Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Бурганли маданияти

Бурганли маданияти

БУРГАНЛИ МАДАНИЯТИ – сўнгги жез ва илк темир даврига мансуб археологик маданият (милоддан аввалги биринчи минг йиллик боши – 6–4-асрлар). Тошкент яқинидаги Бурганлисой соҳилида (Чирчиқ водийсида) очилган манзилгоҳ номи билан аталган. Тошкент вилоятидаги Оҳангарон дарёси, Жўнариқ ва Салор канали тармоқлари ҳавзаларида тарқалган. Бурганли маданиятига оид дастлабки ёдгорликлар 1934 йил археолог Г.В.Гри­горь­ев томонидан Қовунчитепанинг остки қатламларидан топилган. А.И.Тереножкин томонидан (1940) Бурганли маданияти мустақил маданият эканлиги аниқланган. Бурганли маданияти Тошкент музофотининг деҳ­қончилик билан шуғулланган қад. аҳолисига тааллуқлидир. Бу аҳоли сак қабилаларининг кўчманчи чорвачилик хўжалигидан ўтроқ деҳқончиликка ўтган қисмига мансуб бўлган.

Оҳангарон дарёсининг ўрта оқими бўйларида Бурганли маданиятига оид ертўла шаклида қурилган турар жойлардан иборат бир неча манзилгоҳлар ковлаб ўрганилган. Ёдгорликлар орасида атрофи хом ғиштдан бино қилинган мудофаа девори ва хандақ билан ўраб олинган манзилгоҳ айниқса диққатга сазовордир. Овал, тўғри тўртбурчак, доира ва квадрат шаклларидаги ярим ертўла бошпаналарга дарё томондан кирилган. Бошпана ичидаги ўчоқлар ва хўжалик ўралари сопол парчалари ва турли ҳайвон суяклари билан тўлдирилган. Манзилгоҳдан топилган жез ўроқлар, тош омоч, дондан ёрма тайёрлашда ишлатиладиган ёрғучоқлар ва бошқа кўпгина меҳнат қуроллари бу ердаги аҳоли деҳқончилик билан шуғулланганлигидан далолат беради. Хўжаликда чорвачилик билан бир қаторда деҳқончилик ҳам муҳим ўрин тутган; овчилик ва балиқ овлаш иккинчи даражали роль ўйнаган. Аҳоли кулолчилик, металл эритиш, тўқимачилик ва б. ҳунарлар билан шуғулланган. Таги думалоқ идишлар матоли қолипларда қўлда ясалган, айрим шакл­лари сиртига қизил ранг (ангоб) берилган, геометрик нақш­лар кам бўлган. Идишларнинг асосий типлари: қозонлар (новсимон тумшуқли ва қулоқли), кувачалар, товоқлар. Жездан қуроллар (камон ўқи пайконлари, ханжар), меҳнат қуроллари (ўроқлар, пичоқ, устара, бигиз), тақинчоқ-безак буюмлари ясалган.

Бурганли маданиятига оид сопол буюмлар мажмуаси Фарғона водийсининг Чуст маданияти, Туркманистон жанубидаги Ёзтепа, Ўзбекистон жанубидаги Кучуктепа, Миршоди, Бандихон 1, сўнгги Жарқўтонда топилган гулдор сополларга ўхшайди. Археолог олимлар А.А.Асқаров ва М.Филанович Шош моддий маданият тарихини Шоштепа материаллари асосида 2 босқич – Бурганли маданиятининг тугалланиш босқичи (милоддан аввалги 6–4-асрлар) ва Бурганли маданиятининг Қовунчи маданиятига ўтиш босқичи (милоддан аввалги 3–2-асрлар)га ажратади.

Ҳозирги вақтда Тошкент воҳасидаги Бурганли маданияти археологик материалларга кўра милоддан аввалги 12-асрга қадар қадимийлаштирилди. Тадқиқотчилар уни деҳқончилик маданияти эканлигини эътироф этган ҳолда унинг келиб чиқиши ҳақида турли фикрларни билдирадилар. Буларнинг ичида Андроново маданиятига мансуб қабилаларнинг жанубдан ва эҳтимол шарқдан, Шарқий Туркистон томондан маданий таъсир кўрсатилиши натижасида ўтроқ ҳаётга ўта бошлаганликлари ҳақидаги фараз тўғри бўлиши мумкин. Бурганли маданиятига оид қишлоқлардан бири Тошкентнинг жанубий қисмида Жўн канали бўйида топилган. Археологик топилмаларга кўра уни милоддан аввалги 9–6-асрлар ёки ундан ҳам қадимийроқ даврга оид деб ҳисоблаш мумкин. Хўжаликда чорвачилик муҳим роль ўйнаганлиги, чорванинг асосини йирик ва майда қорамол, отлар ташкил этганлиги аниқланди. Қишлоқ аҳолиси табиат кучларига ва ҳосилдорлик маъбудларига топинганлар.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *