Бош саҳифа » Алломалар » Buxoriy.uz: Тошкент алломалари

Buxoriy.uz: Тошкент алломалари

Юртимиздан етишиб чиққан алломалар илм-фаннинг тараққиёти йўлида беқиёс хизматлар қилишган. Бу тарихий, илмий, маданий жараёнларга Шош воҳаси олимлари ҳам катта ҳисса қўшганлар. Воҳа ҳаётидаги маънавий-маданий юксалиш даврида бир қанча муҳаддислар, шариат уламолари, муаррихлар, хаттотлар, шоирлар, табиблар хизматларини алоҳида қайд этишимиз мумкин.

Шошлик олимлар ҳаёти ва фаолиятларини тадқиқ этиш кўҳна Шош воҳаси тарихи, ислом илмлари ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда, улар билан яқиндан танишиб бориш қалбларимизда аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросига нисбатан ворислик ва ифтихор туйғуларини уйғотишдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.

Тарихий манбалар ва адабиётлардан яхши маълумки, IX–XII асрлар Ўрта Осиёда илм-фан ва маданият, айниқса, ислом илмлари тараққий қилган. Бинобарин, бу минтақадаги Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хива, Шош каби қадимий шаҳарлар илм-фан ва маданият марказлари сифатида машҳур бўлган. Жумладан, Шош вилоятидан ҳам кўплаб турли соҳа олимлари етишиб чиққан. Бу ерда туғилиб, фаолият кўрсатган кўплаб буюк зотлар, даставвал, “Шоший”, XVI асрдан бошлаб эса “Тошкандий” нисбаси билан дунёга танилганлар. Уларнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий маънавий меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш Шош воҳаси тарихини ўрганиш билан бир қаторда, бу олимларнинг жаҳон илмлари ва маданияти ривожида тутган ўрнини яққол акс эттиради.

Манбаларда Тошкент Чоч, Шош, Шошкент, Бинкат, Банокат каби номлар билан тилга олинган. Бу ерда таваллуд топиб, ижод қилган ёки баъзан, бу ерга келиб яшаган олимлар Чочий, Шоший, Банокатий деб юритилган. Баъзи манбаларда Илоқий нисбасини олганлар ҳам Шош воҳасига кирувчи олимлар эканини айтишган. Уларнинг сўнгги ўрта асрларда яшаб ўтганлари эса кўпроқ Тошкандий нисбаси билан тарих саҳифаларида битилган.

IX–XII асрлар маданиятимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга молик бўлиб, манбаларда Уйғониш даври сифатида талқин этилади. Зеро, ушбу давр Ўрта Осиё халқларини дунёга танитди. Муҳими, юртимиз алломалари дунё илм-фани ривожида беқиёс асарлар яратишди. Бу тарихий, илмий-маданий жараёнларга шошлик олимлар ҳам катта ҳисса қўшишган.

Ўрта асрлар Шош маданий ҳаётига доир маълумотлар ёзма манбаларда тарқоқ ҳолда учрайди. Воҳа ҳаётидаги маданий юксалиш даври ўрта асрларга тўғри келиб, бунда шу вақтда етишиб чиққан қатор муаррихлар, хаттотлар, шоирлар, табиблар ва бошқа соҳа олимлари фаолиятини қайд этиш мумкин. Жумладан, машҳур олим Абу Мансур Саолибий (961–1038) ўзининг “Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси”) асарида сомонийлар даврида яшаб, араб тилида ижод этган Абу Муҳаммад Матронийни Шошдан чиққан шоир, у жойнинг шон-шуҳрати ва ягона кишиси” дея эътироф этган. Бу борада марҳум профессор Исматулла Абдуллаевнинг олиб борган изланишларини алоҳида таъкидлаш лозим. Шошлик шоирлардан яна бири Абу Омир Исмоил ибн Аҳмад Шоший (X асрнинг иккинчи ярмида яшаган) бўлиб, у қанча Шарқ мамлакатларида сафарларда бўлгани қайд этилган. Айниқса, Рай шаҳрида тўпланган олим ва шоирлар вазир Соҳиб ибн Аббод (936–996) ҳузурида юксак эҳтиромга сазовор бўлишган.

Боғдодда ислом фахри сифатида шуҳрат қозонган Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший (1038–1114)нинг фарзанди Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (1088–1134) Боғдоддаги “Тож” мадрасасида фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) илмидан дарс берган. Шу билан бирга, у ўз замонасининг машҳур шоирларидан бўлиб, талабаларга ўз шеърларидан ўқиб берган ва мушоиралар ўтказган. Юқоридаги фикрлар шошлик шоир ва олимлар нафақат ўз юртида, балки дунёнинг кўплаб илмий марказларида фаолият кўрсатиб, Шош маданиятини дунёга танитганини тасдиқлайди.

Шошлик буюк аллома Абу Бакр Қаффол Шоший (904–976) бир неча соҳалар бўйича йирик асарлар яратган. Ўз навбатида, унинг машҳур шеърий мисралари қатор ўрта аср араб муаллифлари томонидан алоҳида эътироф этилган.

Кўҳна Шош номини жаҳонга машҳур қилган алломаларни шартли равишда валийлик мақомига етганлар ва олимлар тоифасига бўлиш мумкин. Масалан, Шаҳобиддин Суҳравардийнинг чақириғи билан Шошга келган Шайх Абу Бакр Зайниддин Куйи Орифон Тошкандий (XIII асрда яшаб ўтган бу зот халқ орасида Шайх Зайниддин бобо номи билан машҳур), Ойхўжа ибн Тошхўжа (Занги ота, XIII аср), Шайх Хованди Таҳур (XIV аср), Ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, “муршиди офоқ” бўлган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий (XV аср) сингари зотлар валийлик мақомига етишганлардан бўлишса, “Ҳазрати Имом” рутбасини олган Абу Бакр Қаффол Шоший (X аср), “Имом ал-Кабир” номи билан улуғланган Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (XI–XII асрлар) ва бошқалар дунёга машҳур алломалар бўлишган.

Бу заминда фақат ўрта асрларгагина мансуб олимларнинг сони юзтадан ортиқдир. X–XII асрларда Имом Абдуллоҳ ибн Авона Шоший, Имом Абу Бакр ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Абу Саъид Исо ибн Солим Шоший, Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм Шоший, Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший, Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим шоший Тункатий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм ибн Қумайр ибн Ҳоқон Шоший ва бошқа кўплаб олимлар жаҳоннинг турли шаҳарларида фаолият юритиб, таълим берганлар, кутубхона ва мадрасаларда илмларнинг турли соҳалари бўйича тадқиқотлар олиб борганлар.

XIV–XIX асрлар давомида Шош воҳаси ижтимоий-маърифий ҳаётида табиблар, хаттотлар ва тарихчи олимлар алоҳида аҳамият касб этган. XIV асрда Шошда яшаган таниқли муаррих Абу Сулаймон Банокатий “Малик уш-шуаро” сифатида ҳам машҳурдир. Унинг “Равзат ал-албоб фит-таворих вал-ансоб” (“Тарих ва насаблар ҳақида оқиллар боғи”) асари “Тарихи Банокатий” сифатида оммалашган. Шошлик шоир Бадриддин Чочий ҳаётининг кўп қисмини Ҳиндистонда ўтказган ва “Фахр аз-замон” унвонини олган. Шоир Алойи Шоший (XVI аср)ни Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида эҳтиром билан тилга олган.

“Тарихи Рашидий” асарининг муаллифи, XVI асрда яшаган муаррих Мирза Муҳаммад Ҳайдар Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг онаси Хўб Нигорхоним Тошкент ҳукмдори Юнусхоннинг қизи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холаси бўлган.

Шундай қилиб, Тошкентнинг маънавий ва илмий-маданий салоҳияти барча даврда шу заминда яшаб фаолият кўрсатган алломалар ҳисобига юксалиб, у жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири сифатида Ўзбекистон маданиятининг энг муҳим қисмини ташкил этган.

* * *

Мавлоно Соний Ёрмуҳаммад ибн Пирмуҳаммад Тошкандий ўз даврининг машҳур шоири эди. Манбаларга кўра, у шеър ёзишдаги мураккаб жанр ҳисобланган “муаммо” вазнида етук бўлган. Форс тилида бу вазнда ижод қилганлар ичида Абдураҳмон Жомий етакчи ҳисобланган бўлса, ундан сўнг Ёрмуҳаммад Тошкандий тан олинган. Унга “Соний” нисбати берилиши ҳам айни шу боисдандир. Алишер Навоийнинг илтимосига биноан, Ёрмуҳаммад Тошкандий Мирҳусайн ибн Муҳаммад Шерозийнинг муаммосига шарҳ ёзган. У ўз ижодининг дастлабки даврларида Ҳиротда яшаб, кейинчалик Тошкентда қўним топган. Шунингдек Ёрмуҳаммад Тошкандий томонидан “Абдураҳмон Жомий муаммосига шарҳ”, “Мавлоно Шаҳоб муаммосига шарҳ”, “Қирқ ҳадисга шарҳлар” ва бошқа асарлари ёзилган.

XVI асрнинг машҳур шоири, хаттоти ва табиби Боқий Тошкандий фаолиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. У илм-фан ҳомийси сифатида ҳам машҳур бўлган. Боқий Тошкандий моҳир хаттот сифатида бир қанча китобларни кўчирган. Шоир ва адабиётшунос Хожа Ҳасан Нисорий “Музаккир ал-аҳбоб” (“Дўстлар қайдномаси”) китобида шундай ёзади: “Мавлоно Боқий туркий тилда ижод қилувчи шоирлардан саналади. У ўз ижодининг айни шу жиҳати билан шуҳрат қозонган”.

Ўз даврининг олими ва зиёлиси сифатида Жамил Мирак Тошкандий (XVI–XVII ) ҳам таниқли бўлган. Замондошлари уни истеъдодли шоир ва ҳаттот деб билишган. Унинг шеърлари Мутрибийнинг “Тазкират аш-шуаро” асарига киритилган. Унинг ғазаллари услуби ва шакли жиҳатидан аниқ, равон ва мукаммал бўлган.

XVII–XVIII аср шоирлари ичида асли исми Шоҳаким бўлган Холис Тошкандий ўзининг достонлари билан ажралиб туради. Унинг ижодкорлик салоҳияти “Юсуф ва Зулайҳо”, “Искандарнома”, “Вафотнома”, “Айюб пайғамбар қиссаси” ва бошқа асарларида ўз аксини топган. Унинг достонлари кенг китобхонлар оммаси учун тушунарли ва равон содда халқ тилида ёзилган. Холис Тошкандий нафақат шоир, балки етук таржимон сифатида ҳам шуҳрат қозонган бўлиб, Мирза Содиқ Мунший Жондорнинг “Шаҳаншоҳлар даҳмаси” асарини ҳамда халқ достони ҳисобланган “Зеваршоҳ ҳақида қисса”ни форс тилидан туркийга ўгирган.

Тошкентда туғилиб, умрининг кўп қисмини шу ерда ўтказган шоирлардан яна бири Бадриддин Чочийдир. Унинг ғазаллари, қасидалари ва рубоийлари кўплаб шарқ мамлакатларида маълум ва машҳур бўлган. У умрининг сўнгги йилларини Ҳиндистонда ўтказган. Ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти унинг “Фахр аз-Замон” номини олишига сабаб бўлди.

Таниқли муаррих, 1810 йилда Шайхонтаҳур даҳасининг “Қорёғди” маҳалласида туғилган Муҳаммад Солиҳҳўжа Тошкандий ҳам шу даврда яшаб ижод этган. Унинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари Тошкент тарихи бўйича муҳим манба ҳисобланади.

Тошкент адабий муҳити вакилларидан яна бири Шохожа Ҳаким ибн Шарифхожа – Шоҳий Тошкандийдир. Тошкентнинг “Оқмачит” маҳалласида туғилган бу киши халқ орасида шоир, олим, табиб ва илғор қарашларга эга зиёли сифатида танилган. Шоҳий Тошкандий Юнусхон мадрасасида мударрислик қилган. Шу билан бирга Шарқнинг қатор мамлакатлари, жумладан, Туркия, Сурия, Миср, Ироқ, Саудия Арабистони ва бошқа жойларни кезиб чиққан.

Тошкентда бир қанча табиблар ҳам фаолият кўрсатишган. Бу ерда XVI асрда яшаган кўз табиби Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Юсуф Қаҳҳол жуда машҳур бўлган. У Тошкент ҳокими Дарвешхоннинг шахсий табиби бўлган. Шунингдек, мазкур асрда Шоҳ Али Қаҳҳол, Боқий Жарроҳ Тошкандий каби табиблар фаолият кўрсатган.

Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг барча соҳаларида ривожланиш жараёнлари юз берган. Ўз навбатида, Тошкент ҳам илм-фан, маданият, маърифат ва адабиётнинг умумий юксалишига ўз ҳиссасини қўшган. XV–XIX асрларда фаолият кўрсатган олимлар, муаррихлар, табиблар, хаттотлар, шоирлар ва бошқа зиёли маърифатпарварлар ҳаёти, фаолияти, илмий меросига доир маълумотларни тарихий изчиллик асосида ўрганиб чиқилганда Шош замини барча даврларда жаҳон илм-фани ва маданияти хазинасига жуда кўплаб олиму фозил зотларни етказиб берганинг гувоҳи бўламиз.

Тошкент маданияти тарихида ўчмас из қолдирган сиймолар – Тошкент хаттотларидир. Чунончи, буюк мутафаккир Аллома Тафтазоний(1322–1390) нинг шогирди Жамшид Шоший (XIV аср) 1358 йилда Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарини насх хати билан кўчирган. Ҳозир бу нодир қўлёзма Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Абдувадуд Котиб номи билан машҳур Абдулвадуд ибн Хожа Абдулвасиъ Шоший (XIV–XV асрлар) таниқли олим Абдуллоҳ Хатиб Табризийнинг “Мушкот ал-масобиҳ” асарини насх хати билан кўчирган.

Шундай қилиб, Тошкентнинг маънавий ва илмий-маданий салоҳияти барча даврда шу заминда яшаб фаолият кўрсатган алломалар ҳисобига юксалиб, у жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири сифатида Ўзбекистон маданиятининг энг муҳим қисмини ташкил этган.

* * *

XVII–XIX асрларда Тошкент маданий ҳаёти тарихида Ибодуллоҳ Тошкандий, Дардий, Ҳофиз Кўҳакийнинг шогирди Шуҳратий Оҳангароний, Муҳтарам Тошкандий, Муллои Тошкандий, Марохий Тошкандий, Вафоий Дўрмоний, Содиқий Тошкандий, Абдуғаффор Тошкандий, Фатҳий Тошкандий, Муҳаммад Тоҳир Тошкандий, Кулфат, Зоиъ Тошкандий, Улфат, Дилкаш, Фазлуллоҳ Алмаий, Азизуллахон каби шоир ва адибларнинг муносиб ўрни бўлган.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Европа ва Осиё мамлакатлари ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида юз берган ўзгаришлар Туркистонга ҳам таъсир қилиб, бу ерда маърифатчилик ривож топа бошлади. Бу жараёнда Тошкентнинг миллий илғор зиёлиларининг ўрни беқиёс бўлди.

XIX аср охиридан бошлаб Тошкент “жадидчилик” номи остида юзага келаётган маърифатчилик ҳаракатининг маркази бўлиб қолди. Туркистоннинг маърифатпарвар зиёлилари ўлканинг ривожланган дунёдан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ортда қолганини, шу ҳолат мамлакат Россия империяси мустамлакаси бўлиб қолишининг асосий омилларидан бири эканини тушуниб етишган эди. Натижада улар Шарқ ва Ғарб маданиятининг энг яхши ютуқларини ўзлаштиришга интилиб, халқнинг маданияти, турмуш тарзи ва маърифатини ривожланган мамлакатлар даражасига кўтариш ҳамда Туркистонда миллий-демократик давлат барпо этиш мақсадини қўйишди. Бу ҳаракатга Маҳмудхўжа Беҳбудий билан бирга тошкентлик таниқли жамоат ва сиёсат арбоби, журналист ва педагог Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлик қилди. У Тошкентда биринчи бўлиб, янги усулдаги мактабни, сўнг ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг асоси ҳисобланган олий ўқув юрти – “Туркистон халқ дорилфунуни”ни очган. У “Адиби аввал” ва “Адиби соний” дарсликларини ёзган. Айни пайтда ўзбек тилидаги биринчи миллий нашрлар “Тараққий”, “Хуршид”, “Кенгаш”, газета ва журналларининг асосчиларидан биридир.

Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, Саидрасул Саидазизов ва бошқаларни ўз доирасига олган Тошкентнинг илғор маҳаллий зиёлилари янги усулдаги мактаблар, дарсликлар, театр гуруҳлари, маърифатчилик жамиятлари тузиш, газеталар нашр этиш ишига бошчилик қилишди. Тошкентда шундай мактаблардан биринчисини Мунавварқори Абдурашидхонов “Намуна” номи остида ташкил қилди. 1910 йилларда Тошкентда ана шундай номда ўндан ортиқ мактаблар очилган.

Маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийнинг халқни маърифатли қилиш учун маънавий тарбияга бағишланган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари кўпчилик учун дастурий китоб бўлиб қолди. Тошкентлик шоирлар Тавалло, Сидқий Хондайлиқий, Хислат ва халқни маърифатга даъват этган бошқа шоирлар Туркистон ҳаётида муҳим аҳамият касб этган.

Шундай қилиб, Тошкентнинг маънавий ва илмий-маданий салоҳияти барча даврда шу заминда яшаб фаолият кўрсатган алломалар ҳисобига юксалиб, у жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири сифатида Ўзбекистон маданиятининг энг муҳим қисмини ташкил этган.

Манба

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Аҳмад Югнакий (ХII аср)

Манбаларда Аҳмад Югнакийнинг туғилган жойи Югнак деб аталади. Бу номдаги қишлоқлар қадимги Самарқанд атрофи, Фарғона …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *