Бош саҳифа » Бешёғоч

Бешёғоч

БЕШЁFОЧ, Бешоғоч – ўтмишда Тошкентдаги тўрт даҳадан бири. Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида (19-аср) Зангиота даҳаси номи билан қайд этилган. Баъзи олимлар (Ҳ.Ҳасанов) фикрича, қадимги туркий узунлик, масофа ўлчови – оғочдан олинган. (1 оғоч – 7 – 8 км). Шу асарда даҳа номи бешёғоч қавми, тоифаси номидан олингани айтилган.
Бешёғоч Тошкентнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Кўкча, Себзор, Шайхонтоҳур даҳалари билан туташ бўлган. Бешёғочнинг чегараси шимоли-ғарбдан Қуйи Бўзсув бўйлаб (ҳозирги Маннон Уйғур ва Самарқанд дарвоза кўчалари оралиғидан), шарқ тарафдан Бешёғоч – Ҳадра йўналиши бўйлаб (ҳозирги Фурқат кўчасидан) ўтган. Даҳанинг жанубий томонида боғ-роғлар жойлашган. Бешёғоч ҳудудидан Чуқуркўприк ва Захариқ жарлик-сойлари ўтган. Бешёғочдаги меъморий ёдгорликлардан Абулқосим мадрасаси машҳур. Даҳада шаҳарнинг уч дарвозаси (Самарқанд, Камолон, Бешёғоч), 75 масжид, 3 мадраса (Абулқосим, Хожа Аҳрор, Кўкалдош), кўплаб хумдонлар бўлган. Рус шарқшуноси Н.Маевнинг маълумотига кўра, 1876 йилда Бешёғочда 1400 хонадон (12450 киши) яшаган.

Бешёғоч ўзининг боғлари, мискарлик буюмлари билан шуҳрат қозонган. Б.нинг Самарқанд дарвозасидан бир фарсах (6–7 км) нарида Зангиота (Чўпонота) жойлашган. 19-а. ўрталарида бу ерда Б.ликлар ҳар йили қовун сайли ўтказишган. Бўзсув даҳани 2 қисмга ажратган, сўл қирғоғининг айрим қисмигина Кўкча даҳасига тегишли бўлиб, унда кўнчилик з-䬬лари ва боғлар жойлашган.

Бешёғоч даҳаси Анҳордан сув оладиган бир қанча ариқлардан сув ичган: Жартегирмон – даҳанинг Чорсу, Қўйбозор, Мирлар, Сузукота маҳаллаларидан оқиб ўтиб, Сузукотада янги ном – Кичик Бўзсув номи билан аталиб, шимолга Самарқанд дарвоза томон оқиб, девор тагида чуқур жарлик ҳосил қилган, кейинчалик Тошкентнинг энг хушманзара жойларидан оқиб ўтиб, Бўзсувга қуйилган; Катта Танишар – Чуқуркўприк, Дархон ва Чақар маҳаллаларини суғориб, Бўзсувга қуйилган. Бу 2 ариқ орасида Анҳордан чиқадиган Кичик Танишар ариқ Ўқчи, Эскиўрда, Қоратош, Кўкмасжид, Сарфароз, Жирлик масжиддан оқиб ўтиб, Сузукота маҳалласида изи йўқолган; Арпапоя – Арпапоя ва Терс маҳаллаларидан ўтиб, Катта Танишарга қуйилган; Қубурариқ шаҳар дарвозасидан ташқарида Анҳордан бошланиб, Камолон дарвозаси ёнидан шаҳар ичига кирган ва Янги, Камолон, Чақар ва Эшонгузар маҳаллаларини суғорган, сўнгра Катта Танишарга қуйилган; Алам — дор – шу номдаги авлиё қабри ёнидан бошланиб, шаҳарга Камолон ва Самарқанд дарвозалари ўртасидан кирган. Эшонгузар ва Самарқанд маҳаллаларини суғориб, Катта Танишарга қуйилган. Бу ариқлар даҳадаги кўчалардан ўтган кичик ариқчаларнинг асоси ҳисобланган. Бешёғоч даҳасининг боғ ва экинзорлари Бўржар (Анҳорнинг жанубий тармоғи) ва Захариқлардан сув ичган, улар Бўзсувга қуйилган.
Бешёғоч даҳасида 3 та карвонсарой ҳамда Кичик Танишар ариғи бўйида жойлашган 13 та тегирмон бўлган. Даҳа аҳолисининг асосий машғулоти деҳқончилик, боғдорчилик, ғишт қуйиш, ҳунармандчилик (этикдўзлик, бўёқчилик, темирчилик, чилангарлик) ва баққолликдан иборат бўлган. Даҳада 8 та бозор бўлиб, улар Баландмасжид, Зевак, Терсариқ, Сарфароз, Янги, Эшонгузар маҳаллаларида, шунингдек, 2 таси Чорсуда жойлашган. Чорсуда 2 бозор: қўй бозор ва туя бозор бўлиб, Эшонхон мадрасасининг вақф ерларини ташкил этган. Бешёғочдаги мадрасаларнинг ҳар бирида 60 тадан 100 тагача муллавачча ўқиган. Бундан ташқари даҳада 16 та уй мактаби, шунингдек, ҳар бир масжид қошида биттадан мактаб мавжуд бўлган. Ҳар 15 хонадонга 1 та мактаб тўғри келган.
Чор Россияси қўшинлари шаҳар деворини Камолон дарвозаси олдидан ёриб кириб (1865 йил), Камолон тепалиги ва Камолон кўчаси бўйлаб шаҳарга ҳужум қилганлар.
Мустақиллик даврида Бешёғоч тубдан реконстуркция қилиниб, ободонлаштирилган.
20-аср бошларида Бешёғочда 75 та маҳалла бўлган:
Андижон
Арпапоя 1
Арпапоя 2
Бадрбой
Баландкўприк
Баландмасжид
Бойкўча
Болтабой
Бўйрабозор
Ганчхона
Гулбозор (Чорсу бозори маҳалласи)
Гуручбозор (Чорсу бозори маҳалласи)
Дархон
Ёпуғли (Ёпуғлимозор) (бир қисми Шайхонтоҳур даҳасида)
Зангиота
Зевак
Зироатфуруш (Чорсу бозори маҳалласи)
Жирлимасжид
Жомемасжид (Матжоме, Масжоме) (Чорсу бозори маҳалласи)
Калавабозор (Чорсу бозори маҳалласи)
Камолон — 1 (Катта Камолон)
Камолон — 2 (Кичик Камолон)
Каппон (Каппон бозор) (Чорсу бозори маҳалласи)
Катта маҳалла (Тепа, Янгикалон)
Кўкмасжид
Лайлак (Лайлакхона)
Маҳкама (Чорсу бозори маҳалласи) (бир қисми Кўкча, Себзор даҳаларида)
Маъдалихон
Мирзағози
Мирлар
Мурод
Отабойҳожи
Поякилик (Чорсу бозори маҳалласи) (бир қисми Себзор даҳасида)
Самарқанд дарвоза
Сарфароз
Сорчабон
Сирлимасжид
Сузукота
Темирчи (Темирчилик) (Чорсу бозори маҳалласи)
Тешавой
Тиканлимозор
Хонақоҳ (Хонақоҳи бузург) (бир қисми Кўкча даҳасида)
Хўжамаҳалла
Чархкамолон 1
Чархкамолон 2
Чақар (Бешёғоч кўчасида)
Чақар (Самарқанд дарвоза ғарбида)
Чорсу (Чорсу бозори маҳалласи)
Чуқуркўприк
Чуқуркўча
Эскинамозгоҳ
Эски Ўрда (Кўҳна Ўрда)
Эшонгузар 1
Эшонгузар 2
Эшонгузар 3
Эшонгузар 4
Ялангқор 1
Ялангқор 2
Янгимаҳалла
Янгихонақоҳ
Янгиқаландархона
Ўзбекмаҳалла
Ўроқчилик (Чорсу бозори маҳалласи)
Ўқчи
Ўқчидарвоза
Қабсота
Қаландархона
Қозинизомитдин
Қоратош
Қубурариқ
Қўрғонтаги
Қўшмозор
Қўғирмоч
Fўзабозор (Пахтабозор) (Чорсу бозори маҳалласи)
Fишткўприк

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Битта мулоҳаза

  1. Бешоғоч — 35-40 км, юза назарда тутилганми ёки даҳанинг бир тарафга узунлигими, бу яна савол

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*