Бош саҳифа » Тошкентликлар » Абу Муҳаммад Матроний

Абу Муҳаммад Матроний

Mатроний араб тилида ижод қилган тошкентлик шоир. Матрон сўзи христиан дини руҳонийларининг лавозими, митрополит, архиепископ деган маънони билдиради. Нима сабабдан бу шоир бундай тахаллус олган, бу ҳақда аниқ бир маълумот йўқ. Ўрта асрда етишган арабийнавис шоирлардан Матроний ўткир ҳажвчи шоир бўлган, ҳозиргача унинг 112 байтдан иборат ҳажвий ва лирик шеърлари сақланиб қолган. Унинчи асрнинг йирик адабиётшуноси Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1038) кўрсатишига қараганда, бу шоир X асрнинг ўрталарида яшаб, таҳминан унинг етмишинчи-саксонинчи йилларида вафот этган.

Саолибий бу шоирни ҳурмат билан тилга олиб, «шошлик шоир, у ернинг хуштабиат ва яктоси» деб атайди. Ҳатто «Шош ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларидан бу каби шоир чиқмади», деб таржимаи ҳол соҳиби ижодига юксак баҳо беради.

Саолибий ёзишича, Матроний «саҳоватли ва гўзал мартабали киши» бўлган. У камбағал хаёт кечирган ва тирикчилигини ўтказишга қийналган кўринади шекилли, баъзан-баъзан Бухорога бориб ҳукмдорни мақтаб шеър ёзиб маблағ топишга уринган. Саолибий ёзади: «У баъзан пойтахтга мақтов билан келар ва яхши инъомлар билан қайтиб кетар эди». У барид ходими, яъни почта идорасида хизматчи бўлиб кун кўрган.

Унинг ўша даврда бўлган қаҳатчилик, очарчиликка бағишлаб ёзган шеъри машҳурдир. Очарчилик унинчи асрнинг ўрталарида юз берган. Бухорода бўлиб ўтган қаҳатчилик ҳақида Маторонийнинг буғдой сўраб ёзган шеъри:

Эй ишончга сазовор жаноб, тақдир кемаси
менинг олдимга келиб лангар ташлади.
У туфайли бўғим-бўғимларим бўлиниб кетишига оз қолди.
Менинг ҳаётимни оғирлаштирган уч нарса:
Қаҳатчилик, қашшоқлик ва ишсизлик юнонлар давридан
бошлаб менинг нотиқ имомимдир.
[Баъзи] жаноблар ейиш учун [керак] нарса масаласида
Уялмай мурожаат қилаверадилар, мен эса фойдаланиш
Учун зарур нарсани сўрайдиган кишилардан эмасман.
Лекин яшил ранг буғдойлар ташилиб турган бир пайтда
наҳотки жаноблар [қараб] туришаверса!
Диркиллаб ўтиб келаётган гўзаллардан ҳам чиройли [буғдой]
Адир дон нафс учун энг биринчи дўстку.
Ундан бошқа менга тасалли берадиган [нарса] йўқ,
Уйимдаги тандир қаровсиз, бекор ётибди.
Ошхонам билан дастурхон ташлаб қўйилган, бозор одамсиз,
Унда [ҳеч қандай] овқат йўқ.
Бу йилги танглик [ҳамма ёқни] қамраб олган тангликдир,
Қадр-қиммат ва мол-мулкингни сахийлик билан инъом
қилишни тўхтатмагин.
Умид боғланадиган ва илтимос қилинадиган ҳимматли
Кишиларнинг энг фозили! Дунё тўхтамасин сенга –
Яхшилик қилишни ва сендан яхшилик кутишни, то буғдой
сепилиб, бошоқлар кўтарилмагунча.

Шеърнинг сўзма-сўз таржимаси келтирилди. Маълумки, Матроний ва у каби шоирлар ўзларининг манзумалари ҳисобига кун кечирмаганлар, балки ўзларининг ҳалол меҳнатлари туфайли тирикчилик ўтказганлар. Шу боисдан улар меҳнат билан кун кўриш ва ҳаётнинг оғир-енгилликларига тушуниб етган ва бу турмуш тарзини ўз ижодларида ифодалай олганлар.

Гарчи унинг шеърлари замонасида девон шаклида келган бўлса ҳам, унинг девони сақланиб қолмаган.

Матроний девонини ўз даврида адиб ва шоир, Рай ҳокимининг вазири Соҳиб ибн Аббодга (936-995) кўрсатишганида у киши уни ўқиб ҳайратга тушиб «Мовароуннаҳрда шунга ўхшаш киши чиқишини ҳеч ўйламаган эдим», деган экан.

Бу ҳол ҳам араб тилида ижод қилган ва шеърларни араб тилида ўқий олганларга манзур қила олган Матронийга зўр мақтов эди. У киши шеърлари билан ўқувчисига қанчалик завқ бағишлай олса, насрий асарлари билан ҳам шундай завқ бағишлай олар экан, у шундай иқтидорли, нафис ва моҳир сўз устаси бўлган.

“Матроний,” деб ёзади Саолибий, “одамларни ўз жиддийлиги билан қанчалик хурсанд қила олса, ҳазиллари билан ҳам шунчалик хурсанд қила олар эди.”

Матроний хажвий ва лирик шеърларидан:

Қарилик

Гуркираган чоғларим ўтиб, келди қарилик,
Оқ оралаб сочимга эл аро мен оқ соқол,
Муйсафидлик тонгининг эрта тушган шуъласи,
Ёшлик қарғаларининг учар жойидир алҳол.
Тонг шуъласи порласа, қора қуш ўз уясин
Гуё ташлаб кетгандай хувиллаб қолар, не ҳол.
Кўрар кўзга бу оқ соч бирам шинам нуроний,
Лек келтирган хабари хасрат, зулмат, беиқбол.
Айтсам қора соч ранги равшан қилар кўзларни,
Ғамдан хотиржам айлар, дилга даво баҳарҳол.
Не ажабки, қора ранг сочиб турса доим нур,
Оқ ранг бошин товлайди ранги бўлгандек завол.
Кўзи оғриқ гўзаллар чеккамдаги оқ сочдан —
Нур ахтарар кўзига гўёки бўлиб беҳол.
Шунда келиб рўбару қариликнинг нурига.
Олиб кочгай кўзларин, жон топмас ундан бир ёл
Борди-ю шўх бу кўзлар тушиб қолса бу ёққа,
Энса қотиб дегайким, қоранг ўчкур, тез йўқол!
***
Уйкусиз ошиқ тунни узун билиб ўйланур,
Аммо кечаю кундуз меъёрида айланур.
Севгининг ҳижронида ўтган кеча йилга тенг,
Васлига восил бўлиш мисли бир мудраш бўлур.

Кийикни қурбон этган эйким инсон охуси,
Қуритди бу танамни ташлаб кетиб бедаво.
Қаро кўзлари била оху назар ташлади,
Қўзғади-ку беркинган калбимдаги бу савдо,
Ёшлик унда гўзаллик шуълаларини ёқмиш,
Чунки ёшлик чиройга шуъла берур бебаҳо.
***
Абу Хотам ўз вақтин доим бермайди ишга,
Бор кучини сарф этар ишдан-ишга кўчишга.
Ўлтирса-чи ногиҳон, ишонмагил ҳеч қанон,
Тўхтаса ўлтиришга, дарров тўшар жилишга.
Зўр азаматдир ўзи, қорни тўйиб ётмаган
Нон ботирмай сиркага, боши тегмас болишга.
Барча ишга устомон санайдику ўзини,
Қурби етмас бир ишни удда қила олишга.
Буйруғи зўр, тадбирли ўжар ҳоким мисоли,
Кучи етмас одамнинг ани ҳеч кўзғатишга.
***
Бизнинг Абу Толибнинг оғзи қоринга ўхшар,
Ҳазми оғзида, ютмас неники бўлса чайнар.
***
Навбаҳор ошкор этди беркиниб ётган қишни,
Бермай изн куртакнинг отилмоғига сиртга.
Қиш пушмон ўтганига, ўч олмоққа мухайё,
Қолган ўчу қасдини олмоқ-чун, келди юртга.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси ва унинг аянчли қисмати

Post Views: 3 031 Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилик иши» Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *