Бош саҳифа » Адабиёт музейи

Адабиёт музейи

Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (Навоий кўчаси, 69-уй) – дастлаб 1940 йил Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Республика кўргазмаси тариқасида ташкил топган. Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институти бўлими (1944–68), Академиянинг Адабиёт музейи (1968–78), Ҳ.С. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтининг музей бўлими (1979–91). 1991 йилдан Ўзбекистон ФА Адабиёт музейи. 1967 йил Алишер Навоий номи берилган.

Музей биноси меъморий жиҳатдан ўзига хос бўлиб, услуб жиҳатдан бевосита классик шакл ва қисмлардан фойдаланилган (1933–36 йилларда қурилган).

Музейда 30000 дан ортиқ экспонат, ашё ва ҳужжатлар бор (2008).

20-асрнинг 70-йилларида халқ орасига кўплаб экспедициялар уюштирилиб, 2 мингдан ортиқ қўлёзма жамланган. Париж миллий кутубхонаси, Истанбул Тўпқопи саройи кутубхонаси, Оксфорддаги Бодли кутубхонаси ва Ҳиндистондаги фондларда сақланаётган қўлёзмаларнинг микрофильмлари, китобат санъати ва Шарқ миниатюралари ноёб намуналарининг рангли слайдлари олиб келинди.

Музей ЮНЕСКОнинг темурийлар даври санъатини ўрганишга бағишланган халқаро илмий симпозиуми олдидан Ҳамид Сулаймон ташаббуси билан «Бобурнома расмлари» альбомини хорижда нашр этди. Бу альбом 1971 йил Лейпциг шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазманинг совринига сазовор бўлди.

Адабиёт музейида 20-аср ўзбек адабиёти намояндаларининг шахсий архивлари ўрин олган бўлиб, улар асосида илмий тавсифлаш ишлари олиб борилади. «Адабиёт кўзгуси» илмий тўплами мунтазам нашр этилади. Музей 2 йўналиш («Миллий адабиёт тарихи» ва «Адабий манбашунослик ва матншунослик» ихтисосликлари) бўйича ўз аспирантурасига эга (1992 йилдан).

Музейда экспозиция, қўлёзмалар, ўзбек адибларининг архивини тавсифлаш бўлимлари фаолият юритади.

Экспозиция бўлими музей биносининг уч қаватида жойлашган. Унда адабий меросимизнинг, шунингдек, Марказий Осиё маданияти ва санъатининг ноёб дурдоналари намуналари – китоб, миниатюра, хаттотлик, наққошлик, мусиқа ва меъморчилик асарлари қўйилган. Бўлимда 30 дан зиёд экспозиция заллари бўлиб, улар қуйидаги даврларга кўра ажратилган: «Темурийлар даври ўзбек маданияти ва адабиёти тарихи»; «Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди»; «Бобур ва бобурийлар даври ўзбек адабиёти тарихи»; «17–19-асрлар ўзбек адабиёти тарихи»; «20-аср ўзбек адабиёти тарихи». «Қардош халқлар адабиёти», «Ўзбек халқ оғзаки ижоди» хоналари. Корейс адиби Чо Мин Хи ва профессор Ҳ.Сулаймон мемориал хонаси ҳам ушбу бўлим таркибидадир.

Ўзбек адибларининг архивини тавсифлаш бўлимида миллий уйғониш даврининг етук сиймолари – Беҳбудий, Фитрат, Сўфизода, Ҳазиний, Ҳамза, Чўлпон ва бошқалар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи материаллар (картина, турли иншоотлар макети, китоб, қўлёзма нусхалари, дастхатлар ва бошқалар) бор. Кейинги залларда эса Абдулла Қодирий, Айний, Fафур Fулом, Ойбек, Шайхзода ва б. улкан адабиёт намояндалари ҳақида кўргазма материаллари жойлашган.

Музей қўлёзмалар фондида умумий сони 1000 дан ортиқ қўлёзмалар, 2000 га яқин босма китоблар сақланади. Бу, асосан, ўзбек мумтоз адабиёти намуналаридан иборат (Маҳмуд Замаҳшарийнинг «Муқаддамат ул-адаб» асарининг дунёда ягона тўрт тилли қўлёзмаси, Бобурнинг «Мубаййин» асари, Абдураҳмон Жомийнинг «Куллиёти» ва б.). 2001 йил музей қўлёзмалар фонди яна бир ноёб манба билан бойиди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асарининг 17-асрда кўчирилган нодир нусхаси музейга ҳадя этилди.

Музей олимлари томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида қўлёзмалар каталоги тузилган, ўнлаб монография, рисолалар нашр этилган.

Музей олимлари Япония, Жанубий Корея, Эрон, Туркияда ўтказилган илмий анжуманларда маърузалар ва кўргазмалари билан қатнашади. Хорижлик ҳамкасблари билан анъанавий равишда илмий-амалий анжуманлар ташкил этади. Музей илмий ҳамкорликнинг турли соҳаларида муносиб иштирок этиб келиш билан бирга, истиқлолдан сўнг 30 дан ортиқ турли халқаро ва республика миқёсидаги анжуман ва тадбирларда қатнашди. Музей Халқаро музейлар кенгаши (ИКОМ) аъзосидир.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*