Бош саҳифа » Тарих » Бухоро амирлиги (аввали ва охири)
Бухоро амирлиги пул бирлиги
Бухоро амирлиги пул бирлиги

Бухоро амирлиги (аввали ва охири)

Бухоро амирлиги байроғи
Бухоро амирлиги байроғи

Сиёсий тарих. Сўнгги аштархонийлардан бўлган Абдулфайзхон ҳукмронлиги даврида марказий ҳокимият заифлашганлигидан фойдаланган ўзбек уруғлари турли вилоятларда ҳокимиятга қарши исён ва ғалаёнлар кўтаришиб, ўзларини мустақил деб эълон қила бошладилар. Улар орасида аштархонийлар саройида катта нуфузга эга бўлган, манғит уруғи бошлиқлардан бири Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ (вафоти 1743й) ҳамда унинг ўғли Муҳаммад Раҳимбийнинг ҳаракатлари айниқса кескин эди.

Бухорода бўлиб ўтаётган тартибсизликлардан фойдаланган Эрон шоҳи Нодиршоҳ 1745 йилда Муҳаммад Раҳимбий раҳбарлигида Бухорога катта қўшин жўнатди. Муҳаммад Раҳимбий Бухорода визиятни юмшатиш борасида катта ишларни амалга оширди. Миёнқол ва Шаҳрисабздаги қўзғолонлар бостирилди. Муҳаммад Раҳимбий давлат аппарати тизими ишлари ва ҳукумат амалдорларини алмаштириш ишларига жиддий киришди.

У деярли барча йирик давлат мансабларига ўзининг яқин қариндошлари ва маслакдошларини қўйиб, уларнинг ёрдамига таяниб пойтахтда ўз мавқени мустаҳкамлаб олди. 1746 йилда Нодиршоҳ ўлдирилгач, орадан кўп ўтмай Абдулфайзхон ҳам ўлдирилди. Тахтга ўтирган Абдулмўмин ҳам 1748 йилда ўлдирилди. Унинг ўрнига ниҳоятда ёш бўлган Убайдулла Султон номигагина тахтга ўтқазилди. 1753 йилга келиб йирик амалдорлар, руҳонийлар ва уруғ оқсоқолларининг розилиги билан Муҳаммад Раҳимхон (1753-1758йй) тахтга ўтирди ва манғитлар сулоласи ҳукмронлигини бошлаб берди.

Муҳаммад Раҳимхон марказлашган давлат тизими тузиш сиёсатини олиб борди. У йирик мулкдорларни давлатни бошқарув ишларига аралаштирмай, мустақил сиёсат юргизди. Бу ҳукмдор Миёнқол, Нурота, Ургут, Кобадиён, Бойсун каби марказий ҳокимиятни тан олмаган вилоятларга юришлар қилиб, уларни бўйсундиришга эришди. Унинг даврида Зарафшоннинг юқори оқими, Жиззах, Зомин яна Бухорога қўшиб олинди. Муҳаммад Раҳимхон қисқа муддат ичида жуда катта ҳудудни бирлаштирган манғитларнинг марказий давлат тизимини барпо этди. 1758 йилга келиб Тошкент, Қўқон, Марв, Балх, Қундуздан элчилар келиб унинг ҳокимиятини тан олганликларини билдирадилар.

Бухоро амирлиги
Бухоро амирлиги

Муҳаммад Раҳимхон вафотидан сўнг унинг балоғатга етмаган кабираси Фозилтўра тахтга ўтқазилиб, ҳокимият аслида Муҳаммад Раҳимхоннинг тоғаси Дониёлбий оталиқ (1750-1785 йй) қўлига ўтди. Дониёлбийнинг ҳукмронлиги даври марказий ҳокимиятнинг заифлашуви билан изоҳланади. У тахтга ўтирган дастабки пайтдаёқ марказлашаган давлат сиёсатига қарши ғалаёнлар ва қўзғолонлар кўтарилди. Миёнқол воҳаси, Шаҳрисабз ва Китоб, Шеробод ва Бойсун, Ҳисор вилоятларида катта-катта халқ ғалаёнлари ва чиқишлар бошланиб кетди. Даставвал,  Ҳисорга бадарға қилинган юз, кенагас, буркут, баҳрин, сарой каби ўзбек уруғларининг амирлари бош кўтардилар. Улар манғитлар сулоласини тахтдан ағдаришни режалаштирган эдилар. Дониёлбийнинг амирларни тинчлаштириш учун қилган ҳаракатлари зое кетди. Шундан сўнг Дониёлбий қўзғолонларга қарши қўшин жўнатди ва Бухоро шаҳри аҳолисининг ёрдами билан қўзғолон бостирилди. Исёнчи амирларнинг кўпчилиги қатл этилди.

Орадан кўп ўтмасдан юз уруғларининг бошлиғи Фозилбий бош кўтарди. Дониёлбий қийинчилик билан бўлса-да бу қўзғолонни ҳам бостирди. Айниқса, 1771 йилда Шаҳрисабз ва Хузорда кўтарилган қўзғолон давлат асосларини жиддий ларзага соди. Бу қўзғолонни ҳам катта куч сарфлаб бостиришга эришган Дониёлбий қўзғолончилар раҳабарларини қатл эттирди. Мамлакатда ғалаёнларнинг деярли тўхтовсиз кўтарилиб туриши  марказий ҳокимиятнинг обрўсини, қудратини тушириб юборди. Мамлкатнинг иқтисодий аҳвол ҳам ночор ҳолатга тушиб қолди. Натижада 1784 йилда пойтахт Бухорода ҳам қўзғолон кўтарилди. Қўзғолон бостирилган бўлса-да, Дониёлбий 1785 йилда тахтни ўғли Шоҳмуродга топширишга мажбур бўлди.

Арк
Арк

Шоҳмурод тахтга ўтирганидан сўнг “амир” унвони билан ҳокимиятни бошқаради(1785-1800 йй.).  У ўз ҳукмронлиги даврида шаҳарлар тараққиёти ва ободончилигига, ирригация ва қишлоқ хўжалиги ривожига алоҳида эътибор берди. Тарихда “Амири маъсум” (“Гуноҳсиз амир” ) номи билан қолган Шоҳмурод ўз даврида марказий ҳокимиятни нисбатан мустаҳкамлашга эришди. Унинг ҳукумронлиги  даврида мамлакатни ривожлантиришга йўналтирилган тўртта муҳим ислоҳот- молия, суд, маъмурий ва ҳарбий ислоҳотлар ўтказилди. Аввало,1758 йилдан бошлаб, амирликда тўла ҳолатда (аралашмаларсиз) кумушдан иборат бўлган кумуш тангалар,олдингиларидан ўзининг қиймати, сифати ва ташқи кўриниши билан фарқ қиладиган соф тилла тангалар зарб этила бошланди. У давлат зарбхоналарида аҳолининг ўз шахсий жамғармаларидан олиб келган кумиш ва олтиндан бир хил ўлчамдаги кумуш ва тилла тангаларни зарб қилишга кенг рухсат берди.

Амир Шоҳмурод адлия соҳасида ўтказган ислоҳоти билан мамлкатда суд ишларини олиб боришни бирмунча эркинлаштирди. Манбаларга кўра, амирликдаги суд ҳайъати ишларини Шоҳмуроднинг бевосита ўзи бошқарган. Суд ишларини олиб бориш учун махсус судлов қонунлари мажмуаси ишлаб чиқилган бўлиб, барча вилоят, туман, беклик қозилари айнан мана шу қонунлар мажмуаси асосида иш олиб борганлар. Умуман олганда, амир Шоҳмурод томонидан ўтказилган ислоҳотлар мамлакатдаги марказий ҳокмиятни мустаҳкамлаб, иқтисодий юксалишни таъминлаган эди. Шунингдек, солиқларнинг тарибга солиниши, суд ишларидаги ноҳақликларга чек қўйилиши, маҳаллий амалдорлар устидан назорат ўрнатилиши – савдо-сотиқ   ва ҳунармандчиликнинг, қишлоқ хўжалигининг юксалишига шароит яратиб берган эди.

Шоҳмурод ўзи идора этиб турган марказлашган давлат тизимини янада мустаҳкамлаш соҳасида ҳам маълум ишларни амалга оширди. Унинг даврида ҳам амирликда бир нечта уруғлар ва айрим вилоятларнинг норозиликлари содир бўлиб турган эди. Хусусан, 1786 йилда Кармана сарҳади аҳолиси Бухоро амирига бўйсунишдан бош тортди. Шоҳмурод Кармана аҳолисини бўйсундириш учун бир неча марта юриш қилишга мажбур бўлди. Карманадан сўнг итоат этмай қўйган Шаҳрисабз ва Хўжандга қилинган юришлар муваффақият билан якунланди.

Мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ва муваффақиятли ҳарбий ҳаракатлар натижасида анча мустаҳкамланиб олган Шоҳмурод қўшни Афғонистонга ҳам ҳарбий юришлар уюштиради. Хусусан, Шоҳмурод Амударёнинг ўнг қирғоғидаги илгариги Бухоро ерларини қайтариб олиш учун Афғон амири Темуршоҳга қарши урушлар олиб боради. Бу урушлардан сўнг Шоҳмурод ва Тимуршоҳ ўртасида сулҳ тузилиб, Амударё ҳар иккала давлат ўртасидаги чегара деб белгиланди. Амир Шоҳмурод 1800 йилда вафот этганидан сўнг унинг ўғли амир Ҳайдар (1800-1876 йй.) валиаҳд сифатида тахтга ўтирди. Отаси даврида Қаршининг ҳокими бўлган амир Ҳайдар оқ кигизга ўтқаизилиб хон этиб кўтарилади.  Аммо, Ҳайдар хон унвонини эмас, балки “амир ал-мўминин” унвонини олди. Манбаларга кўра, хутба амир Ҳайдар номига ўқилган бўлса-да, тангалар амир Ҳайдар, амир Шоҳмурод ва Дониёлбий номларидан зарб этилган.

Бухоро ордени
Бухоро ордени

Отасининг сиёсатини давом эттиришга ҳаракат қилган амир Ҳайдар ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Бухоро ҳудудининг бутунлигини сақлаш, Зарафшоннинг юқори оқими ҳудудлари, Шаҳрисабз, Миёнқол ерларини қўлда сақлаб қолиш учун курашлар олиб борди. Ўратепани вақтинча ўзига бўсундиришга эришди.

Амир Ҳайдар даврида Хива хонлари амирлик ҳудудларига тез-тез талончилик урушлари қилиб турдилар. 1806 йилда   амир Ҳайдар бутун Бухоро аҳлини қуролланишга ва Хива хони Элтузарга қарши курашишга чақирди ҳамда уларни мағлубиятга учратиб, амирлик ҳудудларидан ҳайдаб чиқаришга эришди.  Бу урушлардан сўнг Бухоро билан Қўқон ўртасида урушлар бошланиб кетди. Қўқон хони Олимхон 1807, 1810 йилларда Ўратепага ҳужумлар қилиб, катта ўлжаларни Қўқонга олиб кетди. Бундай ҳужумлар Қўқон хони томонидан Жиззах ва Зоминга ҳам уюштирилиб турилди.

Доимий равишда олиб борилган уруш ҳаракатлари катта харажатларни талаб этганлиги боис, амир Ҳайдар қўшимча солиқлар йиғиш ҳақида фармон берди. Бу эса меҳнаткаш аҳоли аҳволини янада оғирлашишга ва амир Ҳайдар ҳамда у олиб бораётган сиёсатга қарши чиқишларга олиб келди. Мана шундай қўзғолонлар 1821-1825 йилларда Миёнқол, Самарқанд ва Ургутда бўлиб ўтди. Амир Ҳаёдар бу қўзғолонларни катта қийинчиликлар билан, қўзғолончиларга катта ваъдалар бериш эвазига  бостиришга эришди. Шаҳрисабз ва Марв воҳаси учун ҳам Амир Ҳайдар урушлар олиб боришга мажбур бўлди.

Ўз даврида Амир Ҳайдар қўшни Афғон давлати ҳукмдори Шужоъ ал-мулк  Дурроний билан дўстлик алоқаларини ўрнатган бўлса-да, Қўқон ва Хива давлатлари билан Бухоро давлати ўртасидаги муносабатлар кескин эди. Манбаларга кўра, шундай шароитда амир Ҳайдар ҳатто Туркия султони Маҳмуд II га ёрдам сўраб мурожаат этган ва унинг итоатига ўтишга тайёр эканлигини ҳам маълум қилган.

Бухоро амирлиги орденлари
Бухоро амирлиги орденлари

Амир Ҳайдар 1826 йилда вафот этганидан сўнг унинг иккита катта ўғиллари амир Ҳусайн(икки ярим ой) ва амир Умар (тўрт ой) қисқа муддат тахтга ўтириб, ўз укалари Насрулло томонидан ўлдириладилар. Шундан сўнг тахтга амир Ҳайдарнинг учинчи ўғли  Насрулло ўтирди. Амир Насруллонинг ҳукмронлик даври (1826-1860 йй.) аввало, Бухоро амирлигидаги сиёсий тарқоқлик, зодагонларнинг бошбошдоқликларига барҳам бериш билан изоҳланади. Амир Насрулло ҳокимиятни бошқаришда ниҳоятда қаттиқ қўллик сиёсатини олиб борди. Ўзининг бераҳмлик сиёсати туфайли амир Насрулло “қассоб амир” деган номга сазовор бўлган эди.

Амир Насрулло марказий ҳокимиятни тан олмайдиган бўйсунмас маҳаллий ҳокимларга қарши қаттиқ кураш олиб борди. Бу борада Шаҳрисабз Бухорога бўйсунмай қўйган энг йирик мустақил вилоят ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам амирнинг сиёсатидан анрози бўлган кўплаб амалдорлар Шаҳрисабзга қочиб паноҳ топганлар. Амир Насрулло 1832 йилда Шаҳрисабзга қарши уруш бошлаб, 32 марта юришдан сўнг 1552 йилда Шаҳрисабз ва Китобни бўйсундиришга эришади.

Амир Насрулло Қўқон ва Хива хонлари билан ҳам урушлар олиб борди. У 1842 йилда Қўқонга юриш қилиб уни эгаллади. Аммо, бу пайтда Хива хони Оллоқулихон Бухоро чегараларига ҳужум қилганлигини эшитгач, Қўқонга ўз ноибини қолдириб орқага қайтишга мажбур бўлди. Амир Насрулло ўз қўшинлари билан Хивага юриш қилиб, Хазораспни қамал қилди. Аммо, мағлубиятга учраб қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Амир Насрулло ўз ҳукумронлиги даврида Ўратепа ва Хўжанд учун Қўқон хони билан тўхтовсиз урушлар олиб борди. Бунинг натижасида шаҳарлар қўлда-қўлга ўтиб кўпгина вайронагарчиликлар келиб чиқди, талон-таложлик авж олди.

Манбаларга кўра, Қўқондан Кешгача бўлган барча мамлакатларни бўйсундирган амир Насрулло Бухоронинг амалдаги охирги мустақил ҳукмдори бўлиб қолди. Амир Насруллодан сўнг тахтга унинг ўғли амир Музаффар(1860-1885 йй.)ўтирди. У манғитлар сулоласидан бўлган тўртинчи амир бўлиб, унинг 25 йиллик ҳукумронлик даврида жуда кўп воқеалар содир бўлдики, улардан энг аянчлиси – Бухоро амирлигининг Россия императори вассалига айланишидир.

Бухоро амирлиги пул бирлиги
Бухоро амирлиги пул бирлиги

Амир Музаффар ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларида уламоларга деярли эътибор бермади, улар билан бирор-бир масала юзасидан маслаҳат ҳам қилмади. Аммо, 1868 йилда амир руслардан мағлубиятга учрагач, уламоларга ён беришга мажбур бўлди. Чунки уламолар маҳаллий аҳолини русларга қарши курашишга даъват этган эдилар. Лекин фурсат қўлдан бой берилган эди. Уламоларнинг халқни кўтариши ҳам, амирнинг ўғли Катта Тўра (Абдумалик), Китоб ва Шаҳрисабз бекларининг саъй-ҳаркатлари ҳам бесамар кетди. Зирабулоқ яқинидаги жангда мағлубиятга учраган амир Музаффар руслар томонидан тузилган шартномага имзо чекишга мажбур бўлди. Унга кўра амир Ўратепа, Жиззах, Зарафшон воҳаси ҳудудларидан маҳрум бўлди, рус ҳукуматига 125 минг тилло миқдорда товон тўлайдиган бўлди ҳамда Бухоронинг Россияга вассаллигини тан олди.

Амир Музаффар ҳукмронлиги даврида амирлик ҳудудлари анча қисқарди. Бунга аввало рус босқини сабаб бўлган бўлса, катта қийинчилик билан буйсўндирилиган Шаҳрисабз ва Китоб бекликлари яна Бухорога буйсунишдан бош тортдилар. Ундан ташқари,  русларга тўланган катта товон эвазига амирлик хазинаси бўшаб қолди. Амир ўз хазинасини тўлдириш учун қозилар ва раисларга аҳолидан турли хил йиғимлар йиғишга рухсат берди. Чунки бу йиғимларнинг катта қисми турли хил совғалар ва инъомлар тариқасида хазинага келиб тушарди.

Амир Музаффар ўғли Абдулаҳадни тахт меросхўри деб эълон қилди ва ўша йили уни Россия императори Александ Александоровичнинг тахтга ўтириш маросими тантанасига қатнашиш учун Москвага жўнатди. Подшо Александр III га Бухоро юлдузи ордени топширилди ва Абдулаҳад ҳақиқий тахт вориси сифатида Россия томонидан тасдиқланди. 1883 йилда эса амир Музаффар Россия империясининг I-даражали Муқаддас Анна ордени билан тақдирланди. Архив маълумотларига қараганда, бу мукофотни Бухорога империянинг нуфузли амалдорларидан бири – генерал-майор, князь Витгенштейн бошчилигидаги махсус элчилар гуруҳи олиб келган.

Бухоро амирининг Қримдаги саройи
Бухоро амирининг Қримдаги саройи
Бухоро амирининг Санкт-Петербургдаги уйи
Бухоро амирининг Санкт-Петербургдаги уйи

Амир Музаффар 1885 йил 31 октябрда касаллик туфайли вафот этади. Унинг ўғли амир Саййид Абдуллаҳад 1885-1910 йиллар Бухоро амирлиги тахтини бошқарди. Абдулаҳад 14 ёшидан бошлаб Кармана беки этиб тайинланган. Рус сайёҳларининг маълумотларига кўра у Карманада жуда оддий кун кечирган. 1885 йил 4 ноябрда амир Музаффарни Бухоро аркида оқ кигизга ўтирғизиб, тахтга ўтқазиш маросими бўлиб ўтди.

Амир Абдулаҳад саёҳат қилишни яхши кўрган. У турли йилларда Москва, Санкт-Петербуруг, Киев, Одесса, Екатеринаслов, Боку, Тифлис, Ботуми, Севастопол, Боғчасарой каби шаҳарларда бўлган. Амир ҳар йили Кавказда, Қрим ёки Ялтада дам олган. Унинг ҳукмронлиги даврида қийноқлар, ўлим ҳукми ва энг даҳшатли жазо, Бухородаги Минораи Калондан ташлаб юбориш ман этилган. Амир Абдулаҳад даврида амирликда мис, темир, олтин қазиб чиқариш, телефон линиялари ва темир йўллари қурилиши,савдо фаол ривожлантирилади.

Абдулаҳад амирликдаги ҳарбий кучларга алоҳида эътибор берган. Ёшлик чоғидаёқ бўлажак амир ўз гарнизонида ҳарбий машқлар ўтказиб, Кармана қалъасини яхши ҳарбий ҳолатда тутган.1895 йилдан бошлаб Бухоро амирлигида милиция хизмати йўлга қўйилган. Кейинчалик ҳам амир Абдулаҳад ўз қўшинини ҳарбий тайёргарлигини ошириш ва замонавий қуроллантириш учун кўпгина ишларни амалга оширган.

Амир Музаффар 1910 йил 22 декабрда буйрак касалидан вафот этгач 1911 йил январда унинг иккинчи ўғли Саййид Мир Олим тахтга ўтиради. Олимхон 1893-1896 йилларда Петербургда таълим олган. Ундан сўнг аввал Насаф вилоятига, кейин эса Карманага ҳокимлик қилган. 1911-1920 йиллар Бухоро тахтини бошқарган амир Олимхон Бухорода совет ҳукумати ўрнатилгач Афғонистонга чиқиб кетди ва 1944 йил Қобулда вафот этди.

Амирликнинг ҳудуди, маъмурий тузилиши ва аҳолиси. Ўрта Осиё хонликлари ичида Бухоро амирлиги алоҳида мавқеига эга бўлган, катта ҳудудларни эгаллаган давлат эди. Манбаларга кўра, XVIII асрнинг ўрталарига келиб Бухоро амирлиги ҳудудларида бирмунча ўзгаришлар содир бўлади. Бу даврда Бухоро ҳукмдорлари ўз тасарруфларида Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги Вобкент, Ғиждувон, Қоракўл, Вағоза туманлари, Қашқадарё ва Миёнқол воҳаларини сақлаб қололган эдилар. Хўжанд, Тошкент, Ҳисор вақти-вақти билан эса Ғузор, Шаҳрисабз, Нурота, шунингдек Амударёнинг ўнг соҳилидаги Балх, Андхай, Маймана, Бадахшон ва Шибирғонлар ҳам Бухорога вассал бўлишига қарамай унга итоат этмай қўйганлар.Сиёсий парокандаликнинг асосий сабаби – сўнгги аштархонийлар давридаги ўзаро куршалар, марказдан қочувчи кучлар мавқеининг ўсиши эди.

XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни манғитлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилгач, Бухоро амирлиги яна аста-секин мустаҳкамлана бошлайди. Шу асрнинг 70-80 йилларига келиб Бухоро амирлигининг марказий ҳудудини Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ўз ичига олган Зарафшон воҳаси ташкил қилар эди. XIX асрнинг бошларига келиб Бухоро амирлиги ҳудудига Зарафшон ҳамда Қашқадарё воҳаларидан ташқари Сурҳон воҳаси, Ҳисор, Хўжанд, Ўратепа, Панжикент каби аҳоли зич жойлашган туманлар, Жанубий Туркманистоннинг катта қисми, жумладан Чоржўйдан то Мурғоб дарёсигача бўлган ҳудудлар кирар эди. Бу даврда Бухоро амирлиги ҳудудларининг кенгайишига асосий сабаб – манғитлар  сулоласининг марказлашган давлат барпо этишга интилиши эди. XIX аср бошларида Бухоро амирлиги бир томондан Эрон ва Афғонистон,иккичи томондан Хива хонлиги, учинчи томондан қозоқ жузлари ва тўртинчи томондан Қўқон хонлиги ҳудудлари билан чегарадош эди.

Бухоронинг сўнгги амири Саййид Амир Олимхоннинг 1927 йилги маълумотларига кўра, ХХ аср бошига келиб “Бухоро мамлакати Амударёнинг шарқий соҳилларидан, яъни, Россия Помиридан то Хиванинг кенг давлатларигача чўзилиб боради. Бухоро шимол тарафдан Қизилқум саҳроси билан, ғарб тарафдан Сирдарё ҳамда Хўқанд  хонлиги билан, жанубда эса Афғонистон, Шарқда туркман ўлкаси ҳамда Хива дашти билан чегарадош ”

XIX асрнинг 50-йилларида Бухоро амирлиги бир неча вилоятлардан ташкил топган бўлиб,улардан Бухоро ва Самарқанд ўз навбатида туманларга бўлинган эди. Вилоят ҳукумдорлари ҳоким деб аталган. Кейинчалик вилоят ўрнига бекликлар пайдо бўлгач уларнинг ҳукмдорлари бек деб аталган. Янги маълумотларга кўра, бу даврда Бухоро амирлигида 44 та беклик мавжуд бўлган.

Мирзо Бади Девоннинг “Мажмаъ ул-арқом” асаридаги маълумотларга кўра,амирлик қуйидаги маъмурий-ҳудудий бўлакларга: 100 минг танобдан иборат суғориладиган ер  туманга, 50 минг танобдан иборат суғориладиган ер ҳазорага, 25минг таноб суғориладиган ер нимҳазорага, 10-15 минг таноб суғориладиган ер обхўрига, 400 таноб суғориладиган ер қарияга, 300 таноб суғориладиган ер маъразага (экинзор) бўлинган. Бундай тартибда бўлиниш бўйича хирож,закот ва  бошқа турдаги солиқларни йиғиш ва олиш қулай бўлган.

Тадқиқотлар натижаларига кўра, маҳаллий маъмурият  намоёндалари мавзени қишлоқ ва масжидлардан каттароқ ҳудудий бўлинма деб таърифланганлар. Мисол учун, Карки вилояти мавзеларга бўлинса ҳам улар ўз навбатида бекчаларга бўлинган, бекча қишлоқлардан иборат бўлган. Помир вилоятларидаги Рўшон ва Шуғнон маъмурий туманлари оқсоқоллик дейилган. Аҳоли яшайдиган пунктлар манбаларда учта атама- қишлоқ, мавзе, даҳа номлари орқали қайд этилган.

Маълумотларга кўра,Бухоро амирлиги аҳолиси XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тез кўпая бошлайди. XIX асрнинг бошларига келиб амирлик аҳолиси тахминан 2 млн.дан ошиқ, 50-йилларига келиб тахминан 2,5млндан ортиқ кишини ташкил этган. Бухоро шаҳрида тахминан 60 мингдан  зиёдроқ, Самарқанда шаҳрида эса тахминан 50 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилган.

Амирлик аҳолиснинг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилган бўлиб,жуда кўплаб ўзбек уруғлари вакиллари амирликнинг деярли барча ҳудудларида яшаганлар. Аҳоли таркибидаги тожиклар Самарқанд,Бухоро, Нурота, Ургут, Китоб каби шаҳарларда, тоғли туманларда, жумладан, Панжикент, Вахш, Ҳисор, Қоратегин, Кўлоб, Шаҳрисабз, Қобадиён, Яккабоғ бекликларида, Зарафшоннинг юқори қисмида истиқомат қилганлар.

Туркманлар ҳам Бухоро амирлиги аҳолисининг сон жиҳатдан катта қисмини ташкил этганлар. Улар амирликка қарашли бўлган Амударёнинг икки қирғоғида жойлашган ерларда, яъни, амирликнинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида истиқомат қилишган. Бухоро амирлиги ҳудудида аҳолининг кичик қисмини араблар ташил этган бўлиб,улар асоан Қарши ва Шеробод бекликларида яшаганлар.

Бухоро амирлиги аҳолисининг ҳудудий жойлашуви (Холиқова Р.Э. XIX аср иккинчи ярми — ХХ аср бошларида Россия-Бухоро муносабатлари.тарих фан.докт.дисс. Тошкент. 2006. 67-70 бб.)

Ҳудудлар (водий ва воҳалар) Истиқомат қилувчи аҳоли сони (тахминан) Фоиз ҳисобида
Зарафшон воҳасида 700.000 31.8
Қашқадарё воҳасида 500.000 22.2
Қизилқум ва Яксув бўйидаги воҳаларда 225.000 12.0
Амударё бўйидаги воҳаларда (Сурхоннинг қуйилишидан то Чоржўйгача) 300.000 14.0
Қолган ҳудудларда 430.000 20.0
Бутун амирлик бўйича 2.155.000 100.0

Бухоро амирлиги аҳолисининг яшаш тарзи бўйича тақсимоти

Аҳолининг яшаш тарзи Аҳоли сони Фоизда
Ўтроқ аҳоли 1.399.606 65.0
Ярим кўчманчи аҳоли 322.986 15.0
Кўчманчи аҳоли 430.648 20.0
Жами 2.153.240 100.0

Бухоро амирлиги аҳолиснинг хўжалик юритиш бўйича тақсимоти

Аҳолининг хўжалик юритиш тарзи Аҳоли сони Фоизда
Деҳқончилик ва чорвачилик 1.830.254 85.0
Ҳунармандчилик ва савдо 215.324 10.0
Доимий хўжалик иш юритишга эга бўлмаганлар 107.662 5.0
Жами 2.153.240 100.0

Бухоро амирлиги аҳолисининг этник таркиби

Этник гуруҳлар Жами аҳолига нисбатан фоиз ҳисобида Аҳоли сони
Туркий халқлар 85.0 1.830.254
Эроний халқлар 12.0 258.389
Бошқа элатлар 3.0 64.597
Жами 100.0 2.153.240

Шунингдек амирлик ҳудудида ҳиндлар, эронийлар, яҳудийлар, лўлилар, афғонлар, қорақалпоқлар, қозоқлар ва қалмиқлар ҳам истиқомат қилганлар.

Бухоро амирлигида истиқомат қилган номаҳаллий халқлар,жумладан ҳиндлар ва яҳудийлар ижтимоий қатлам сифатида тўла ҳуқуқга эга эмас эдилар ва улар алоҳида мавзеларда яшаганлар. Амирликда ўтроқ аҳолидан ташқари тоғ олди ва дашт ҳудудларда кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли ҳам яшаган.

Давлат бошқаруви тизими. Бухоро амирлигида XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб манғитлар сулоласининг вакиллари ҳукмронлик қиладилар. Сулола ҳукмронлигининг асосчиси Раҳимбий ибн Ҳакимбий бироз муддат (1747 йилдан кейин) Абдулфайзхоннинг ўғилларига оталиқ бўлган бўлиб, 1756 йилда сайидлар, хўжалар ва руҳонийлар томонидан Бухоро тахтига ўтқазилади. Раҳимбий хон унвонини олмасдан ўзини “ноиб ул-ҳукумат” (“ҳоким ўринбосари”) деб билган. Дониёлбий оталиқ ҳам хонликка даъво қилмай аввал Фозилтўрани, кейин эса Абдулғозийни(1758-1784 йй.) хон деб эълон қилиб, ўзи уларга ноиб ҳисобланган. Шоҳмурод 1785 йилда Бухорода “амир” унвони билан тахтга ўтиради.

Бухоро амирлигининг сиёсий тизими, идора этиш тартиб-қоидалари, давлат рамзлари, унвон ва мансаблар ҳақида кўпгина олимлар тадқиқот ишлари олиб борганлар. Ушбу тадқиқотларнинг таҳлиллари шуни кўрсатадики, манғитлар ҳукумронлиги даврида давлат тизмида жиддий ўзгаришлар амалга оширилмаган. Бу даврда олий ҳукумдор гарчи амир унвони билан ҳокимиятни бошқарган бўлса-да, Бухоро амирлиги ҳам ўз тизими, қонун-қоидалари, бошқарув тартиблари ва бутун моҳияти билан, ўрта асрлар Мовароуннаҳрдаги мусулмон давлатлари, хусусан, шайбонийлар ва аштархонийлар давлат тизмидан деярли фарқ қилмаган.

Бухоро амири Саййид Олимхон ўзининг “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” асарида Бухоро амирлигининг сиёсий ва идоравий ташкилотлари ҳамда давлат бошқаруви ҳақида маълумотлар бериб, жумладан қуйидагиларни ёзади: “Бухоро амирлари ҳукм юритишларида – шариат усул ва одатларига риоя қилар эдилар. Бухоронинг ислом уламолари амирни пайғамбар халифаси-ўринбосари, усул ва шариат ҳимоячиси деб билар эди. Амирнинг тирикчилиги бутунлай шариатга мос бўларди, уни бузиш мумкин эмас эди. Бухоро хонлари бутунлай манғитларнинг ўзбек тоифасидан бўлган. Бухоро подшоҳларини ўзбек одатларига кўра, тўшакча устига табаррукона ўтқазиб, саййидлар, хўжалар ва муллолар уни ердан кўтарадилар.

Бухоро мамлакати 28 та вилоят (боғот)га бўлинар эди. Энг катта вилоятларга амирнинг ўзи ҳокимларни тайинлар эди. Бу вилоятларга Нурота, Қоракўл, Бойсун, Ҳисор, Деҳнов, Қўрғон, Болжувон, Кўлоб, Қубодиён, Дарвоз, Рўшон, Самарқанд, Миёнқол, Фароб, Урметон ва Масчоҳлар кирар эди. Валиаҳдга қарашли мулк Қарши ҳисобланар эди.”

Бухоро амирлигида давлат мутлақ қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятга эга бўлган амир томонидан бошқарилар эди. Давлат аҳмиятига молик бўлган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий,диний ва бошқа масалалар Бухородаги бош қароргоҳ – Аркда кўриб чиқилган ҳамда ҳал этилган. Бош қароргоҳ ҳисобланган Аркда амир ва унинг оиласидан ташқари қўшбеги, шиғовул, тўпчибоши, мирзабоши каби сарой амалдорлари ўз оилалари ва хизматкорлари билан яшаган.

Заруратга қараб мамлакат пойтахтида амир бошчилигида Давлат Кенгаши чақирилиб турилган. Анъанага кўра, лавозимларига қараб 5 тадан 20 тагача амалдорлар аъзо бўлган ушбу кенгашда мамлакат ҳаётига доир энг муҳим масалалар кўриб чиқилган.

Илгариги даврларда бўлагани каби манғитлар даврида ҳам давлат бошқаруви тизими икки бўғин – марказий ва маҳаллий бошқарув тизимидан иборат бўлган. Бу тизимлар мусулмон давлатларига хос бўлган мураккаб бошқарув тармоқларига эга бўлган ҳамда асосан амир, сарой амладорлари, ўзбек уруғлари ва қабила бошлиқлари, уламолар, ҳарбий бошлиқлардан ташкил топган. Амирликдаги марказий ҳокмият амир бошчилигидаги сарой аъёнлари қўлида бўлса, маҳаллий бошқарув вилоят ноиблари қўлида эди. Вилоят беклари амир томонидан асосан манғит уруғи вакилларидан тайинланган.

Амирликнинг пойтахти Бухоро ва унинг атрофидаги туманлар амир томонидан бошқарилган. Вилоят беклари нисбатан кичик ҳудудий бўлинмалар амлок мулклар ҳисобланиб, уларнинг бошқарувчилари амалдор деб аталган. Амирликнинг маъмурий тузилишидаги энг қуйи бўғин қишлоқ жамоалари бўлиб, уларни оқсоқоллар бошқарган. Хуллас, Бухоро амирлиги рус истилосига қадар ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон республикаларининг катта қисмини ўз ичига олган Ўрта Осиёдаги йирик давлат эди.

Мансаблар, унвонлар ва амаллар. Аввало, таъкидлаш лозимки, манбалар ва адабиётларда Бухоро амирлигида мавжуд бўлган унвон, мансаб ҳамда амалларга оид маълумотлар жуда чалкаш, кўп ҳолларда бир-бирини инкор этади. Сўнгги йилларда Ш.Воҳидов ва Р. Холиқовалар ўз тадқиқотларида ушбу масалаларга аниқлик киритишга ҳаракат қилганлар. Қуйида уларнинг тадқиқотларига асосланиб амирликдаги мансаблар ва унвонлар ҳақида сўз юритамиз.

Бухоро амирлигидаги энг юқори унвон ва мансаблар, аввало манғит уруғи вакилларига,саййидларга, хўжаларга ҳамда уламоларга берилган бўлиб, давлатдаги энг юқори унвон амир ул-умаро, оталиқ, ҳоким(валий, бек), қўшбеги ва девонбегилар бўлган. Давлат амир, амир ул-умаро томонидан бошқарилиб, у амалда ва расман чекланмаган ҳуқуқларга эга бўлган. Олтин Ўрда давлатида жорий этилган оталиқ унвони манғитлар даврига келиб оталиққа олинган шахснинг маслаҳатчиси ва ишончли вакили, ҳарбий ва маъмурий ишларда асосий вакилига айланди. Амир Шоҳмурод даврида оталиқнинг ваколатлари чекланиб, унга Зарафшон дарёси сувининг тасимотини назорат қилиш, Бухоро канали(руд-и шаҳр) ва доруғалик вазифаси юкланади.

Будаврда қўшбеги ёки қўшбегийи боло энг олий сарой мансаби ҳисобланиб унинг мавқеи жуда баланд бўлган. Амалда бош вазир вазифасини бажарган бу мансаб эгаси иқтисодий,сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича амирнинг энг яқин одами бўлган. Саройдаги олий мансаблардан яна бири девонбеги бўлиб,бу мансабдор вазир ваколатларига эга бўлган. Девонбеги молия ишлари, даромад ва харажатлар ҳамда солиқ йиғиш устидан тўла назорат қилиш ишларига жавоб берган.

Амирликдаги марказий давлат бошқарувида Бухоро шаҳри алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, Бухоро шаҳри ҳокими амирнинг биринчи вазири ва бошқа вилоятлар бошқарувчиси ҳисобланган. Шаҳардаги жамоат тартибини сақлаш миршабларга топширилган бўлиб, улар шаҳар миршаббошисига бўйсунишган. Бухоро шаҳри миршаббошисига бошқа барча шаҳарлар миршаббошилари бўйсунган. Манғитлар даврида Бухорода қўшбеги, қозикалон, бош раис ва миршаббоши биргаликда  “чор ҳоким”, яъни, “тўрт ҳоким” деб юритилган.

Амирликнинг бошқарув тизимида бош раис алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Ушбу амал ярим диний, ярим тарғиботчи усулида эди. Амирликда бош раис одатда эшон раис ёки раис-уш шариат деб аталган бўлиб унга барча маҳаллий раислар бўйсунган. Бош раис уларни вақти-вақти билан амир олдида текширувдан ўтказиб турган. Эшон раис қозикалондан кейин турадиган амалдор бўлиб, унинг маҳкамасига вақтинча ўринбосарлик қилувчи халифа, ноиб, мулозимлар, мирзалар, мирохўрбоши, терговчи, шаҳар мироби кабилар кирган.

Амир саройида ижро ҳокимиятини амалга оширувчи лавозимлар қаторига шаҳар хавфсизлигига жавобгар бўлган миршаб ва унинг қўл остидагилар, сув таъминотига жавобгар бўлган мироб ва унинг қўл остида ишлайдиганлар кирган. Миршаб қўл остида ясовулбоши, девонбеги, маҳрамбоши, мирзалар, даҳбоши,шабгард(кечки қоровул), фаррошбоши кабилар бўлган. Мироб тасарруфида эса маҳрам,мирзалар, баковуллар, мирохўрлар, сув тармоқлари назоратчилари,маҳалла, мавзе ва қишлоқ оқсоқоллари фаолият юритганлар.

Амирнинг иккинчи вазири қўшбеги поён, баъзи манбаларда мир поён деб аталган бўлиб, унга ясовулбоши, мирохўрбоши, хазиначи, мирзалар,баковулбоши, закотчилар бўйсунган. Мири поён уларни бевосита ўз назоратига олиб турган.

Бухоро амири ҳузурида юқори лавозимдаги мансабдорлар билан бирга қуйи амалдаги мансабдорлар ҳам мавжуд бўлган. Амир фармонларини етказувчи парвоначи, амирга доимо ҳамроҳ бўлиб юрувчи ҳидоячи, амир маслаҳатчиси ва хорижий меҳмонларни кўтиб олувчи шиғовул, амир осойишталиги ва тинчлигини муҳофаза қилувчи тонготар(тунқатор), амирга қаратилган салом ва таъзимларни қабул қилувчи жавобгар салом оғаси, амир дастурхонига жавобгар дастурхончи, амир сафари чоғида номозга чорловчи имоми жилов, амир сафари чоғида қонун билан шуғулланувчи муфти жилов, амир маслаҳатчилари гуруҳи жамъоға кабилар шулар жумласидан. Амирга бўлган садоқати ва хизмати учун алоҳида шахслар додҳоҳ, иноқ, тўқсабо, оталиқ, эшикоғаси каби унвонларга эга бўлганлар.

XVIII-XIX асрнинг биринчи ярмида амирликда энг олий диний мансаб шайхулислом ҳисобланган. Аммо,бу даврда унинг вазифалари анча торайган эди. XIX аср ўрталаридан бошлаб шайхулислом ўрнини қозикалон эгаллайди. Юқорида эслатилган амир ҳузуридаги кенгашда дин вакилларидан қозикалон, шайхулислом, нақиб ва раис қатнашган.

Амир Музаффар давридан бошлаб амирликдаги барча ҳуқуқий нормалар қозилар томонидан ҳал қилинган. Барча фуқаролик,хўжалик ва жиноий ишлар Қуръон асосида кўриб  чиқилган ҳамда жазолар тайинланган. Қозилар амир иродасига кўра қозикалон томонидан тайинланган. Шариат бўйича бошқарув қозилар қўлида бўлган. Қозикалон амирлик пойтахтининг бош қозиси бўлиши билан бирга, давлатдаги бошқа қозилар бошлиғи ҳисобланган.

Амирликда расман учта диний унвон – ўроқ, судур ва садр мавжуд бўлган. Манбаларга кўра, мадрасани тугутган шахс мулла, қози, раис амалларини эгаллаши мумкин бўлган. Юқоридаги амалларда бир неча йил ишлагнидан сўнг шариат ҳуқуқлари соҳасида тўплаган билим ва тажрибалари асосида бундай шахсларга дастлаб ўроқ, кейин судр ва сўнгра садр унвонлари  берилган. Энг охирги диний унвони бўлган шахслар қозикалон, муфтий, аълам, охун каби диний амалларни эгаллаши мумкин бўлган.

Амирликда ҳарбийлар томонидан содир этилган жиноятлар ва уларнинг шикоятларини шу масалалар билан шуғулланувчи махсус амалдор-қози аскар кўриб чиққан. Ҳарбий жиноятлар бўйича фатво тайёрлаш муфтий аскар зиммасида бўлган. Демак, амирликдаги ҳарбийлар ва фуқаролик ишлари алоҳида-алоҳида маҳкамалар томонидан кўриб чиқилган.

Амир Насрулло даврида амирликда мунтазам қўшин – сарбозлар  қўшини ташкил этилган. Энг юқори ҳарбий унвонлар саркарда, амири лашкар, додхоҳ(қўшин бошлиғи) кабилар бўлиб, қўронбеги, тўқсабо, мингбоши каби олий тоифали ҳарбий амалдорлар ҳам фаолият юритган. Бекликлар ҳудудидаги қўшинга бекларнинг ўзлари раҳбарлик қилганлар. Бекнинг энг яқин ёрдамчилари ясовулбоши бошчилигидаги ясовуллар бўлган. Қўшинда  понсадбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши, мирохўр каби бўлинма бошлиқлари ҳам бўлган. Минг боши байроқ(туғ) кўтариб юриш ҳуқуқига эга эди.

Ер эгалиги муносабатлари. Деҳқончилик ва чорвачилик. Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида бўлган каби Бухоро амирлигида ҳам аграр муносабатлар, яъни, ерга эгалик муносабатлари иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил этган. Манбаларга кўра амирликда ер эгалигининг қуйидаги тўртта тури: давлатга тегишли ерлар(мулки султоний); хусусий ерлар(мулк); диний муассасалар ихтиёридаги ерлар (вақф) ва қишлоқ жамоаларига тегишли ерлар мавжуд бўлган, Архив манбаларида амлок ерлар, амлоки султоний, подшоҳ ерлари каби атамалар билан аталаган давлат ерлари билан бир қаторда мулки хирожий, хирож ерлари атамаси ҳам тилга олинади.

Амир энг катта ер эгаси ҳисобланган. Давлат ерларини расман сотиш, ҳадя этиш ҳамда вақфга бериш тақиқланган бўлса-да, бунга доимо ҳам амал қилинмаган. Давлат ерлари бўш ётган ерлар (қамишзорлар, тошлоқ, тўқайзор, тоғолди)ни ўзлаштириш ҳисобига кўпайтириб турилган. Бундай ерларни ўзлаштирган шахслар бир неча йил солиқлардан озод этилиб, кейин белгиланган тартибда солиқ тўлаганлар.

Ундан ташқари давлат (амлок) ерлари ҳукумдор олдида катта гуноҳ қилган йирик ер эгалларидан мусодара қилинган ерлар ҳисобига ҳамда меросхўри бўлмасдан вафот этган шахсларнинг ерлари давлат ихтиёрига ўтиши ҳисобидан ҳам кўпайган. Айрим манбаларга кўра, давлат ерларидан доимий мавжуд бўлган ер солиғи — хирож олинган бўлса, бошқа манбаларда давлат ерларидан ҳосилнинг катта қисми, яъни 40-50 фоизи олинганлиги қайд этилади.

Амирликда мавжуд бўлган яна бир ер эгаллиги шакли мулк(хусусий) ерлар бўлиб,бу ер эгалиги шакли қўзғалмас мулк ҳисобланган ҳамда ҳеч қандай чекланишларсиз мерос қилиб қолдириш мумкин бўлган. Мулк ерларидан олинадиган солиқлар ҳақида тадқиқотчиларнинг турли фикрлари мавжуд. Янги тадқиқотлар (Р.Холиқова) таҳлили шуни кўрсатадики, мулки хурр ёки мулки холис айрим йирик ер эгаларига тегишли бўлган ер эгалиги шакли ҳисобланган. Мулки хурр эгаси доимо амалдаги ҳукмдор томонидан берилган ёрлиққа эга бўлиши шарт бўлган ва айнан шу ёрлиқ туфайли у ер солиғидан озод қилинган.

Амирликда деҳқон аҳли фойдаланаётган ерларга нисбатан мулки хирож  атамаси ишлатилган. Бундай ерларга эга бўлган ер эгалари ўз ерларини эркин сотиш, мерос қолдириш ва ҳадя қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Бундай ерлардан расман ҳосилнинг учдан бири миқдорида солиқ белгиланган бўлсада, амирликнинг ҳар бири ҳудудида ўрнатилган ва белгиланган тартиб ҳамда урф-одатларга кўра, солиқ миқдори ҳосилнинг учдан биридан то бешдан биригача бўлган.

Аъанага кўра, вақф ерлари асосан диний муассасалар – мачитлар,     мозорлар,хонақо, мадрасаларга ер майдонларини мерос қолдириш ҳамда хайр-эҳсон қилиш натижасида вужудга келган бўлиб, у ер эгалигининг алоҳида шаклини ташкил этган. Ушбу ерлардан тушган фойда мутавалли ихтиёрига келиб тушган. Мутавалли асосан вақф эгалари авлодларидан тайинланган бўлиб, у вақф ҳужжатларига асосланиб фойдани тақсимлаб чиққан. Амирликда вақф ерларини сотиш, бундай ерлардан солиқ олиш тақиқланган бўлсада, манбалар ва ҳужжатлар бунга амал қилинмаганлигини кўрсатади.

Амир Насрулло давридан бошлаб ер эгалигининг танҳо шакли тарқалади. Насрулло ўзига бўйсунмаган амалдорлар ва уруғ оқсоқолларининг ерларини мусодара қилиб, бундай ерларни вақтинча эгалик қилиш ҳуқуқи билан ўз тарафдорларига ҳадя(танҳо) қилган. Амир Музаффар давридан бошлаб танҳо тоғли ҳудудларга ҳам ёйилади. Танҳо турли ҳажмда(бир неча танобдан бир неча юз танбогача) берилган бўлиб, танҳонинг берилиш миқдори энг аввало, ернинг суғорилиши, ернинг унумдорлиги, қолаверса, амалдорнинг эгаллаган мавқеи ва таъсирига ҳам боғлиқ бўлган.

Деҳқончилик ва чорвачилик Бухоро амирлиги иқтисодининг асосий тармоқлари ҳисобланган. Аҳолининг саксон беш фоизи деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлиги ҳам фикримиз далилидир. Амирликда XVIII асрнинг охирларидан бошланган иқтисодий юксалиш,аввало деҳқончиликнинг тикланиши билан изоҳланади. Анъанага кўра, суғориладиган ҳамда лалмикор ерларда деҳқончилик соҳасида буғдой, арпа, жўхори, полиз ва сабзавот экинлари етиштиришга катта эътибор қаратилган. узумчилик ва боғдорчилик ҳам яхши ривожланган. Манбаларга кўра, амирликда узумнинг 10 дан ортиқ навлари етиштирилган.

Амирликда шоликорлик ҳам яхши тараққий этган. Нисбатан сифатли шоли Шаҳрисабз, Каттақўрғон ва Ҳисор воҳаларида етиштирилган. Шаҳрисабз ва Ҳисор шоликорлари амирликнинг пойтахти Бухорони доимий равишда сифатли гуруч билан таъминлаб турганлар.

Амирликда XIX асрнинг бошидан бошлаб Россияга кўп миқдорда пахта сотилиши натижасида пахтачиликка эътибор кучайтирилган. Рус манбаларига кўра, Бухоро амирлигининг “Қашқадарё воҳаси, Сурхондарё воҳасида, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи, Қарши, Шаҳрисабз, Ғузор, Термиз, Шеробод, Ҳисор туманларида пахта катта миқдорда етиштирилади. Ўрта Осиё хонликлари ичида Бухоро пахтаси алоҳида диққатга сазовор бўлиб, у анча қиммат туради”.

Шариатда чекиш таъқиқланганлигига қарамасдан, Қарши ва Миёнқол воҳаларида тамаки етиштириш ривожланган. Қарши тамакиси энг сифатли тамаки ҳисобланган. Ундан ташқари амирликда ипакчиликнинг ривожланишига ҳам катта эътибор қаратилган. Бухоро воҳаси, Зарафшон водийси, Карамана, Шаҳрисабз, Китоб, Миёнқол, умуман, сув кўп бўлган барча ҳудудларда тут дарахтлари ниҳоятда кўп ўстирилган. Бухорода ва бошқа йирик шаҳарларда тоза ипак ва ярим ипакдан турли хил матолар тайёрланган.

Амирликдаги деҳқончилик ва боғдорчилик оддий ва анъанавий ҳолатда бўлган. Ерлар от, ҳўкиз кам ҳолларда туяларга омоч қўшилиб ҳайдалган ҳамда мола, кетмон ва бел орқали ишлов берилган.

Амирликда мавжуд бўлган чўл ва дашт ҳудудлари,тоғ ва тоғ олди адирлари маҳсулдор чорвачилик учун қулай имкониятлар яратган. Амирликнинг чўл ҳудудларида, жумладан Бухоро ва Қарши ҳудудларида қоракўл тери етиштиришга ихтисослашган қўйчилик тараққий этган. Бунга асосий сабаб, ташқи  бозорда (айниқса Россия бозорида) қоракўл терисига, ундан ишланган маҳсулотларга талаб ниҳоятда катта эди. Чорвачиликнинг етакчи тармоғи сифатида йилқичилик нафақт дашт ҳудудларда,балки воҳаларда ҳам ривожланган. Шаҳрисабзнинг қорабайир ва Қаршининг араби отлари ўз чидамлилиги, тезлиги ва кучи билан бутун амирлик ва ундан ташқарида ҳам машҳур бўлган.

Чорвачиликда туячиликка ҳам алоҳида эътибор берилган. Оғир ва олис йўллар ҳамда сувсизликка чидамли бўлган оғир юк кўтарувчи туялардан карвон савдосида,тегирмонларда, ёғ чиқаришда кам ҳолларда ер ҳайдашда фойдаланилган. Шунингдек туянинг сути ва жуни қадрланган. Амирликда чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларнинг ички ва ташқи бозорга туёқли моллар, сифатли тери, жун ва бошқа турли маҳсулотлар(шол,намат,арқон ва бошқ) ҳамда озиқ-овқат (гўшт ва сут маҳсулотлари) етказиб беришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эди.

Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ. Бухоро амирлигида асосий ҳунармандчилик марказлари сифатида шаҳарлар катта аҳаммиятга эга бўлган бўлса-да,кўпгина йирик қишлоқларда ҳам ҳунармандчиликнинг кундалик эҳтиёж учун зарур соҳалари ривожланган эди. Бутун ўрта асрларда мавжуд бўлганидек,амирлик даврида ҳам ҳунармандлар уюшмалари (касаба, цехга эга бўлганлар).Унинг ташкил топиши маҳсулот ишлаб чиқариш устидан назорат ўрнатишга,маҳсулот ишлаб чиқариш ҳуқуқини сақлаш ва рақобатбардошликка интилиш билан боғлиқ эди. Амирликдаги ҳунармандчиликнинг барча соҳаларида бундай уюшмалар мавжуд бўлиб,уни сайлаб қўйиладиган шахс-раис ёки оқсоқол бошқарган. Ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар нархини белгилашда, турли солиқ ва тўловлар йиғимида, уста ва шогирд муносабатларида, хўжалик ишларини юритишда уюшма раисининг хизмати катта бўлган.

Илгариги даврларда бўлганидек, амирликнинг ҳунармандчилиги соҳасида тўқимачилик унинг асосий тармоғи ҳисобланган. Ушбу тармоқнинг ривожланишига асосий сабаб, биринчидан соҳа учун маҳаллий хом ашё манбалари – пахта, жун, ипак етарли даражада бўлган бўлса, иккинчидан, ички ва ташқи бозорда, кундалик ҳаётда тўқимачилик маҳсулотларига талаб катта эди. Амирликда айниқса бўз, чит,олача кўп миқдорда тайёрланган. Қарши, Ҳиссор, Балжувон, Деҳнов, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва уларнинг атрофларида ипак матолар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам ип йигириш, мато тўқиш, тайёр кийим тикиш, гилам тўқиш ва бошқа тўқимачилик соҳалари анча ривожланган. Манбалар маълумотларига кўра, Бухоронинг зарбоф тўнлари, Шаҳрисабзнинг ироқи дўппилари,Термизнинг ҳарир матолари, Самарқанд ва Бойсун ҳунармандларининг ипак матолари амирликдан ташқарида ҳам жуда машҳур бўлган

Амирлик ҳунармандчилигидаги муҳим тармоқлардан яна бири бу – кулолчилик    эди. Хўжлик тарққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган кулолчилик амирликнинг деярли барча ҳудудларида ривожланган эди. Кулолчилик энг тараққий этган марказлар Бухоро, Самарқанд, Қарши, Шаҳрисаб, Ургут, Деҳнов, Ғиждувон кабилар бўлиб, уларнинг маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган. Амирлик кулолчилигида Ўрта Осиёнинг кўпгина кулолчилик мактабларига хос бўлган манзаралар(турли гуллар ва ўсимликлар тасвири), турли ҳайвонлар,қушлар, ҳашоратлар ёки улар танасининг бир қисмини шартли равишда тасвирлаш кулол усталар томонидан кенг қўлланилган.

Амирлик иқтисодиётининг металлга ишлов бериш соҳаси ҳам яхши ривожланган. Шаҳрисабз, Ургут, Нурота, Босун, Шеробод каби тоғли туманлардан маъданлар қазиб олинган бўлиб, улардаги конлардан фойдаланиш баъзи танаффуслар билан ХХ аср бошларига қадар давом этган эди.

Бу даврда амирликдаги металлга ишлов бериш тараққий этган қуйидаги тўртта асосий тармоғи-темирчилик, мисгарлик, чўян қуйиш ва рихтагарликни алоҳида кўрсатиш мумкин. Темирчилик соҳасида усталар қишлоқ хўжалигида ва кундалик турмушда ишлатадиган меҳнат қуроллари, ҳарбийлар учун жанговар қуроллар ясаганлар. Амирликнинг кўпгина шаҳарларида Темирчи, Гузари, Чилангарон ками чилнагар-темирчиларнинг махсус маҳалла гузарларининг мавжудлиги ушбу ҳунармандчилик турининг анча тарққий этганлигини кўрсатади. Амирликнинг асосан йирик шаҳарларида мисгарлик ҳам ривожланган. Мис хос ашёси асосан Россиядан келтирилган бўлиб ундан чилим идишлари, баркаш, лаган, кўзача, тоғорача каби кўплаб идишлар ясалган ҳамда улар турли нақшлар билан моҳирона безатилган.

Бухоро амирлигининг металлга ишлов бериш саноатида дегрезлик-чўян қуйишнинг алоҳида ўрни бор эди. Бу соҳа усталари асосан шаҳарлардаги махсус гузарларда яшаганлар. Улар чўяндан қозон, чироқ, манқалдон каби буюмлар ясаганлар. Бронзадан буюмлар ясаш –рихтагарлик ҳам амирликнинг кўпгина шаҳарларида тараққий этган эди. Ушбу касб соҳиблари турли буюмлар ва тақинчоқлар ясаганлар.

Ундан ташқари амирликда ҳунармандчиликнинг бошқа кўпгина турлари ҳам ривожланган. Хусуан  Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги заргар усталар томонидан тайёрланган заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар, метал ва турли хил шишалардан ясалган тақинчоқлар амирлик ва ундан ташқари ҳудудларда ҳам машҳур бўлган. Кўнчилик ҳам яхши ривожланган тармоқ ҳисобланган. Чармгар усталар томонидан яхши ишлов берилган терилардан турли хил оёқ кийимлари, бош кийимлар, пўстин ва ним пўстин, турли хил мешлар (сут,сув, қимиз ва б. учун) тайёрланган.

Амирликнинг деярли барча ҳудудларида ёғоч ўймакорлиги яхши ривожланган. Шаҳарларда моҳир дурадгорлар кўп бўлган. Амирликнинг шаҳар ва қишлоқларида тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари ички бозор эхтиёжларини таъинлабгина қолмасдан кўп ҳолларда ташқи  бозорга ҳам чиқарилган.

Бухоро амирлиги ҳукумдорлари ва аҳолиси савдо-сотиқ ишларига катта эътибор қаратишган. Амирликда ҳунармандчилик ва ундаги ишлаб чиқаришнинг тарққий этиши доимий савдо-сотиқ муносабатларининг янада кенгайишига асос бўлган эди. XVIII асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлигининг кўпгина шаҳарларида карвонсаройлар қурилишига катта эътибор қаратилиб, бу ҳолат савдо муносабатлари ривожини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган эди.

Амирликнинг йирик шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Термиз, Шаҳрисаб, Қарши, Каттақўрғон, Деҳнов, Нурота ва бошқалар асосий савдо марказлари эди. Манбаларга кўра, XIX аср бошларига келиб йирик карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Қарши шаҳрининг аҳамияти ошиб кетади. Ички бозорларда аввало кундалик эҳтиёж моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар, пахта матолари, жун ва ипак матоларига талаб катта бўлган. Ички савдонинг тараққиётида йирик шаҳарларнинг атрофлардаги қишлоқлар билан иқтисодий муносабатлари ҳамда шаҳарлараро савдо-сотиқ алоқаларининг ривожланганлиги муҳим ўрин тутган. Чунончи, амирликдаги бозорлар нафақат шаҳарлар, балки уларнинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисининг талабларини қондиришда ҳам алоҳида  аҳамиятга эга бўлган. Амирликдаги барча шаҳарларда, йирик қишлоқларда ихтисослашган бозорларнинг мавжудлиги ички савдонинг давлат иқтисодиётидаги муҳим  аҳамиятидан далолат беради.

Ички савдонинг тараққий этишида амирликда мавжуд бўлган пул муомаласининг ўрни катта эди. Хусусан, манғитлар ҳукмронлиги даврида бу соҳада бирмунча барқарорлик ўрнатилган бўлиб, муомалада асосан уч турдаги – тилло, танга (кумуш) ва пул (мис) мавжуд эди. Шаҳар ҳамда қишлоқлардаги савдо-сотиқ ва тўловларда асосан танга ва пул ишлатилган.

Бухоро амирлигида қўшни давлатлар ва халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор берилган. Ташқи савдо алоқаларида Хива ва Қўқон хонлари, қозоқ ва туркман даштлари, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Қашғар ва айниқса Россия билан бўлган савдо муносабатлари айниқса муҳим ўрин тутган эди.

Кўчманчи қозоқлар амирлик бозорларига паласлар, наматлар, жун, тери, гўшт ва сут маҳсулотлари келтирган бўлсалар, деҳқонлар ва ҳунармандлар қозоқ даштарини озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавотлар, кундалик эҳтиёж моллари, кийим-кечаклар, пахта матоолари билан таъминлаганлар. Амирликда туркман гиламлари  ва отларига талаб катта бўлган. Туркманлар амирлик бозорларидан бошқа маҳсулотлар билан бирга кўпроқ ҳар хил матолар харид қилганлар.

XVIII аср охири- XIX аср бошларидан бошлаб Бухоро амирлигининг ташқи савдо алоқаларида Россиянинг савдо шаҳарлари (асосан Оренбург ва Астрахон) муҳим ўрин тута бошлади. Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – тери, қоракўл тери, жун, пахта, ипак толалар, турли матолар олиб чиқилган. Россиядан эса турли фабрика маҳсулотлари,чўян,мис, қўрғошин келтрилган.

Бухоро савдогарлари Балх ва Бадахшонга савдо карвонлари билан қатнаб турганлар. Бу ҳудудларга амирликдан қозонлар Бухоро матолари, Россиядан келтирилган игна, ойна, қайчи кабилар олиб келинган ҳамда Бухорога кумуш, олтин олиб қайтилган.

Савдо карвонлари Қобул ва Ҳиндистонга ҳам бориб савдо-сотиқ ишларини амалга оширган. Ҳиндистондан қимматбаҳо тошлар,дори-дармонлар, хушбўй гиёҳлар, кашмир матолари  келтирилган. Ўз навбатида ҳинд савдогарлари Бухоро бозорларидан Россиядан келтирилган маҳсулотлар, маҳаллий матолар,зарбоф тўнлар, қорабайир отларни харид қилганлар. Амирлик савдогарлари Хитой, Шарқий Туркистон билан ҳам савдо-сотиқ алоқалари олиб борган. Хитой билан савдо алоқалари Қўқон хонлиги орқали олиб борилган бўлиб, Хитойга пахта, қоракўл тери, турли хил ҳунармандчилик маҳсулотлари етказиб берилган. Ўз навбатида Хитойдан кўплаб ипак матолари ва чинни буюмлар келтирилган.

XIX аср бошларида бошланган ва унинг 40-50 йилларидан бошлаб жиддий равишда кучайган Россия ва Англиянинг Ўрта Осиё, жумладан, Бухорога нисбатан қизиқиши, амирлик иқтисодий ҳаётига уларнинг кириб келиши, ўз навбатида Бухоро амирлигида ишлаб чиқариш муносабатларининг жадал суръатлар билан ўсиши ҳамда ишлаб чиқаришнинг ривожланишига олиб келди. Маҳаллий ҳунармандлар, савдогарлар, умуман ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча тармоқ эгалари ишлаб  чиқаришга бўлган муносабатларини ўзгартирдилар. Манбалар тили билан айтганда, “Ўрта Осиё хом ашёси ва унинг баъзи бир маҳсулотларига талаб кучая бошлади. Бундан рағбатланган маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқлари имкониятлари борича ўз жамоаларида ишлаб чиқариш муносабатларини қайта қуришга ҳаракат қилдилар”.

Бунинг натижаси ўлароқ, XIX аср ўрталарига келиб, талабдан ортиқча маҳсулот ишлаб чиқариши туфайли бухорлик савдогарлар ташқи савдо алоқаларини кучайтирдилар. Хусусан, бухоролик савдогарлар Россияга кўпроқ пахта ва ипак газлама маҳсулотларини олиб бориб, Россиядан темир ва мис келтира бошладилар. Ҳунармандчилик маҳсулотлари кўплаб Ҳиндистон, Эрон ва Хитойга чиқарилиб, бу ҳудудлардан асосан қимматбаҳо металлар келтирилган.

Солиқлар.Бухоро амирлигида энг асосий солиқ бу ердан олинадиган хирож солиғи эди. Бу солиқ амлокдор ва оқсоқоллар иштирокида ҳосил пишиб етилган пайтда ҳосилга қараб белгиланган.  Ҳажми эса ҳосилнинг учдан, тўртдан айрим ҳолларда бешдан бир қисми кўринишида бўлган. Деҳқонлар амлокдор учун ўн ботмон ердан ярим пуд кафсан солиғини, доруғалар учун кафсани доруға(ҳосилнинг кам ҳажмдаги маълум қисми) ҳам тўлаганлар. Ундан ташқари амир далаларни айланганда, ҳарбий ҳаражатлар пайтида ҳам қўшимча солиқ ва тўловлар олинган.

Қонуний ер солиғидан ташқари ер эгалари ҳар бир таноб боғ ёки томорқадан махсус таноб пули ва ем-хашак етиштирадиган ерлардан алаф пули олинган. Улар умумий номда танобона деб ҳам юритилган. Бу солиқлар ерларнинг бозор жойлашган жойга узоқ яқинлигига қараб ҳажм житҳатдан фарқ қилган. Амир Насрулло даврида амирликнинг солиқ тизимига бироз ўзгартиришлар киритилади. Яъни, полиз экинлари экиладиган ерлар учун қўш пули жорий этилган. Кейинчалик бу солиқ полиз экинлари экмайдиган бошқа ерларидан ҳам олинадиган бўлган.

Амирликдаги яна муҳим солиқлардан бири – закот эди. Закот давлатнинг мол-мулкидан оладиган солиғи бўлиб, мол-мулк нархининг қиркдан бир ҳажмида ундирилган. Бу солиқнинг энг даромадли томони маҳсулотларга солиқ солиш, шунингдек, савдогарларнинг маҳсулот учун олиб келган пулларига солиқ солиш бўлган. Закот маҳсулотлардан бир неча марта ундириб олинган. Чорвачилик туманларида закот маҳсулот кўринишида (бешта туядан битта қуй ёки эчики, қирқта қуйдан битта қуй ёки эчки каби) ундирилган.

Урушлар даврида фавқулодда солиқ – жул  ундирилган. Ундан ташқари савдо-сотиқдан даллоли, бошқа вилоятлар ва давлатлардан олиб ўтилаётган маҳсулотлар учун бож, дарёдан маҳсулотни қайиқда олиб ўтгани учун сув пули, бозордаги савдо жойи учун пули тахтажой, бир жуфт омоч тортадиган от ёки ҳўкиз учун яксара (бир ботмон ғалла), омоч тортадиган битта от ёки ҳўкиз учун нимсара (ярим ботмон ғалла) каби солиқлар олинган. Янги ариқлар ва каналлар қазиш эскиларини тозалаш учун маҳаллий аҳоли ҳашарларга жалб этилган. Оммавий жамоат ишларига иштирок этмаганлардан шариатга кўра, боқипули деб аталаувчи жарима олинган. Солиқлар, тўловлар ва жарималар пул ва маҳсулот кўринишида, маҳаллий солиқ йиғувчилар ҳамда амир тайинлаган кишилар томонидан йиғиб олинган.

Амирликдаги маданий ҳаёт. XVIII асрнинг охирларига келиб амирликда иқтисодий ҳаётнинг бирмунча юксалиши маданий ҳаётга ҳам таъсир этмасдан қолмади. Айниқса,илгариги даврларда шаклланган мактаб ва олий таълим берувчи мадрасалар фаолияти бу даврда анча юксалади. Бошланғич таълим берувчи мактаблар амирликнинг барча йирик қишлоқларида, шаҳарларининг барча маҳаллаларида иавжуд бўлиб, бу мактабларда болаларнинг дастлабки саводи чиқарилган. Мактабларда араб алифбосида савод чиқарилиб, қуръоннинг дастлабки оятлари ёдлатилган. Шариатга оид дастлабки сабоқлар берилган.

Мадрасалар амирликнинг барча шаҳарларида мавжуд эди. Мадрасаларда ўқитиш игариги даврларда бўлганидек уч боқичда, 1) паст қадам, 2) миёна (ўрта) қадам ва 3) пешқадамда амалга оширилиб, етти йил давом этган. Мадраса ўқитувчилари-мударрислар ва бошқа хизматчилар маошлари, талабалар нафақалари, кутубхона харажатлари, таъмирлаш ишлари ва бошқаларга кетадиган маблағлар вақф ерларидан келадиган фойда ҳисобидан қопланган. Мадрасалар одатда ҳукмдорлар, амалдорлар, нуфузли шахслар, йирик дин пешволари ва савдогарлар томонидан кўп ҳолларда пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб қурилган. Уларнинг биринчи қаватида мачит,қироатхона ва кутубоналар, иккинчи қаватида эса талабалар яшайдиган ҳужралар жойлаган.

Мадраса талабалари диний билим бўлган Қуръони Карим, фиқҳ, шариат асослари, диний-ахлоқий адабиётлар билан бирга тил, адабиёт тарих, фалакиёт, мантиқ, фалсафа, хандаса(математика) каби дунёвий ва аниқ фанлардан ҳам таълим олганлар. Шунга қарамасдан, бу даврда мадрасаларда диний-ахлоқий таълимга асосий эътибор қаратилиб, дунёвий таълим бериш нисбатан орқада қолган эди.

Бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган  меъморчилик ёдгорликлари ҳамда  ёзма манбалар амирликда адабиёт, тарих, хаттотлик ва мусиқа санъати, меъморчилик ривожланганлигидан далолат беради.Демак, Амир Ҳайдар саройида мунши (амир котиби) лавозимида хизмат қилган Мирзо Содиқ Мунший XIX аср бошларидаги адабий муҳитнинг кўзга кўриган намоёндаларидан бири эди. Ундан мерос қолган шеърий Девон — “Девони     Содиқ Мунший” ҳамда шеърий усулда битилган тарихий асари унинг адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини кўрсатади.Бу даврда амирликнинг турли шаҳарларида яшаб ижод илган кўплаб шоирлар (шоир Ҳозиқ, шоир Мужрим ва бош.) ижодида халқпарварлик, жабр-зулмга қарши исёнкорлик кайфияти кучли бўлиб, улар кўп ҳолларда ҳукмдорлар ва амалдорлар томонидан қувғинга олинган. XIX аср адабаиётида Шавқий тахаллуси билан шеърлар ёзган каттақўрғонлик Муҳаммад  Шариф, “Чор дарвиш”, “Мафилоро”, “Тўтинома” каби асарлар муаллифи Мулла Қурбон Хиромий ва бошқалар катта роль ўйнаганлар. Шунингдек, бу даврда Аҳмад Дониш, Очили Мурод Мирий Катта Қўрғонийлар ҳам адабиётга хос бўлган асарлар яратганлар.

Бу даврда яратилган тарихий асарларнинг кўпчилиги ҳукмрон манғитлар сулоласи тарихига бағишланган бўлиб, уларда  ўрта асрлар тарихнавислигидаги анъаналар давом эттирилгани кузатилади. Амирликда яшаб ўтган илм-фан намоёндаларининг фаолияти кўп қиррали бўлиб, уларнинг аксарияти тарихий асарлар ҳам яратганлар. Хусусан, Мулло Ибодулланинг “Тарихи амир Ҳайдар”, Муҳаммад Шарифнинг “Достони амирони  манғит”, Мир Олим Бухорийнинг “Фатҳномаи султоний”, Мирзо Абдулазим Сомийнинг “Тарихи салотини манғития”, “Даҳмаи шоҳон”, Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Нақининг “Тожу тавориҳ”, Аҳмад Донишнинг “Манғитлар хонадони ҳукумдорлари тарихидан қисқача рисола”, Мирзо Содиқ Муншийнинг “Манғит ҳукмдорлари тарихи” кабилар шулар жумласидандир.

Амирликнинг маданий ҳаётида ҳаттотлик ҳам муҳим ўрин эгаллаган эди. Бу даврда Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби шаҳарларда ҳаттотлик матаблари мавжуд эди. Ўз касбининг устаси бўлган моҳир ҳаттотлар давлат ва хўжалик  ҳужжатлари тайёрлашда, илмий-бадиий асарлар ёзиш ва кўчиришда меъморий иншоотларга турли ёзувлар (Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматлар)ни чиройли нақшлар тарзида битишда машҳур бўлганлар.

Бу даврда амирликнинг Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Ғузор, Катта қўрғон, Деҳнов каби кўплаб шаҳарларида масжид ва мадрасалар бунёд этилган. Бухородаги Домулло Турсунжон мадрасаси, Худойдод меъморий(масжид,мадраса ва сардоба) мажмуаси,Эрназар элчи мадрасаси, Қаршидаги Али ва Мир Муҳаммад мадрасалари шулар жумласидандир. Ундан ташқари бу даврда шаҳарларда кўплаб ихтисослашган ёпиқ бозорлар, карвонсаройлар, ҳаммомлар, йўллар бўйларида сардобалар бунёд этилган.

Хуллас, Ўзбекистон давлатчилиги тарихида Бухоро амирлиги давлатининг ҳам ўз ўрни ва мавқеи бўлиб, манғитлар ҳукмронлиги даврида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда қатор юксалишлар бўлиб ўтди. Аммо, мамлакат иқтисодий жиҳатдан қудратли ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкам эмас эди. Кўп ҳоллардаги иқтисодий танглик, сиёсий беқарорлик, ўзаро низолар XIХ асрнинг иккинчи ярмида давлатнинг катта ҳудудларини Россия томонидан босиб олинишига сабаб бўлди. Бухоро амирлари 1920 йилга қадар Россияга вассал ҳолатда тахтни эгаллаб турдилар.

Бухоро амирлигидаги манғитлар сулоласи ҳукмдорлари (1747-1920 йй.)

  1. Муҳаммад Раҳимбий – 1747-1758 йй.
  2. Дониёлбий – 1758-1785 йй.
  3. Амир Шоҳмурод – 1785-1800 йй.
  4. Амир Ҳайдар – 1800-1826 йй.
  5. Амир Ҳусай – 1826 й. Икки ярим ой.
  6. Амир Умар – 1826 й. Тўрт ой.
  7. Амир Насрулло – 1826-1860 йй.
  8. Амир Музаффар – 1860-1885 йй.
  9. Амир Абдуллаҳад – 1885-1910 йй.
  10. Амир Олимхон – 1911-1920 йй.
Бухорода ёнғин. Қизил армия ҳужуми оқибати (аэропланда олинган сурат)
Бухорода ёнғин. Қизил армия ҳужуми оқибати (аэропланда олинган сурат)

Боҳодир Эшов,
«Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихи»,
Тошкент-2012

Суратлар «Таджикистан в картинках» сайтидан олинди.

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Post Views: 46 Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *