Бош саҳифа » Тошкентнома » Бешёғоч даҳаси. Қозиробод, Бойкўча маҳалласи, Дўмбиробод, Чилонзор

Бешёғоч даҳаси. Қозиробод, Бойкўча маҳалласи, Дўмбиробод, Чилонзор

Жоме Масжиди (1451). Тошкент шаҳрининг ҳозирги Гулбозор маҳалласи ҳудудида бутун Туркистон ва Хуросонда пири муршидлардан бири даражасига кўтарилган, номи бутун ислом дунёсида улуғланган Хожа Аҳрор томонидан қурилган. Масжид ўз даврининг салобатли ва муҳташам биноларидан ҳисобланиб унда Жума ва Ҳайит намозлари, хутбалар ўқилган, диний маърузалар тингланган. 1454 йилда яна Хожа Ахрор томонидан жоме масжиди рўпарасига мадраса қурдирилган. Мустақиллик йилларида нураб қолган бу масжид биноси бузилиб, ўрнига замонавий янги масжид биноси қад кўтарди.

Қозиробод ҳозир Чилонзор туманидаги маҳалла. Шаҳар қозикалони Боқихон қози ёрдамида қўшимча кичик дарвоза очилганидан хурсанд бўлган халқ, мавзеларига борадиган йўлни ободонлаштириш мақсадида катта ҳашар уюштирадилар. Халқнинг бу ташаббусидан илҳомланган қози халқни ҳамма тарафлама қўллаб туради. Чойхона, савдо ва турли ҳунармандчилик дўконлари қурилади. Абулқосим авлодларининг гапларига қараганда, бу кўча ва мавзенинг Қозиробод номини олиши шундан.

Бойкўча маҳалласи. Даҳанинг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Гилистон, Мўркон, Хўжа маҳалла ва Чақар маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳаллада катта ер эгалари, савдогарлар ва бошқа мулкдорлар яшаган. Номи шундан.

Дўмбиробод ҳозир Чилонзор туманидаги маҳалла. (бу жой қадимда даҳанинг мавзеларидан бири бўлган). Айрим маҳалла оқсоқолларининг гапига қараганда, дастлаб мавзе гузарида Мирсоат номли қассоб дўкон очиб иш бошлаган. Ҳар мол сўйганида унинг ақли заиф ўғли дўмбира чалиб турган. Дўмбира овозини эшитган аҳоли гўшт олиш тараддудида гузарга отланишган. Шунингдек, Мирсоат ниҳоятда семиз бўлган. Мавзенинг у ёки бу сабабга кўра Дўмбиробод номини олиши шундан.

Чилонзор Бешёғоч даҳасининг мавзеларидан бири бўлган. Чилонзор туманидаги Чилонзор қабристонининг тарихий номи «Жилонота қабристони» деб юритилган. Қабристонда XIII асрга оид Жилонота мақбараси бор.

Ривоятларга кўра Жилонота табобатдан яхши хабардор инсон бўлиб, шифобахш ўсимликлар, жумладан, «чилонжийда» (бу ўсимлик меваси қон босими касаллигига даво ҳисобланади) дарахтлари билан бурканган боғ барпо қилган.

Халқимизда чилонжийда, гоҳо талаффузида «Жилонжийда» ҳам учраб туради. Мавзенинг Чилонзор деб аталиши шундан деган фикрлар ҳам бор.

Чилонзор Оқтепа IV-XI асрлар археологик ёдгорлиги. Тошкентнинг жанубий-ғарбий қисмида, Бўзсув канали бўйида жойлашган. Ёдгорликнинг баландлиги 15 метрлик тепалик бўлиб, атрофида қадимий қишлоқ харобалари жойлашган (1940 йил А.И.Тереножкин қайдномаси). Қазилмалар натижасига кўра ундаги иморат хом ғишт ва пахсадан солинган қаср бўлганлиги, ҳамда оташпарастларнинг истеҳкомли ибодатхонаси эканлиги аниқланган. Мавжуд манбалар Чочда аждодлар руҳига сиғиниш кенг тарқалганлигидан ва ибодатхона шу мақсад учун мўлжалланганлигидан далолат беради.

Бу жой VII-VIII асрларда Чоч вилояти маркази (Мингўрик деб аталмиш археологик ёдгорлиги)нинг атрофида жойлашган истеҳкомларидан бири бўлиб, гавжум бўлган йирик зиёратгоҳлардан бири ҳисобланган. Араб халифалиги истилосидан сўнг бу ер бир қанча вақт зардуштийлик удумлари бўйича дафн этиш жойи бўлиб хизмат қилган, сўнгра харобага айланган. Бу ерда кичик қишлоқ шаклланган даврда (Х-ХI асрлар) харобалар атрофида ҳаёт тикланган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

 

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *