Чўпонота

ЧЎПОНОТА МАЖМУАСИ (Чилонзор даҳаси, 13-мавзе) – гумбазли дарвозахона ва мақбара (айрим маълумотларга кўра 15-аср), масжид (асоси 19-аср охири – 20-аср боши) дан иборат. Чўпонлар ҳомийси Чўпонота шахсига атаб Улуғбек томонидан қурилган деб тахмин қилинади. Дарвозахона ҳовлининг жанубий томонида, ғарбида масжид, шимол тарафда мақбара жойлашган, унинг атрофи қабристон. Мақбарага боравериш хиёбон тарзида ташкил этилган. Дарвозахона ва мақбаранинг (тарҳлари мос равишда 3,5х4,9 м ва 4,6х5,6 м) ҳажмий тузилишларида умумийлик кўп: иккаласи ҳам майда (24х24х4 см) ғиштдан ишланган; олд тарзларининг томонларидаги гулдасталар юқорига қараб ингичкалашиб кетган; гулдасталарнинг тепаларига ўймакорлик воситасида қафаса шакллари берилган; эшикларининг тепасида китобаларнинг ўрни бор. Бино интерьерлари ва деворларига тўрттадан саёзроқ тахмонлар ишланган; бағаллари «каптар думи» (қалқонсимон) шаклида чиқарилган. Биноларнинг фарқли жиҳатлари ҳам бор. Дарвозахонанинг ҳовли томонида ҳам пештоқ бўлиб, у кўча тарафидагига қараганда пастроқ; гумбазининг устига мезана қурилган. Мақбара эшигининг тепасидаги ёзув (китоба) қириб олинган, ўрнига ганчдан нақш ишланган. Сағана мақбара ичининг анча қисмини эгаллаган. Fарбий тахмон деворида туйнук бор. Мақбаранинг ичи сувоқсиз бўлиб, ғиштлардан нақшсимон шакллар ҳосил этилган. Шифтли масжид 20-асрнинг 50-йилларидаги кенгайтириш натижасида ўзининг дастлабки ҳолатини йўқотган. Хонақоҳ 3 қисмга бўлинган. Унга шарқдан ўртасида 5 таянчи бўлган ромли айвон туташтирилган. Масжид тарҳининг таҳлили унинг энг аввалги қисми иморатнинг жануби-ғарбида жойлашганлигини кўрсатади: хонақоҳнинг жан. қисми дастлабки хонақоҳ, ўрта қисми эса дастлабки очиқ айвон бўлган, деб тахмин қилиш мумкин; хонақоҳнинг шимолий қисми ва ромли айвон кейин қурилган. Масжиднинг қаршисида, ҳовлининг шарқий томонида ёрдамчи қурилмалар, ҳовуз бор. Чўпонота мажмуасида халқ меъморлигининг, айниқса, ғишткор усталарнинг маҳорати мужассам бўлган.

«ЧЎПОНОТА» МАҲАЛЛАСИ (Увайсий кўчаси, 37) – Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла. Олим Хўжаев ва Маннон Уйғур маҳаллалари билан чегарадош. 1950 йилгача «Титов», 1950–59 йилларда «Чарх-Новза», 1959 йилдан ҳозирги номда. Аҳолиси 5800 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек 8 миллат вакиллари яшайди. Маҳалла ҳудудида Чилонзор Оқтепаси археологик ёдгорлиги, Фтизиатрия ва пульмонология идмий текшириш институти ва унинг клиникаси, Ўзбекистон маҳаллий саноат корпорациясининг «Оқтепа» саноат-савдо жамоа корхонаси, «Форвард» ресторани, спорт мажмуаси, жумладан, маҳалланинг «Оқтепа» футбол клуби спорт майдончаси, 22-оилавий поликлиника, «Фотима ва Заҳро» жоме масжиди ва бошқалар мавжуд. Академик Иброҳим Искандаров, топонимист олим Суюн Қораев, ношир Ислом Шоғуломов, ёзувчи Шукрулло ва бошқалар шу маҳаллада яшайди. Маҳаллада болалар спортига, маданий-маърифий маросимлар ўтказишга алоҳида аҳамият берилади.

«ЧЎПОНОТА» МАҲАЛЛАСИ (Чўпонота кўчаси, 28а-уй) – Чилонзор туманидаги маҳалла. «Қатортол», «8-мавзе», Лутфий маҳаллалари ва Учтепа туманининг «Гузар» маҳалласи билан чегарадош. 1962 йил ҳозирги маҳалла ҳудудида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти қошида корхона қурилган. Сўнгра 1964 йил жамият томонидан кўзи ожиз ногиронлар яшайдиган 4 қаватли турар жой биноси ва корхона ётоқхонаси қурилган. Ана шу уйлар ва жамият асосида 1965 йил «Чўпонота» маҳалласи ташкил топган (маҳалла номи чўпонлар ҳомийси Чўпон¬ота номидан олинган). Кейинчалик кўп қаватли уйлар қурилиб маҳалла кенгайган. Аҳолиси 1530 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 14 миллат вакиллари яшайди. Аҳолисининг асосий қисмини кўзи ожиз ногиронлар ва уларнинг оила аъзолари ташкил қилади. Маҳалла ҳудудида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти қошидаги 4 та корхона ва маданият саройи, маҳалланинг кўзи ожизлар жоме масжиди, «RADIKS» дори-дармон ишлаб чиқариш корхонаси, «Хасково» колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқа турдаги 8 та хусусий корхона, автомобиль таъмирлаш устахонаси, автосалон, «ФОНОН» ишлаб чиқариш корхонаси, ЎзМУ қошидаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик лицей, «AFRUZ» ва «Хосиятлик» ресторанлари, 3 та кафе, «Истиқлол» болалар боғчаси, мебель жиҳозлари, қурилиш материаллари дўконлари жойлашган.

«ЧЎПОНОТА» МАҲАЛЛАСИ (Қўшилиш кўчаси, 25) – Учтепа туманидаги маҳалла. Бўзсув канали бўйида жойлашган. «Катта Қаъни», Чилонзор туманининг 14–15, 21–25 мавзелари билан чегарадош. 1924 йил шу номда ташкил этилган. Ўрта асрларда маҳалла ҳудудидаги қабристон атрофида карвонсарой, чойхона, баққоллик дўконлари бўлган. Кейинчалик шўролар давридаги колхозлаштириш жараёнида ерлар бирлаштирилиб, сув бўйидан кўчирилган. 1966 йил Тошкент зилзиласидан сўнг аҳоли кўчирилиб, ўрнига 13-, 14-, 15-, 21-, 22-кварталлар ташкил этилган. Аҳолиси 2264 киши, асосан, ўзбеклар. Маҳалла ҳудудида туман маданият ва истироҳат боғи, туман ҳокимлиги биноси, Чўпонота қабристони, Шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонаси, электр ва иссиқлик қуввати корхоналари ва бошқалар мавжуд.

ЧЎПОНОТА КЎЧАСИ – Чилонзор ва Яккасарой туманларини боғлаб турувчи кўча. Усмон Носир ва Лутфий кўчалари оралиғида. Узунлиги 4 км атрофида. 20-асрнинг 50-йилларида ташкил топган. Даст¬лаб Сталинград номи билан юритилган. 1962 йил 12 июлда Волгоград номи берилган. 1997 йил 18 декабрдан Чўпонота номи билан юритилади. Йўналишида «Биродарлик» ёдгорлик мажмуаси, Чилонзор 2-, 6-, 8-, 9-турар жой мавзелари, «Умид» даҳаси, Республика хўжалик суди, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Тошкент вилоят прокуратураси, туман ички ишлар бошқармаси, Кўзи ожизлар жамияти, Fафур Fулом номидаги маданият ва истироҳат боғи, «Фаввора» ресторани, Оперетта театри, «Қутбинисо» супермаркети, «Малика» меҳмонхонаси, ҳуқуқ-шунослик касб-ҳунар коллежи, «Ўзгипроўрмонлойиҳа» институти, «Мирзо Улуғбек» метро бекати, Стандартлаштириш маркази, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, шахсий ва кўп қаватли турар жой бинолари ва бошқалар жойлашган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Жарариқ даҳаси

Post Views: 523 ЖАРАРИҚ ДАҲАСИ – Шайхонтоҳур туманида, шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида, Кўксарой, Алп Жамол, Жарариқ, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *