Бош саҳифа » Тарих » Анвар Пошо: «Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарларини олиб чиқиб кетилгандан кейингина бўлиши мумкин…Бу ер русларники эмас, балки туркий халқларнинг асл юртидир»

Анвар Пошо: «Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарларини олиб чиқиб кетилгандан кейингина бўлиши мумкин…Бу ер русларники эмас, балки туркий халқларнинг асл юртидир»

Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Оҳ, қандай хайрсиз замонлар келган.
Фарёдим дунёни бўғиб ўлдирсин,
Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсин.
Чўлпон

Пошо

Анвар Пошо 1881 йилнинг июнь ойида Истанбулда таваллуд топди. Ҳарбий билим юртида, кейинроқ Истанбул Бош Штаб академиясида таҳсил олган. 1909-1911 йилларда Берлинда Ҳарбий атташе лавозимида хизмат қилган. Туркия, Македония, Кавказ, Германия, Россия ҳамда ҳаётининг сўнгида Туркистондаги сиёсий жараёнларда қатнашган.

Ёш турклар инқилобий уюшмаси ташкилотчиларидан бири, «Иттиҳод ва Тараққий» партияси асосчиси ҳамда раҳбарларидан бири сифатида машҳур. 1908 йилда Туркияда давлат тўнтарилишига раҳбарлик қилиб, Султон Абдулҳамид ИИ ҳокимиятини ағдарган ҳамда мамлакатда конституцион монархия тузумини ўрнатган. Ёш турклар ҳокимиятни қўлга олгач, Анвар Пошонинг нуфузи, обрўси, таъсир доираси ўсиб боради. У чет эл империализми томонидан пухта режалаштирилган, Туркияни тиз чўктириш ва бўлиб юборишга қаратилган ҳаракатини барбод этган шахслардан бири сифатида тарихга кирди. 1913 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг Анвар Пошо Ҳарбий вазир лавозимини эгаллайди.

Анвар Пошо ва большевиклар

Биринчи жаҳон урушида Германия билан иттифоқ тузиб, урушда Турк қуролли кучларига қўмондонлик қилади. Урушда Германия ва Туркия мағлубиятга учрагач, Ёш турклар ҳокимиятига чек қўйилади. Анвар Пошо Жамол Пошо, Талъат Пошо ва бошқа сафдошлари билан Германияга кетади.

Анвар Пошо сиймосида монархияга қарши оташин курашчини кўрган Россия ҳукумати ундан Туркистонда инқилобий ҳаракатларни кучайтириш ҳамда аксилшўровий кучларни бостириш йўлида фойдаланмоқчи бўлиб, унга сиёсий бошпана беради.

Большевиклар ундан қандай мақсадда фойдаланмоқчи бўлганини Анвар Пошо тез фурсатда тушуниб етади. Зеро у русларнинг Туркистондаги қилмишларини, халқни, дини исломни оёқости қилаётганларини ўз кўзи билан кўрганди.

Анвар Пошо 1920 йил центабрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойида иштирок этади ва ўз Баёнотини эълон қилади. 1921 йил февралда эса Москвада «Мусулмонларнинг инқилобий жамияти Иттифоқи» қурултойини ўтказади.

Туркистон миллий-озодлик ҳаракатида

Ана шу тадбирларнинг ҳаммасида қатнашган Салимхон Тиллахоновнинг «Сиз Туркистоннинг келажагини қандай тасаввур этасиз?» деган саволига Анвар Пошо «Босмачилик ҳаракатини ташкилий жиҳатдан уюштириб, бир йўлга солмоқ керак!», деб жавоб берган.

С.Тиллахоновнинг ёзишича, Мунаввар Қори ўша учрашувлардан сўнг: «Биз Шарқ халқлари қурултойи билан бир қаторда ўзимизнинг қурултойимизни ўтказдик», деб айтган экан.

Туркистондаги аҳволнинг ўта оғирлигини сезган Анвар Пошо ўзининг Хожи Сомийбек, Набибек, Ҳамибек ва бошқа сафдошлари билан Бухорога келиб, Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати билан яқиндан танишади.

Анвар Пошо бутун Туркистон халқига Мурожаатнома эълон қилиб, уни қуйидаги сўзлар билан бошлайди:

«Орқадошлар! Туркистоннинг муқаддас даъвоси йўлида олиб борилаётган курашга мен ҳам қўшилгани келдим…

… Туркистон (Ўрта Осиё) ила Усмонли Турклари орасиндаги алоқа узун йиллар аввал узилмиш. Агар мен Усмонли қўшинларининг бош қўмондони ўлароқ Туркистонга келсам ва Туркистон истиқлоли йўлинда вафот этсам, биз Усмонли ва Туркистон ўртасидаги кўприкни қурган бўламиз…”

Бош қўмондон

У бир қанча жангларда стратегик салоҳияти билан ғалаба қозонди. Жумладан, 1922 йил 22 январда Душанбеда саккиз минг нафарлик шўро армиясига қарши бир минг беш юз йигити билан жанг қилиб, ғалаба қозонганининг ўзиёқ унинг қанчалик юқори ҳарбий салоҳиятга эга бўлганини кўрсатади.

1922 йил 28 март куни Амир Олимхондан барча қўшинларга Бош қўмондон этиб тайинлангани ҳақида иноятнома олади. 15 апрелда эса қўрбошилар Анвар Пошони қўрбошиларга сиёсий раҳбар ва қўмондон этиб сайлайдилар. Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон ҳам уч юз кишилик сарбозлар ҳамроҳлигида совға сифатида яроғ юборади.

Шундан сўнг Анвар Пошо Бош қўмондон сифатида Большевиклар ҳукуматига Шўро қўшинларини Туркистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида ультиматум юборади. Улар Анвар Пошонинг бу талабига қарама-қарши ҳар хил ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб боришни ўз олдиларига асосий вазифа қилиб қўяди.

РКП (б) Марказий комитети Бухоро ва Фарғона бўйича И.В.Сталин, Чичерин, Куйбишев ва Файзулла Хўжаевлар томонидан ишлаб чиқилган қарорни қабул қилади. Унга кўра Бухоро ва Фарғонада истиқлолчиларга қарши курашаётган фронтлар бирлаштирилиб, мусулмон аҳолиси орасида сиёсий иш олиб бориш, маҳаллий аҳолига ён бериш, тавба қилган «Босмачилик ҳаракати» йигитларини озод этиш, қўрбошилар орасида нифоқ чиқариш, турли иғволар тарқатиб истиқлолчилар сафини бўлиб ташлаш каби масалаларни асосий вазифа қилиб олдилар. Бунга эришдилар ҳам.

Иброҳимбек билан Анвар Пошо ўртасидаги таранглашган мураккаб вазият бунинг исботидир. Қизил армия катта куч билан қилган ҳужуми пайтида Иброҳимбек қарийб 10 минглик сараланган қўшинини Бойсундан олиб чиқиб кетиши ҳамда Анвар Пошога бўйсунмаслигини билдириб, исён кўтариши изоҳ талаб этмайдиган ҳақиқатдир.

«Бизлар хурсандлик билан бу йўлда қонимизни тўкиб, жон беришдан қайтмаймиз…»

Анвар Пошо истиқлолчилар курашига раҳбарлик қилар экан, у дипломатия воситаларидан тўлиқ фойдаланар, большевик раҳбарлар билан музокара олиб бориш, қизил аскарларни Туркистондан олиб чиқиб кетишга бутун вужуди билан ҳаракат қиларди. Бу Файзулла Хўжаевнинг танланган асарида айнан қуйидагича келтирилади: Иброҳимбек ва бошқа қўрбошилар номидан Анвар Пошо қизил аскар раҳбарлари номига жўнатган мактубида шундай дейилган: «Ҳақиқий мустақил Бухоро тупроғидаги аҳоли вакиллари бўлган бизлар сизларга маълум қиламизки, сизлар мамлакатимиздан чиқиб кетмагунингизча жангни давом эттираверамиз» – деб бир қарорга келдик. Ҳозирги вақтда беҳуда қон тўкилмасин деб ва одамгарчилик қилиб сизларга мамлакатимиздан чиқиб кетишни таклиф қилаётирмиз. Шундай қилсангиз, сизнинг дўстларингиз бўлиб қоламиз ва ўзимиз ёрдам бериб сизларни очликдан сақлаб қоламиз, акс ҳолда сизлар Ватанингизда очарчиликдан ўлаётган оилаларингиз каби маҳв этиласиз. Ҳозир биз гуноҳкор бўлмайлик деб одам қони тўкишни истамаётирмиз. Лекин халқимизнинг истагига хилоф равишда Ватанимизга бостириб кирган сизлар билан жанг қилишни муқаддас бурчимиз деб биламиз. Бизлар хурсандлик билан бу йўлда қонимизни тўкиб, жон беришдан қайтмаймиз”.

Бундан кўриниб турибдики, бундай талаб ва унинг сиёсат, ҳарбий соҳадаги ғалабалари большевиклар ҳукуматини саросимага солиб қўйди. Шўро ҳукумати 19 апрелда сулҳ тузишни таклиф этади. Россия Ташқи ишлар Халқ Комиссарлигининг 10 кишидан иборат делегацияси Бойсунга келадилар. Агар Анвар Пошо сулҳга рози бўлса, «Дарвоз, Қоратегин, Кўлоб, Душанбе ва Ҳисор каби вилоятларни бирлаштириб, мустақил бир давлат тузиб олиши мумкин»лиги таъкидланган эди. Улар бунинг эвазига Туркистон ишларига аралашмаслик масаласини қўйдилар.

Ов

Анвар Пошо эса русларга «Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарларини олиб чиқиб кетилгандан кейингина бўлиши мумкин», деб кескин жавоб берди.

1922 йил 18 майда РКП (б) МК «Туркистон-Бухоро ишлари ҳақида» махсус қарор қабул қилди. Мазкур қарорда истиқлолчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш, шунингдек, «Анвар Пошони Шарқ халқлари душмани, инглизлар жосуси сифатида халқ онгида фош этиш лозим»лиги қайд этилган эди.

Кураш қизиган 1922 йилда Лениннинг топшириғи, ҳукуматнинг махсус қарори билан Россия Қуролли кучлари Бош қўмондони С.С.Каменев, қизил армиянинг отлиқ кучлари қўмондони С.М.Будёний, А.Н.Тодоровский, В.В.Куйбишевлар кўп сонли қўшин, қўшимча қурол-яроғ билан Туркистонга сафарбар этилади. Анвар Пошо билан шуғулланиш учун Шўро разведкаси Шарқ бўлими бошлиғи арман миллатига мансуб Агабеков махсус гуруҳ билан юборилади. Бу пайтларда Туркистоннинг барча ҳудудларида, айниқса, Фарғона ва Шарқий Бухорода жанглар қизиб кетди. 1922 йил 24 июнга ўтар кечаси Анвар Пошонинг уч минг йигити қўмондон Какуриннинг саккиз ярим минг нафарлик тиш-тирноғигача қуролланган қўшинини ер тишлатди. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бутун бошли бир дивизияни йўқ қилиб ташлади. Хуллас, Анвар Пошо ундан кейин ҳам кўп марта қизил аскарларга қарши муваффақиятли жанглар олиб борди.

Бироқ…

1922 йил 4 август жума, Қурбон ҳайити куни эди. Қурбон ҳайити номози ўқилгандан сўнг, Анвар Пошо ўзининг содиқ сафдошларига қисқача қуйидаги ваъзни қилди: «Мен сизларга ҳозир ҳайитлик тарқата олмайман. Агар бизларнинг қардошлигимиз ҳақида бир неча оғиз сўзлар битилса, мен унга ўз муҳримни қўйиб, бажонидил имзо чекардим. Мен ўйлайманки, бу сўзлар бизнинг озодлик учун олиб бораётган миллий курашимиздаги ҳарбий қардошлик ҳақида бир ажойиб хотира бўлиб қоларди». Бу унинг истиқлол курашчиларига қарата қилган охирги сиёсий васияти бўлиб қолди. Анвар Пошо ўз орқадошлари билан Балжувон тепалигида суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Кутилмаганда қизилларнинг 3 та отлиқ полки, 3 та эскадрони ҳужумга ўтиб қоладилар. Ўртада қиличбозлик жангги қизиб кетади. Орқага чекиниш имконияти бўлсада, Анвар Пошо чекинишни ўзига ор билади. Бир ўзи ўн бир душманни енгади. Қизил аскарларнинг архивларида сақланган бир маълумотда Анвар Пошо ўзининг 100 та сараланган жангчиси билан 18-отлиқлар полкининг, 1-эскадрони устига ташланиб, янчиб ташлайди.

Кутилмаганда орқадан урилган қилич зарби моҳир қўмондонни қулатади. Қилич урган кимса Анвар Пошо қўлида Муҳаммад Ғозий номи билан хизмат қилиб юрган қизиллар жосуси Георгий Каспарян эди.

Анвар Пошонинг шаҳодат суви билан йўғрилган жасади Душанбедан 200 километр узоқликда жойлашган Балжувон кентининг Четан деган жойига дафн этилди. У ўлимидан бир неча кун олдин қизил аскарларнинг бошлиғи О.Акчуринга ёзган мактубида Туркистон унга бегона эмаслигини, унинг аждодлари Туркистондан бориб, Туркияда салтанат қурганликларини, аксинча, бошқалар учун бу юрт бегона эканлигини қуйидагича таъкидлаган эди:

«Бу инсонларнинг томирида оқаётган қон худди меники каби соф туркий қондур. Бу ер русларники эмас, балки туркий халқларнинг асл юртидир».

1996 йил 3 августда Туркия ҳукуматининг қарори билан Анвар Пошо хоки солинган тобут Истанбулга олиб кетилди.

Ҳа, Анвар Пошо ўзининг ота юрти учун курашган, Туркистонни оёқости қилдирмаслик, унинг мустақиллиги ва озодлигини кўриш йўлида ўз жонини тиккан довюрак шахс эди.

Анвар Пошо нафақат турк миллатининг, балки, айни пайтда Туркистон, Ўрта Осиё ўлкаларининг ҳам мард фарзанди десак муболаға бўлмайди.

Шаҳобиддин Яссавий унга ўзининг «Туркистоннинг аччиқ ҳақиқатлари» китобида «Анвар Пошо Ғозий – Буюк қўмондон» деб баҳо беради.

Мансурхўжа Хўжаевнинг «Шермуҳаммад қўрбоши» китоби асосида тайёрланди

Ўхшаш мақола

Ханы, заставившие Китайcких императоров считаться собой (часть 1)

Post Views: 488 …После Нарбута-бия на кокандский престол вступил его старший сын Алим, принявший титул …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *