Бош саҳифа » Биласизми? » Чингизхоннинг набирасини мусулмон қилган шайхни биласизми?

Чингизхоннинг набирасини мусулмон қилган шайхни биласизми?

2020 йилда “Бухоро – Ислом маданияти пойтахти”

Милоднинг IХ асри бошларидаёқ “Қуббат ул-ислом” – “Ислом динининг гумбази” номи билан машҳур бўлган Бухоро, тарихчи Наршахийнинг гувоҳлик беришича, машҳур фиқҳшунос олим Абу Хафси Кабир Бухорий (767–832) туфайли шу номга сазовор бўлган. Бухоронинг шонли тарихида шайх Сайфиддин Боҳарзий (1190–1261) фаолияти туфайли шаҳарнинг шуҳрати ислом оламида янада юксалди. Шу сабабли орадан тўрт аср ўтгач, ХIII асрдан бошлаб унга янги сифат – “шариф” сўзи қўйилиб, у Бухоройи шариф, яъни Шарофатли Бухоро номи билан юритиладиган бўлди. Хўш, Бухоронинг бундай ном қозонишига сабаб бўлган шайх Сайфиддин Боҳарзий аслида ким?

Шаҳидлар шоҳининг шогирди

Дамашқлик машҳур тарихчи ва муҳаддис Шамсуддин Заҳабий (1274–1348) ўзининг “Машҳур даҳолар сийрати” асарида Сайфиддин Боҳарзий ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Аллома ҳақида сўз бошлаган Заҳабий уни: “Номлари тўрт иқлимга машҳур. Қалблардан ўрин олган беназир олим”, деб таърифлайди. Шу сўзларданоқ шайхнинг шавкатига баҳо бериш мумкин.Кубровийлик тариқатининг йирик намоёндаси, мутасаввуф ва шайх Сайфиддин Боҳарзий 1190 йилда Хуросоннинг Боҳарз қишлоғида таваллуд топган. У Ҳирот ва Нишопур шаҳарларидаги мадрасаларда таҳсил олган. Ёшлигида Макка ва Мадина шаҳарларига сафар қилган. Сўнгра, ривоятларга кўра, ўн бир ёшида Араб халифалиги пойтахти Бағдод шаҳрига келган.

Кейинчалик яна Хуросонда илм олган. Ҳаттоки, буюк фақиҳ, шайхулислом Бурҳониддин Марғинонийнинг (1123–1197) “Ал-Ҳидоя” китоби юзасидан у кишининг ўғли Жамолиддиндан дарс олган. Сўнгра Хоразмга келган. Умрининг охиригача Хоразм ва Бухорода муқим яшаган.

Сайфиддин Боҳарзий Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти Кўҳна Урганчда Нажмиддин Кубро тахаллуси билан танилган улуғ шайх, кубровийлик тариқатининг асосчиси Аҳмад ибн Умар Хивақийдан тасаввуф таълимотини ўрганганди. Орадан йиллар ўтгач, унинг шогирди сифатида кубровийлик тариқатини ривожлантирган. Ундан кубровийликнинг ҳинд шоҳобчаси – Фирдавсия бошланади. У Мовароуннаҳр ва Туркистонда ҳадис илмини ёйган ва уни ривожлантирган.

Абдураҳмон Жомийнинг қайд этишича, Нажмиддин Кубро шогирдларига: “Энди юртингизга боринг. Шарқдан фитна олови келмоқда, кўп ўтмай у ҳамма ёқни куйдириб кул қилади”, дейди. Шогирдлари: “Устод, дуо қилинг, бу офат мусулмон оламидан даф бўлсин, ахир Сизнинг дуойингиз ҳар доим ижобат бўлғайку”, дейишади. Бунга жавобан ҳазрат: “Бу қазойи мубрам (ўзгармас)дир. Уни дуо билан қайтариб бўлмайди”. “Ундай бўлса сизни ҳам олиб кетайлик”, дея илтижо қилган шогирдларга ҳазрат қатъий қилиб: “Мен бу жангда шаҳид бўламан, менга киндик қоним тўкилган тупроқни, Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ”, дейди.

Буюк шайх Бухорода

Башорат қилинган офат машриқдан мўғул босқинчилари қиёфасида бостириб келиб, гуллаган ўлкани вайронага айлантирди. Нажмиддин Кубро ўз шогирдларини бу ерлардан Хуросон томонларга юборди. Боҳарзийни Мовароуннаҳр томон йўллади. Ўша кунларда ҳатто хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад (1200–1220 йиллари ҳукмронлик қилган) ҳам мамлакатни ташлаб қочиб кетганди.

Чингизхон 1220 йилнинг февралида Бухорони эгаллаб, унинг амри билан шаҳар ёқиб юборилган эди. Сайфиддин Боҳарзий Бухорога етиб келганида шаҳар батамом ёниб бўлган, истиқомат қиладиган жой ҳам қолмаганди. Боҳарзий одамларни йиғиб, уларга “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб беради. Жомийнинг ёзишича, Кубро томонидан Бухорога юборилган Боҳарзий бу ерда қирқ йилдан ортиқ яшайди. Ҳаттоки, Сайфиддин Боҳарзийнинг халқ ўртасидаги кучли нуфузидан чўчиган мўғул ҳукмдорлари у билан ҳисоблашишга мажбур бўлишади.

Чингизхон номидан Мовароуннаҳрни идора қилган Маҳмуд Ялавоч Бухорога “қилон” тўловини йиғиш учун келади. Қилон – ҳар бир одам бошига солинадиган бир дирҳамлик хирож (ер солиғи), савдогарларга эса ушр (идора ишлари учун олинадиган солиқ) қўйиш эди. Заҳабийнинг қайд этишича, асли хоразмлик бўлган Маҳмуд Ялавоч Сайфиддин Боҳарзий ҳузурига киради. Боҳарзийнинг юзлари тўлин ой каби ёришиб турган эди. Боҳарзийга Ялавочнинг меҳри тушиб, унга минг дирҳам ҳадя қилади. Боҳарзий бунга қиё ҳам боқмайди.

Шайхнинг паноҳида омон қолганлар

1238 йилда Бухородан 20 километр ғарбдаги Тороб қишлоғидан бўлган ғалвирчи Маҳмуд Торобий Бухорода мўғуллар зулмига қарши қўзғолон кўтаради. Манбаларда қайд этилишича, у одамларни тўплаб уларга: “Мен жангда жинларни чақираман. Улар бизга ёрдам беришади”, – деб айтади. Торобийнинг одамларида етарлича қурол-аслаҳа йўқ эди. Оқибатда мўғуллар бир ҳужумнинг ўзидаёқ етти минг кишини, шу жумладан, Торобийнинг ўзини ҳам ўлдиради.

Торобийга яқин кишилар уни учиб кетди, деб ўйлашади. Мўғуллар қолган исёнчиларнинг ҳам кўпини қирғин қиладилар. Фақат Боҳарзийнинг паноҳига кирганларгина омон қолади. Бироқ омон қолганлар пешонасига мўғуллар қизиган темир билан тамға босишади. Мўғуллар Боҳарзийдан қўрқиб қолган эдилар. Ҳеч ким унга қарши чиқишга журъат этолмасди.

Боҳарзийнинг башорати

Улуғ хон (қоон)нинг акаси Бойқу ниҳоятда золим, қонхўр ва ёлғончи киши эди. У Термиз аҳлини қирғин қилди. Бу билан чекланмасдан бу ердаги бошқа жонзотларни ҳам қириб ташлади.

Шайхнинг душманлари “Боҳарзий халифа, подшоҳ бўлишни истайди”, деган сўзлар билан Бойқуни Боҳарзийга қарши қайрашади. Натижада, Бойқу Боҳарзийни занжирбанд қилиб Самарқандга олиб келишни буюради. Улуғ шайхни Бухородан Самарқанд томон элтадилар.Боҳарзий Самарқандга бораётиб: “Мен бу хорликдан кейин бир иззат келишини кўрмоқдаман”, – дея башорат қилади. Боҳарзий шаҳарга яқинлашганда Бойқу ўлади. Шайхни қўйиб юборадилар. Унинг қўлларида кўплар мусулмон бўла бошлайди.Қайтиб келаётганида, Сайфиддин Боҳарзий Самарқанд шаҳри яқинидаги Хартанг қишлоғида муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий (810–870) нинг қабрини зиёрат қилади. Унинг қуббаси (гумбази)ни янгилайди, пардалар осади, қандилларини алмаштиради. Самарқандликлар Боҳарзийга шу ерда қолишни таклиф этишади. Шайх бир неча кун Самарқандда туради. Бироқ кейин яна Бухорога қайтади.

Мўғулларни мусулмон қилган шайх

“Тарихи Банокатий” асарида келтирилишича, мўғул хоқонлари Мунке, Хулоку, Хубилайларнинг онаси, Чингизхоннинг келини, унинг тўнғич ўғли Тулунинг беваси Суюркўктани бека (тахминан 1190–1252) номи ҳам Боҳарзий билан боғлиқ.

Асли христиан динида бўлган керайитлар маликаси Суюркўктани бека Бухорода Хония мадрасаси ва хонақоҳ қурдириб, унга жуда кўп қишлоқларни вақф қилган ҳамда Сайфиддин Боҳарзийни мударрис ва мутавалли қилиб тайинлаган.

Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаётда шайхнинг ўрни катта бўлган. Чингизхоннинг набираси, Олтин Ўрда хони Беркахон (1209–1266) ҳам унга эътиқод қилиб, ХIII асрнинг 50 йилларида Бухорога келган ва пирга мурид тушиб, ислом динини қабул қилган. У мўғул ҳукмдорлари орасида биринчилардан бўлиб ислом динини қабул қилди. Заҳабийнинг қайд этишича, Беркахоннинг олтмишта хотини бор эди. Шайх унга тўрттасини қолдириб, қолганларидан ажралиш кераклигини айтди. Беркахон бу ишни сўзсиз бажарди.

Беркахон мусулмон бўлгач, ўзига Баракахон номини олган ва Шимолий Кавказдан то Сибиргача чўзилган улкан давлати ҳудудида ислом динини жорий қилиб, масжид ва мадрасалар қурдирган. Унинг қўлида кўпчилик мусулмон бўлган. Бу воқеадан сўнг Сайфиддин Боҳарзийга “Шайх ул-олам” (Олам шайхи) унвони, Бухоро шаҳрига эса шариф мақоми берилган.

Тенгсиз туҳфалар

Аббосийлар халифалигининг сўнгги халифаси Мустасим (1242–1258 йиллари ҳукронлик қилган) Бағдоддан Боҳарзийга туҳфа юбориб турар эди. Шу туҳфалардан бири Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиваччаси ва куёви Али (розияллоҳу анҳу)нинг қўллари билан ёзилган Қуръони карим эди.

Бундан ташқари, Шероз волийси Музаффариддин Абу Бакр ибн Саъд ҳар йили минг динор, Мавсил волийси ҳам ҳар йили шайхга ҳадя жўнатарди. Боҳарзийга Озарбайжон волийси Малика бинти Ўзбек ибн Паҳлавон ҳазрат пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд (Мадина шаҳри ёнидаги тепалик)да синган тишларини ҳадя сифатида жўнатган.

Шайх мўғулларнинг Ироққа – Аббосийлар халифалигига ҳужумларига тўсқинлик қилган. Халифани ҳурматлаб, шаънини улуғлаган. Унинг ҳинд султони Носириддин Маҳмудшоҳ I (1246–1266 йиллари ҳукмронлик қилган) билан Синд ва Мўлтон султони Ғиёсиддин Балбон (1200–1287)нинг элчилик муносабатлари ва хат ёзишмалари бўлган.

Мўғуллар империясининг тўртинчи буюк қоони Мангуқоон – Мунке (1251–1259 йиллари ҳукмронлик қилган) салтанат тахтига ўтирганда Боҳарзийга ҳадялар жўнатган. Унинг вазири, Маҳмуд Ялавочнинг ўғли Маъсудбек ҳам худди шундай эҳсонлар юбориб турган.

Масъуд Ялавоч устозининг олдига келганда остонани ўпиб, изн берилгунча кутиб турган ва: “Отам ҳам худди шундай қилардилар. Чунки шайхнинг подшоҳлар қалбларидан ўрин олган катта салобатлари бор эди. Агар уларга мендек яқин вазирини ўлдириб юборишни буюрсалар, иккиланмай ўлдириб юборишади”, – деган эди.

Улуғ шайхнинг сўнгги васияти

Боҳарзий фиқҳий ихтилофларнинг, ҳадис ва оятлардаги гўзал сўз ва ибораларнинг билимдони эди. У Бухоро шаҳри яқинидаги Калободда мадраса қурдирган. Араб ва форс тилларида “Аллоҳнинг гўзал исмлари шарҳи”, “Ишқ ҳақида рисола”, “Хилватдаги воқеа”, “Рубоиёт”, “Рўзнома”, “Васиятнома” ва бошқа асарлар ҳамда тўртликлар ёзган. Боҳарзий бир неча замондош олимларга ўз номидан дарс беришга ижозат берган.

Улуғ шайх 1261 йилда Бухорода вафот этди. Заҳабий берган маълумотларга кўра, унинг жанозасида тўрт юз минг атрофида одам қатнашган. У киши шайхлари Нажмиддин Кубронинг ҳирқалари (дарвишлар кийими)га кафанлашларини, тобутларининг олдида ҳеч ким юрмаслигини ва овоз чиқариб йиғламасликларини васият қилган эканлар.

Амир Темур ихлос қўйган пир

Сайфиддин Боҳарзий Бухоронинг шарқий қисми – Фатҳобод мавзейидаги Қарши дарвозаси рўпарасида дафн этилган. Қабри устига мақбара қурилган. Сайфиддин Боҳарзий мақбарасининг кичик гўрхонаси ХIII асрнинг 2-ярмида, зиёратхонаси эса ХIV асрнинг 2-ярмида бунёд этилган. Мақбарага Сайфиддин Боҳарзий, унинг икки ўғли, шунингдек, невараси ва эваралари дафн этилган.

Соҳибқирон Амир Темур Бухорога ташриф буюрганда шайхнинг қабрини албатта зиёрат қилган. Ҳаттоки, унинг фармони билан мақбара обод қилиниб, зиёратхона ва шарқий пештоқ бунёд этган. Шайх қабри устидаги ёғоч сағананинг ясалиш услуби, зарҳал безаклари, Амир Темур даври ёғоч ўймакорлиги санъатининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади.

Бухоро ана шундай буюкларга сўнгги манзил бўлган жой. Унинг ҳар қаричида улуғ алломалару авлиёларнинг изи бор. Ана шундай буюклардан бири Боҳарзий ҳам Бухорони ўзига макон тутди. Дунё кезган шайх умрининг ярмидан кўпроғини шу муаззам шаҳарда ўтказди. Унинг Бухорога бўлган муҳаббати боқий шаҳарни “шариф” номига муяссар этди. У ислом дини равнақи йўлида улуғ ишлар қилди. Кексайганда ҳам кароматгўй устозига меҳри сўнмаган шогирд сўнгги йўлга шайхининг дарвишона кийимида кетди.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабаси

Ўхшаш мақола

Эски ўзбек ёзуви

Post Views: 916 Эски ўзбек ёзуви – араб графикаси асосида шаклланган ва 11-асрдан 20-асрнинг бошларигача …

2 комментария

  1. Yandex dan ketayotgan reklamanlar filtrlansa yaxshi bölardi. Buzuqlikni tarğib qilayoyganlari uchrayapti.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *