халққа қарши ҳаракат бошладилар, деган қўрқув солди. Бу вақт муваққат хукуматнинг йўли бутунлай кесилган эди. қўқонда бўлган бу кўнгилсиз воқеани сиёсий сабабларидан бошдан аёқ ёзувни ҳозирги замон кўтармий».

Ана шу тариқа, Қўқон шаҳрида большевиклар махаллий аҳолини қириб ташлашдан иборат оммаивй қатоғонларни бошлаб юбордилар. Туркистон ўлкаси ХКС Туркистон  Мухториятига четдан келадиган ҳар қандай ёрдамни олдини олиш чораларини  кўрди. 1918 йил 14 февралда бутун Фарғона водийсида ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Фарғона темир йўлида эса қамал ҳолати жорий этилди.

Албатта бундай оғир шароитда Туркистон муҳторияти ўзини-ўзи ҳимоя қилишга ожиз эди. Мухториятчилар бошланган даҳшатли қирғинга қадар тинч воситалар йўли билан ҳокимиятни қўлга олишга ишонар эди. Шунга қарамай, мухториятчилар совет қўшинлари ҳужумини уч кун қайтарди. Улар қўлга тушган нарсалар-таёқ, болта, кетмон, ошпичоқ, тошлар билан қуролланган эди.

«Туркистон-туркистонликлар учун!» шиори билан чиққан мухториятчилар муқаддас уруш-ғазоват эълон қилдилар ва вилоятлардан ёрдам кутдилар. Бироқ, афсуски, мухториятчилар бошқа жойлардан етарли даражада ҳарбий ёрдам олишмади.[10]

Мухтор хукумат вазиятнинг ниҳоятда оғир эканлигини ҳисобга олиб сўнгги ва охирги имкониятни ишга солди ҳамда большевиклар билан бошланган музокара ташаббускори бўлди. Бу музокора 17 февралда бошланди. Музокарада мухториятчилар қуйидаги талабларни ўртага қўйдилар: 1. Шаҳарни  биргаликда бошқариш ва унинг таркибида мухториятчиларнинг кўпроқ вакиллари бўлишини таъминлаш.2. Ҳарбий қаълани шу органнинг назорати остига олиш.3. Милициядан бошқа барча кучларни қуросизлантириш. Ўлкада совет ҳукуматининг шариатга зид декретларини бекор қилиш.

Аммо инқилобий қўмита Мухториятчиларнинг бу таклифларини рад этди. Мухтор ҳукумат қандай бўлмасин қон тўкмаслик учун ҳаракат қилдилар. Ҳарбий вазир полковник М. Чанишев инқилобий қўмитага ультуматум қўйиб, соат 4 гача қаълани топширишни талаб этди.

Аммо мусулмон ишчи ва деҳқонлар конференцияси қатнашчилари ультуматумни қайтариб олишни талаб қилдилар.

«Шўрои уламочи»лар ўз тарафдорлари билан бунга норозилик билдириб, ультиматумни қайтариб олишга қаршилик қилдилар. Мухторият хукумати аъзолари ўртасида ўзаро ихтилоф келиб чиқди. Мустафо Чўқай ўғли бошчилигидаги ҳукумат маҳкамаси ағдарилди ва хукумат бошқаруви Қўқон шаҳар милицияси бошлиғи Кичик Эргашга ўтади. 18 февралдан 19 февралга[11] ўтар кечаси Тошкентдан ўлка ҳарбий комиссари Е.Перфильев бошчилигидаги замбараклар билан қуролланган қўшин етиб келди. Перфильев шаҳарни уч тарафдан ўраб олиб, 19 феврал куни эрталаб Эргашга талабнома йўллади. Эргаш унинг талабларини бажаришдан бош тортгач, Перфильев Қўқон шаҳрини 12 замбаракдан ўққа тутди. Кундуз соат 1да бошланган ўқ  ёмғири шомгача шаҳарни вайронага айлантирди.[12] Аммо шунга қарамай, мухториятчилар таслим бўлмай, ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қилдилар.

Эртаси куни -20 феврал тонгида вайрон этилган шаҳарга пиёда қўшинлар ва дашноқларнинг жанговар қисмлари кирди. Қўқон ўт ичида қолди. Қўқондаги хунрезликлар, қатоғон даҳшатларини амалга оширганларнинг ўзлари ҳам эътироф этганлар. Ўлка ҳарбий комиссари Е. Перфильев жанг тафсилотларини шундай хикоя қилди. «Мачитларни яна бир неча маротаба тўпдан ўққа тутишга тўғри келди, қизил гвардиячилар бўғизланган Европаликларнинг  жасадларини кўрганда шундай тутақиб кетдиларки, уларни ҳеч қандай куч тўхтатиб қололмасди, аскарлар олдидан чиққан ҳамма нарсани яксон қилиб кетавердилар. Ҳатто шундай ҳолат рўй бердики 5 та қизил гвардиячи ерли бандитларнинг 200 тасини олдига солиб қувлади. Отряд катта қаҳромонлик кўрсатди. Жанг иштирокчилари орасида бирорта ҳам қўрқоғи йўқ эди. Биз қийинчилик билан Тошкўприкни қўлга киритдик ва Эски шаҳарга ёриб  кирдик. Исёнчилар тўдаси Скобелев томонга чекинишди. Бадавлат кишилар қимматбаҳо бойликларини, пулларини ўзлари билан олиб қочдилар, лекин нарсалари ўзларига насиб этмади. қочаётганларни тезотар тўпдан ўқ узиб янчиб ташладик, бир қисмини эса орқага чекинишга мажбур этдик. Уларнинг кўрпа-ёстиқлари, гиламлари, қимматбаҳо нарсалари йўлда сочилиб қолди.»

Қўқонда даҳшатли фожеалар ва қирғинларни  ўз кўзи билан кўрган ва унинг шахсан иштирокчиси  М.К.Шкорупанинг иқрори айниқса диққатга лойиқдир: «Тинч аҳолининг уйлари, Туркистон Россия учун ҳам тансиқ бўлиб қолган манфактура, ғалла омборлари ёнарди. Қўқон уч кун ўт ичида қолди». «Ўша кунларда,-деб ёзади тарихшунос Шомагдиев Ш.А.,-талончиликлар ҳам авж олган. Аскар, қизил гвардиячиларга бўйсинмай қолган оломон, майда буржуазия нима бўлса шуни талаб, тошиб кета бошлади. Эски шаҳар ва барча дўконлар тижорат фирмалари, савдо қаторлари, банклар, майда хонодонлар талон-торож қилинди. Толончилар талаган мулкларини аравага ортиб, вокзал ва қаълага ташидилар. У ерда бегона мулкни бўлиб олиш бошланди».[13]

Совет хукуматининг Туркистон мухториятини қонга бостириш учун дошноқлар отрядидан фойдаланиши Қўқонда хаддан ташқари хунрезликларни ошириб юборди.

Дошноқлар Қўқонда шифохонани ёқиб юборди унда 500 та ярадор ва касаллар бор эди. Қўқон пахта заводи ишчиларининг 50 та хонадонини аъзолари сўйиб ташланди. Қўқон шаҳрининг ўзида 10 махалла ахолисини сўйиб ташлаб, болаларни жовдидан ўтказди.

Қўқон аҳолиси даҳшатли  қирғиндан ваҳимага тушиб шаҳарни тарк эта бошлади. Қўқон уч кун маъшала бўлиб ёнди. Уйлар, газлама омборлари, нон дўконлари куйиб кул бўлди. Эски шаҳарнинг учдан бири тўлиқ вайрон этилди. қўқонда даҳшатли манзара ҳосил бўлди. Ҳамма ёқда ўликлар уйими. Уларнинг бир қисми куйиб кетган.[14]  Инглиз айғоқчиси майор Блэккер маълумотига қараганда портловчи моддалар ва тўплар ёрдамида қилинган хужум пайтида шаҳар бутунлай вайрон этилган, ўша куннинг ўзида 3000 га яқин одам ўлган.  Айрим маълумотларга кўра, шу фожеали қирғин оқибатида 10000 дан зиёд киши ҳалок бўлган. Шаҳараг 1918 йили келган инглиз капитани А. Брун уни ярим бўш ҳолида кўрган. Унинг ёзишича, шаҳарни босиб олишда иштирок этган немис, австриялик, венгр асирларидан ёнланган солдатлар 100000 сўмдан ортиқ пулни ўмаришган.[15]

Айниқса армани миллатига мансуб дашноқлар Қўқон шаҳрида мудхиш ваҳшийликларни амалга оширдилар. Қўқонда амалга оширилган оммавий қатоғонларнинг қатнашчиларидан яна бири А.Т. Каравайцев ўз эсдаликларида бундай ёзади: «Коновалов тўдасидаги арман дашноқлари  ўзбошимчаликни ҳаддан ошириб юбордилар. Улар Қўқонга келгунча тинч аҳолини талаб, қирғин қилган»лар.[16]

Совет ҳукумати қўшинлари эски шаҳарни, айниқса савдо тармоқларини, дўконлар, расталарни, омборларни таладилар, қолганларига ўт қўйиб ёндириб юбордилар. Дошноқи арманлар мусулмонлар яшайдиган хонодонларга бостириб кирдилар, ҳеч кимни аямасдан қирғин қилдилар, ҳатто қариялар ва ёш гўдакларга ҳам раҳм қилмадилар. Ёш қизларнинг номусларини ҳақоротладилар, аёл жувонларни эса эрлари кўз олдида зўрладилар. Ибодотхоналар, масжид ва мадрасаларни вайрон қилдилар. Ҳамма ерда қамоққа олишлар бошланди. Бунда «Муваққат ҳукуматига бирон-бир алоқаси борларни қамоққа олишди ва қаълага жўнатишди. Ордер (рухсатнома) билан ва ордерсиз қамоққа олишди. Кўпгина қамоққа олишлар «ўзбошимчалик» деб тан олинди. Айрим қамоққа олинганларни сув ва терговсиз отиб ташланди».[17]

1918 йил 20 февралда Туркистон мухторияти ағдарилгач Туркистон мухторияти  хукумати таркибида бўлган 54 аъзоларидан 30 киши хибсга олиниб суд қилинди. Қолганлари эса яширинади. Бир қисми хорижга қочади, бошқалари эса яширин фаолиятга ўтиб, совет хукуматига қарши курашнинг яширин формасини  танлайди.

Туркистон мухториятини ағдариш жараёнида Қўқон ўт ичида қолди. Қўқон шаҳридаги почта 1000дан ортиқ магазин ва дўконлар ёниб кул бўлди. 1500дан ортиқ ахолининг уйлари ёниб кўчада қолишди.[18]

Қўқонни ташлаб кетишга мажбур бўлган Мухтор ҳукуматнинг аъзолари Фарғона шаҳрига бориб халқни намойишга чорладилар. Уларни туб ерли маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватлади. Лекин совет ҳукумати бу харакатни ҳам қатағон машинаси қизил армия ёрдамида қонга ботириб бостирди. Мухтор ҳукумат аъзоларидан Хидоятбек Оғаев, Миродил Мирзааҳмедов қатл этилган.[19] Носирхон Тўра Наманганда, С.Герцфельд Самарқандда, Обиджон Маҳмудов Бухорода қўлга олинган. Уларни турли йилларга озодликдан махрум этдилар.[20]

Убайдулла Хўжаев, Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) Қўқондаги фожеавий қирғинларни Ашхабоддан Самарқандга келаётганларида йўлда эшитдилар ва улар ўз йўлларини ўзгартириб Оренбург томон йўл олдилар. Бу ерда улар Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан учрашдилар. У Оренбургда Бошқирдистон муҳториятининг ички ва ҳарбий ишлари билан банд эди.[21]

Совет хукумати Туркистон мухториятини тугатиш боҳаноасида ўлка халқларини қирғин қилиш, дахшатли қатағонларни бошлаб юборди. Қизил армия ва хусусан арман дашноқлари Қўқон шаҳридаги  даҳшатли қирғинлар ва ёндириш-вайронагарчиликлар билан чекланиб қолмадилар. Улар Қўқон фожиалари баҳонасида бутун Фарғона водийсини вайрон қилиб, култепага айлантирмоқчи бўлдилар. Бу йўл билан совет хукумати маҳаллий аҳолини қўрқитиб умуман бош кўтараолмайдиган қилиб қўймоқчи бўлдилар. Тарихчи олим Ш. Шомагдиев берган маълумотларга қараганда мухтор ҳукумат ағдарилгач ҳам ваҳшийлик давом этгани яққол кўринадаи. Қўқон ва унинг атрофидаги тинч аҳолини талаш ва ўлдириш ҳолатлари тўхтамади. Фақат Қўқоннинг ўзида уч кун давомида 10 минг киши ўлдирилди.[22] Қизил аскарлар ва дашноқлар аҳолини дахшатга солиш, қўрқитиш мақсадида 1918 йилнинг бошларида Фарғона водийсидаги 180 шаҳар ва  қасабани ёндириб кулини кўўкка совирдилар. Ана шу даҳшатли қирғин пайтида Марғилон шаҳрида 1000, Андижон шаҳрида 6000, Наманган шаҳрида 2000 Бозорқўрғон ва Қўқонқишлоқ атрофларида 4500  туркистонлик мусулмонлар шоҳид бўлдилар.[23] Бу албатта ўлка халқларининг мустамлакачи совет ҳукуматига нисбатан қаҳр-ғазаби ва нафратининг кучайишига сабаб бўлди.

Ушбу даҳшатли воқеалардан сўнг ҳарбийлар Қўқон шаҳрини тарк этдилар. Солдатлар ва қизил армия «ўзлари билан вагонларда таланган миллий бойликлар ва кўплаб вагонда асирларни» олиб кетдилар.[24] Ҳарбий советнинг қарорига биноан шаҳарда замбараклар билан қуролланган алоҳида махсус бўлим қолдирилди.[25]

Совет тузуми бу вахшийликни қўрқитиш учун амалга оширди, у Марказнинг розилигисиз «Мухторият»ни Туркистонда ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзбошимчалик билан барпо этмасин деган мақсадни кўзда тутди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Туркистон Мухторияти тор-мор этилгач, 1917 йил декабрида қозоқ миллий демократлари томонидан Оренбургда ташкил этилган Алаш-Ўрда автономияси ҳукуматининг тақдири ҳам 1920 йил март ойида шундай бўлди.[26]

Туркистон мухторияти хукумати аъзоларини ва уларни тарафдорларини таъқиб этиш, уларни қатағон домига тортиш сиёсати совет ҳокимияти томонидан бир зум бўлса-да тўхтатилмади. Аксинча кейинроқ бўлса-да уларни бутунлай жисмонан йўқ қилиб ташланди.

ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги Мухтор вакиллиги ҳузурида ташкил қилинган “учлик”нинг 1930 йил 27 октябрдаги суд йиғилишида Туркистон мухтор хукумати аъзоларидан бўлган Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевни 56 ёшида ўтмишида совет ҳокимиятига қарши аксилинқилобий “Қўқон мухтор хукуматида вазир лавозимида ишлаган” 1925 йилдан 1928 йилга қадар совет хукуматига қарши фаолияти учун қамалган. Ҳозирда ҳам совет тузумига қарши ташвиқот олиб бормоқда деб отувга ҳукм этди.[27] Худди шу кунги йиғилишда “учлик” Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевнинг  оила аъзолари ва маслакдошлари устидан ҳам хукм чиқарди. Носирхонтўранинг фарзандларидан Дадахон эшон Носирхоновни отувга, Хасанхон Носирхонтўраевни 6 йилаг қамоқ жазосига хукм этилди.[28] Носирхонтўра Саидкамолхонтўраевнинг шогирдларидан Муллафозил Бобомуҳаммедов, Мулланўмон Каримовларни дастлаб отув жазосига хукм этиб, сўнгра ижтимоий келиб чиқишини ҳисобга олиб  отув жазоси 10 йиллик концлагерга қамоқ билан алмаштирилди, Юлдашев Муллатожибойни ҳам 10 йилга озодликдан махрум этди.[29] Носирхонтўранинг хотинини акаси Сайдулло Мақсудовни 5 йилга озодликдан махрум этилди.[30]

Аммо зўрликка, босқинчиликка асосланган ва Туркистон мухториятини тугатишга қаратилган Совет ҳукуматининг шафқатсиз оммавий қатоғон сиёсати меҳнаткаш халқ оммаси кўзи олдида бу хукуматнинг асл мақсади ва моҳиятини очиб ташлади. Натижада бутун Туркистон халқлари истиқлол учун, эрк ва миллий озодлик учун курашга отландилар.

Совет ҳокимиятининг Қўқон шаҳрида амалга оширган даҳшатли оммавий қатоғонларидан ҳатто Туркистонда яшаётган Европа миллатига мансуб эсерлар, кадетлар ва меньшевикларнинг вакиллари ҳам нафратланган эдилар.

Меньшевик-интернационалистлар фракциясининг  бошлиғи Х.Л. Вейнштейн Тошкент шаҳар Советининг 1918 йил 23 февралдаги йиғилишижда Республика Ҳарбий Комиссари Е. Перфильевнинг қизил гвардиячи жангчилари билан Қўқонда даҳшатли қирғин қилганини тафтиш этиш керак ва айбдорлар жавобгарликк тортилиши лозим, деб талаб қилди. Жумладан у шундай деган эди: «Қизиқ, синфий кураш номи билан арманлар ва форсларнинг ўзаро миллий келишмовчиликлари хақидаги гаплар, мусулмонлардан қандай қилиб ҳимояланишимиз лойиҳаси тўғрисидаги фикрлар қулоққа чалинмоқда. Биз синфий кураш ўрнига миллий кураш олиб боряпмиз, бу аҳволни, шубҳасиз, табиий ҳол деб ҳисобга олмаймиз. Лекин у мантиқан тўла советларнинг Туркистон ўлкасида олиб бораётган сиёсати оқибатидир. Ўлкада мусулмонлар хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмай туриб социализм қуришга интилмоқдамиз. Ўртоқ Перфильев меҳнаткаш мусулмон оммаси муҳториятини хоҳламади, қўллаб-қувватламади, деб таъкидлаб ўтди. Ўртоқ Перфильевнинг ўз фикрини исботлашга асоси борми? Унинг асоси шундаки, қайсики мусулмонлар тўпдан ўққа тутилгандан кейингина ўзларини бўйсинишга тайёр эканликларини билдирганини назарда тутаётган бўлса керак.

Ерли халқ Куропаткинга ўзларининг  итоатгўйлигини ўшандай усуллардан кейингина билдирмаганмиди? Ўртоқ Перфильев Куропаткин қўллаган усуллар билан ёндошмоқни мулоҳаза қилаяпти. Маърузада биз фақат миллий қирғинларни кўраяпмиз: бундай усулни подшо монархияси қўллаган. қайси социалист буларга  ишониши мумкин? Сиз Туркистонни ташлаб чиқиб кетасизми? Агар бу ерли халқнинг хоҳиш-иродаси бўлса-чи? Кимки бу тўғрида гапирадиган бўлса, сизлар даров унинг овозини ўчирасизлар. Йўқ сизлар социалист эмас, ўша импералист, ўша истилочисизлар. Вейнштейн ўз фикрини давом эттириб…. Интернационалистлар фракцияси номидан зудлик билан рўй берган воқеани тафтиш қилиб, ўрганиб чиқувчи комиссия тузишни, инқилобнинг қизил байроғига кимки доғ туширган бўлса, оддий гвардиячидан тортиб, отряд командиригача ҳамма-ҳаммасини қаътий жавобгарликка тортишни талаб қиламиз. Биз учун айрим кишиларнинг шуҳрати эмас, демократиянинг виждони ва тутган йўли аҳамиятлидир. Инқилоб байроғидан доғни ювиб ташлаш керак. Айбдорлар қонун олдида жавоб беришлари лозим».[31]

1918 йил январ ойидаёқ Скобелев шаҳар хокими В.Д.Дориомедов «Знамя свободў» газетасида  мухториятчиларга ҳайрихохлик билдириб, «Рус большевиклари ҳар қандай муҳториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз хуқуқлари ва тақдирини хақиқатан ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймади»[32] деб ёзган эди.

Туркистон мухториятига қарши амалга оширилган қатағон сиёсатини баъзи бир большевик арбобларнинг ўзлари ҳам танқид қилган эдилар. Жумладан, совет ҳукумати арбобларидан Д.Ж.Манжара шундай деган эди: «Миллий сиёсатда йўл қўйган хатоларимиз туфайли Қўқон мухторият вужудга келди… Уни йўқотиш пайтида яна бир хатога йўл қўйдик. Қурол аслаҳаси деярли бўлмаган мухториятчилар жойлашган эски шаҳарни қамал қилиш ўрнига биз тўплардан ўққа тутдик, кейин дашноқларнинг қуролли тўдаларини ишга солдик. Натижада талон-тарож, номусга тегиш, қирғин бошланди. Бундан мухториятчиларга алоқаси бўлмаган тинч аҳоли катта зарар кўрди.»[33]

Булардан кўриниб турибдики Туркистон мухториятининг тугатилиши жараёнида совет хокимиятининг қатоғон сиёсати нафақат ерли халқ балки бошқа халқларнинг жумладан, ўша тузум учун хизмат қилаётганларнинг ҳам қаҳр ғазабини қўзғатди. Туркистон муҳторияти миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласини демократик йўл билан хал этишга бел боғлаган халқ ва унинг илғор зиёлилари заковати ва иродаси заминида вужудга келган эди. Табиийки, зўровонлик, шовинизм билан қуролланган янги мустабид большевиклар режими миллий мустақилликка  интилишнинг ҳар қандай кўринишига тиш тирноғи билан қарши чиқди. Синовдан ўтган усул-халқни алдаш, шафқатсиз қириш, талаш, қатоғон қилиш бу галл ҳам ишга солинди ва эзгу ниятлар, катта мақсадлар билан юзага келган миллий демократик хукумат хали тўлиқ шаклланиб улгурмаёқ йўқ қилинди. Туркистон Мухторияти хукуматининг ағдарилиши туркистонликларни большевиклар режимига қарши ўз она Ватанларини ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга мажбур этди. Бу қуролли ҳаракатнинг моҳияти миллий озодлик анъаналарининг давоми бўлиб, истиқлол учун кураш эди. Бу билан Туркистонда оммавий антисовет ҳаракати бошланди. Миллий озодлик кураши анъаналарини ўзида намоён этган истиқлолчилик ҳаракатининг хусусияти ўша даврдаги «Туркистоннинг Россиядан озодлиги учун!», «Золимларсиз Туркистон учун!», «Туркистон-туркистонликсиз учун!» каби сиёсий талабларида ёрқин намоён бўлди.

Элмурод Зокиров

«Туркистон Мухториятини ағдариш чоғида советларнинг ерли халққа нисбатан қўллаган қатағон сиёсати» БМИ. 3-қисм

[1] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида -Т.: Шарқ. 2000.

[2] R. Shamsutdinov., SH Karimov. Vatan tarixi. (O’zbekiston sovet mustamlakachilik davrida). Uchunchi kitob. “Sharq” Toshkent-2010.

[3] R. Shamsutdinov., SH Karimov. Vatan tarixi. (O’zbekiston sovet mustamlakachilik davrida). Uchunchi kitob. “Sharq” Toshkent-2010.

[4] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида -Т.: Шарқ. 2000.

[5] Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият, 2000.-Б.153-155.

[6] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида -Т.: Шарқ. 2000.

[7] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида -Т.: Шарқ. 2000.

[8] Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият, 2000.-Б.147.

[9] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Т.: Шарқ, 2000.- Б.66.

[10] Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият, 2000.-Б.146.

[11] 1918 йил 1 февралдан бошлаб кунлар янги сана бўйича кўрсатилади. Чунки Совет ҳокимиятининг декрети билан 1918 йил 31 январдан кейин  1 феврал эмас, балки 14 феврал деб ҳисобланди.

[12] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб……-Б.66

[13] [13] R. Shamsutdinov., SH Karimov. Vatan tarixi. (O’zbekiston sovet mustamlakachilik davrida). Uchunchi kitob. “Sharq” Toshkent-2010.

[14] Ўша асар.

[15] Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият, 2000.-Б.149

[16] Воспомининие участников гражданской войны в Андижанской области. Выпуск. 1.-Андижан, 1957. с-51

[17] Улуғ Туркистон. 1918 йил. 12, 14, 19 март.

[18] Қўқон шаҳар тарихий-ўлкашунослик музейи илмий фонди материалларидан.

[19] ЎзР МДА, Р-615-фонд, 1-рыйхат, 97-дело, 75-варақ.

[20] Чўқаев М. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари) Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёти матбаа бирлашмаси, 1992.-Б.49.

[21] Закий Валидий. Хотиралар. «Шарқ юлдузи», 1993 йил 7-8 сон, 165-166 бетлар.

[22] Шомагдиев Ш.П. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине.- Т.: Фан, 1961.- С.55.

[23] Ўша жойда. _Б.56.

[24] Улуғ Туркистон. 1918 йил. 19 март.

[25] Победа Октябрской револьюции в Узбекистане. Т. 1. с.50.

[26] Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият, 2000.-Б.151

[27] Среднеазиатский кишлак в  годы большого террора  (Составители: Шамсутдинов Р.Т., Юсупов Э.Ю., Хошимов М., Дўстматов Э.П.) Андижон 2007. С. 7

[28] Ўша жойда. Б.8.

[29] Ўша жойда. Б.10.

[30] Ўша жойда.

[31] Туркистан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости. Научный редактор: Р.Я.Раджапова.-Т.: Шарк. 2000.-С.110-111.

[32] Алексеенков.П. Кокандской автономия.-Т.: 1931.с.6

[33] ЎзР МДА, Р-1747-фонд, 1-рўйхат, 1-иш, 67-варақ.

Ўхшаш мақола

Ўзбек элатининг шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичлари

Маълумки, ўзбек элатининг шаклланиш жараёни бошқа туркий забон халқлардан бирмунча фарқ қилган. Жумладан: ўзбек элатининг …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *