БЎРИЖАР (Бўржар) – канал, Бўзсувнинг чап тармоғи. Оқтепа ГЭС юқорисидан бошланади. Узунлиги 5,4 км, сув сарфи 33 м3/с. Чилонзор ва Яккасарой туманлари ҳудудидан оқади. Бобур, Муқимий, Чўпонота, Фарҳод, Дўмбиробод кўчаси ҳамда Катта Ўзбекистон тракти, Тошкент – Самарқанд темир йўлини кесиб ўтиб, Салор каналига қуйилади. Каналнинг ўзани чуқур бўлиб, қирғоқлари тик. Баъзи жойларида қирғоқ ёнбағирларининг баландлиги 20–25 м га етади, қуйи оқимига борган сари пасайиб, 8–10 м га тушиб қолади. Каналда 5 та кўприк бор.
БЎРИЖАР ГЭС (Туроб Тўла кўчаси) – Тошкентнинг Бўзсув каналида қурилган 3-гидроэлектр станция. 1936 йил майда ишга туширилган. Қуввати 6,4 минг кВт. Унинг ишга туширилиши Тошкент шаҳри саноат корхоналари ва аҳолисини электр энергияси билан таъминлашни яхшилади. Бўзсув каналида ишлаб турган ГЭСлар Ўрта Осиёда биринчи энергия тизимини яратишга имкон берди. Бўрижар ГЭС Чирчиқ–Бўзсув трактида қурилган ГЭСлардан бири саналиб, у тўла автоматлаштирилган, ягона диспетчерлик пунктидан бошқарилади.
«БЎРИЖАР» МАҲАЛЛАСИ (20-мавзе, 9) – Чилонзор туманидаги маҳалла. «Ботирма», «Кичик Хирмонтепа», «Хирмонтепа», «Яккатут», «Хайробод», «Мевазор» маҳаллалари ҳамда Илонликота қабристони билан чегарадош. Ўтмишда бу ерлар «Бўрижар» деб аталгани учун 1970 йил маҳаллага шу ном берилган. Аҳолиси 3960 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 10 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди (2009). Маҳалла ҳудудида 8 озиқ-овқат дўкони, дорихона, кафе, стоматология поликлиникаси, банк мавжуд.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил